«Пахтакор» ОЧЛ аламини «бечора» АГМКга тўкиб солиб, Миржалол Қосимовни истеъфо ҳақида гапиришга мажбур қилди.
«Локомотив» эса Қаршидан 1тагина гол ва 3 очко билан қайтди. Шунингдек, «Сурхон» ўз майдонида аутсайдер - «Қўқон-1912»ни бир амаллаб мағлубиятга учратди. «Бунёдкор»нинг Бекободда жонли футбол эвазига ишончли ютуққа эришганию, «Навбаҳор» ўз майдонида «Андижон»ни енголмаганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
1-КУН: МЕЗБОН - МЕҲМОН БАЛАНСИ
«Динамо» - «Қизилқум» учрашуви шиддат билан бошланди ва 3-дақиқадаёқ мезбонлар дарвозасига пенальти белгиланди. Бу вазиятда Сирож Ҳамроев жарима майдони ичида Элгужа Григалашвилига нисбатан ўйин қоидасини бузди. Лекин жабрланувчининг ўзи 11 метрли жарима зарбасидан фойдаланолмади - «дуэл»да Ботирали Эргашев устун келди. 7-дақиқада эса меҳмонлар ҳисобни очишди барибир. Гол муаллифи - Алишер Саноев. Орадан кўп ўтмай, «динамочилар» Қадамбой Нурметовнинг саъй-ҳаракати эвазига мувозанатни тиклашди. Иккинчи бўлим бошида «Қизилқум» устунликни яна ўз томонига оғдирди. Эътиборлиси, Алишер Саноев яна бўлимнинг 7-дақиқасида Ботирали Эргашевни доғда қолдирди. Учрашувга якуний нуқтани қўйиш захирадан майдонга тушган Амиржон Сафаровга насиб этди. У 75-дақиқада Артём Макосиннинг ожиз нуқтасини топди - 2:2. Захирадан сафга қўшилган яна бир футболчи Дилмурод Каримов кейинги ҳужумдаёқ «Динамо»ни ҳисобда олдинга олиб чиқиши ҳеч гап эмасди, фақат бу вазиятда «Қизилқум»ни дарвоза устуни голдан қутқарди. Хуллас, ҳужумкор футболнинг якуни - муроса. Дарвоқе, Даврон Файзиевбошқарувидаги «Динамо» 5та ўйиндан буён ютқазмаяпти. Самарқандликлар шундан 4тасида дуранг, 3таси 2:2 ҳисобини қайд этишди.
Жорий мавсум «Қўқон-1912»га шунчаки, омад етишмаяпти. Термизга Нўъмон Ҳасановсиз борган водийликлар ортга 1 очко билан қайтишлари ҳеч гап эмасди. Бироқ бу сафар сўнгги дақиқаларда белгиланган пенальти панд берди. Уни аниқ амалга оширган Дарко Станоевич 3 очкони «Сурхон» томон оғдирди. Бунга қадар қўқонликлар Абдулазиз Юсуповнинг бош билан урган тезкор голига Қувондиқ Рўзиев - Суҳроб Бердиев комбинациясидан чиройли тарзда жавоб беришганди. Умуман, бутун вақт давомида майдонда тенг кураш борди. Аммо якунда «Қўқон-1912» яна бир аламли мағлубиятни тан олди. Буниси кетма-кет қайд этилган 3-омадсизликдир. Қолаверса, жамоанинг ғалабасиз серияси 5та ўйинга етди. «Сурхон» аксинча, қаторасига 3-ғалабани расмийлаштирди.
«Навбаҳор» устози Андрей Канчельскис «Андижон»га қарши кечган баҳсда қайд этилган дурангни меҳмонларнинг жуда кўп вазиятларда вақт чўзишгани ва савиясиз ҳакамлик билан боғлади. Аслида барчасига «лочинлар»нинг ўзлари айбдорлар. Зеро, улар мухлисларнинг тинимсиз олқишлари остида ўйинни фаол бошлашдию, қатор вазиятлардан самара чиқаролмадилар. Хусусан, Абдужамол Исроилов ва Александр Касьяннинг зарбаларига аниқлик етишмади. Андижонликлар эса 18-дақиқада стандарт вазиятдан сўнг ҳисобни очиб олишди. Бунда асосий ишни «Навбаҳор»нинг икки собиқ футболчиси бажарди - Ойбек Қиличев бурчак зарбасини амалга оширгач, Рўзимбой Аҳмедов тўпни боши билан Дилшод Ҳамроев дарвозасига йўллади. Табиийки, шундан сўнг мезбонлар ҳужумкорликни оширишди. Бироқ бу ҳаракатлар анчагача самара келтиргани йўқ. Фақат 79-дақиқага келибгина захирадан майдонга тушган Азиз Ибрагимов навбатдаги ҳужумга мантиқли нуқта қўйди - 1:1. Адолат юзасидан айтиш керак, «Андижон»нинг дуранг билан қайтишида дарвозабон Виталий Мирний ва ҳимоялар катта роль ўйнашди. Тўғри, сўнгги дақиқаларда тўп меҳмонлар вакили қўлига теккан вазият учун пенальти белгилаганида «Навбаҳор» 2та дурангдан сўнг ғалабани тантана қиларди. Лекин Аҳрол Рисқуллаев «нуқта»га ишора қилмади ва «лочинлар» қаторасига 3-ўйинда 1 очко билан чекланишди.
«Бунёдкор»га яна олқишлар! Вадим Абрамов жамоаси бу сафар Бекободда бинойидек таркибга эга «Металлург»га имконият қолдирмади. Алоҳида таъкидлаш керак, пойтахтлик ёш, ғайратли йигитлар шижоат ва тезликда тажрибали рақибларидан яққол устунликка эришдилар. Майдон марказида эса фахрий Лутфулло Тўраев барчасини қатъий назорат қилди. Натижада мезбонлар на ҳужум ва на ҳимояда ўзларини кўрсата олишди. Биринчи бўлимда Нурилло Тўхтасинов олис масофадан зарба йўллаб, Александр Лобанов дарвозасини ишғол қилган бўлса, танаффусдан кейин ёш Миржаҳон Мираҳмадов «Металлург»нинг икки нафар тажрибали марказий ҳимоячисига «иш» қолдирмади - 0:2. Бундан ташқари, «қалдирғочлар» яна 2-3та ўта хавфли вазият яратишди. Мезбонларда эса фақат қўшиб берилган вақтда гол уришга яқин келишди. Лекин шунда ҳам тўп дарвоза устунига тегди. Хуллас, «Бунёдкор»нинг мағлубиятсиз одими 3та ўйинга етди, қойил!
2-КУН: ОЧЛ АЛАМИДАН ЧИҚИШМИ?
«Пахтакор» ўйин бобида инқироз кўчасига кириб қолган АГМКни сира аягани йўқ. ОЧЛдан аламли тарзда чиқиб кетган «шерлар» 5-дақиқадаёқ ҳисобни очиҳди - Жалолиддин Машарипов бошлаган ҳужум кескин тус олди ва якунда Игорь Сергеев тўпни Акбар Тўраев дарвозасининг пастки чап бурчагига йўллади. Кейин навбат чемпионат тўпурари Драган Черанга келди. Сербиялик футболчи Игорь Сергеев узатмасидан сўнг жорий Суперлигадаги голлари сонини 10тага етказиб қўйди. 32-дақиқа: Жалолиддин Машарипов яна ассистент ролида, гол муаллифи эса майдонга қайтган Марко Симич. Иккинчи бўлим бошида АГМК голеадори Зафар Полвонов ҳисобни қисқартирган бўлсада, майдондаги умумий манзара ўзгаргани йўқ. Учрашувдаги охирги гол фахрий Марат Бикмаев номига ёзилди. Диққатга сазовор томони унинг голига 21 ёшли Жаҳонгир Аҳмадов ассистентлик қилди. Сериялар: «Пахтакор»нинг мағлубиятсиз одими 10та ўйинга етди (охирги 2тасида йирик ҳисобли ғалаба), Драган Черан қаторасига 6-учрашувда гол урди, АГМК кетма-кет 3-марта майдонни боши эгик ҳолда тарк этди.
«Сўғдиёна»нинг ишлари жойида, «Бухоро»ники аксинча, тобора ортга кетмоқда. Икки жамоа ўртасидаги ўйин тақдирини Шоҳруз Норхонов томонидан урилган 2та гол ҳал қилди. У биринчи бўлим ярмида Санжар Рашидов узатган тўпни боши билан дарвозага йўллаб, Хуршид Хўжаевни ожиз қолдирди. Танаффусдан кейин эса индивидуал маҳоратини ишга солиб, «Сўғдиёна»га хотиржамлик бағишлади. Шоҳруз бунга қадар чемпионатда 2та ўйинда 1тадан гол урган ва жиззахликлар уларда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Мана, энди «дубль» ва «Сўғдиёна» 2та гол фарқи билан ғолиб. «Бухоро»нинг голсиз серияси 4та ва ғалабасиз одими 6та ўйинга чўзилганини қўшимча маълумот сифатида келтириш жоиз.
«Насаф» ўз майдонида «Локомотив»га жиддий қаршилик кўрсатган бўлсада, якунда мағлубиятни тан олди. Учрашувнинг 21-дақиқасида Темурхўжа Абдухолиқов томонидан урилган гол финал ҳуштаги янграшига қадар ягоналигича қолди. Мухлисларнинг бошқа гол кўришмаганида дарвозабонлар - Абдувоҳид Неъматов ва Жавоҳир Илёсовнинг ишончли ҳаракатлари ўрни катта бўлди. Айниқса, «Насаф»нинг янги кипери бир неча чиройли «сейв»ларни амалга оширди. Асосий фактга келсак, амалдаги чемпион кетма-кет 3та дурангдан сўнг ниҳоят, яна ғалаба кўчасига кирди.
«ДИНАМО» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 2:2 (1:1)
Голлар: Қадамбой Нурметов (14), Амиржон
Сафаров (75) - Алишер Саноев (7, 52).
«СУРХОН» - «ҚЎҚОН-1912» - 2:1 (1:1)
Голлар: Абдулазиз Юсупов (10), Дарко
Станоевич (84-пен.) - Суҳроб Бердиев (22).
«НАВБАҲОР» - «АНДИЖОН» - 1:1 (0:1)
Голлар: Азиз Ибрагимов (79) - Рўзимбой Аҳмедов (18).
«МЕТАЛЛУРГ» - «БУНЁДКОР» - 0:2 (0:1)
Голлар: Нурилло Тўхтасинов (35), Миржаҳон
Мираҳмадов (65).
«ПАХТАКОР» - АГМК - 4:1 (3:0)
Голлар: Игорь Сергеев (5), Драган Черан (17), Марко Симич (32), Марат Бикмаев (76) - Зафар Полвонов (49).
«СЎҒДИЁНА» - «БУХОРО» - 2:0 (1:0)
Голлар: Шоҳруз Норхонов (26, 65).
«НАСАФ» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:1 (0:1)
Гол: Темурхўжа Абдухолиқов (21).
ТУРНИР ЖАДВАЛИ
№ Жамоа Ўйин Ғалаба Дуранг Мағлубият Т-Н Очко
1 Пахтакор 10 8 2 0 22-8 26
2 Локомотив 10 6 3 1 16-7 21
3 Сурхон 10 5 3 2 11-8 18
4 Бунёдкор 10 5 2 3 13-10 17
5 Сўғдиёна 10 5 0 5 13-15 15
6 Навбаҳор 10 3 5 2 15-11 14
7 Насаф 10 4 2 4 14-10 14
8 Динамо 10 3 5 2 11-11 14
9 Металлург 10 3 3 4 13-11 12
10 Қизилқум 10 2 4 4 12-17 10
11 Андижон 10 1 5 4 8-15 8
12 АГМК 10 2 1 7 12-18 7
13 Бухоро 10 1 4 5 6-12 7
14 Қўқон-1912 10 1 3 6 9-22 6
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).