Бугун Англия Премьер лигаси навбатдаги туридан ўрин олган марказий ўйин бўлиб ўтади. Ҳа, агар сиз футболга қизиқсангиз, топдингиз: “қизиллар жанги”.
“Ливерпуль” клуби “қизиллар” дея аталишидан хабарингиз бор, “Манчестер Юнайтед” эса “қизил иблислар”. Иккала жамоанинг ҳам асосий либоси қизил рангда. Шу боис бугунги ўйинни “қизиллар жанги” деб аташга қарор қилдик. Қолаверса, бу рамзий маънода ҳам ўзини оқлайди, жанг қанчалик шиддатли бўлса, шунча кўп қон тўкилади. Бугун ҳам майдон кўчма маънода, рамзий маънода “қизилга бурканади”, деган умиддамиз.
Вазиятга реал ёндашадиган бўлсак, бугунги “Ливерпуль” бугунги “Манчестер Юнайтед”дан ҳар жабҳада кучли. Ҳатто таркиб жиҳатдан ҳам. Одатда, “МЮ” сафида юлдузларни кўришга ўрганганмиз, лекин бугунги “МЮ” фабрикаси бу жиҳати билан мақтана олмайди. Ахир қандай ҳам мақтансин асосий фигура — Сер Алекс Фергюсон энди жамоада йўқ.
“Манчестер Юнайтед” “қизиллар”га қарши ўйиндан олдин бир жиҳатдан устунликка эга эди, яъни дарвозабон. Чунки, хабарингиз бор, Алиссон ҳали жароҳатидан тўлиқ тикланмаган ва “Ливерпуль” дарвозасини иккинчи посбон Адриан қўриқлаётганди. Де Хе эса Адриандан анча тажрибали. Бироқ ФИФА кунлари доирасидаги ўйинларда Де Хеа ҳам жароҳат олди ва “МЮ” энди иккинчи посбон — Серхио Ромерога мурожаат қилади. Тўғри, Ромеро ҳам Адриандан тажрибалироқ, аммо унда ўйин амалиёти жуда кам. Қолаверса, бугун Беккер ҳам майдонга тушса, унда бу чизиқда устунлик яққол “Ливерпуль” тарафда бўлади.
“МЮ”нинг камчилиги шундаки, клуб сафида ван Дейкдек девор йўқ, Манедек етакчи йўқ, Салоҳдек ижрочи йўқ. Кўпчилик жароҳатда. Жароҳатдан тикланганлари эса барибир юқори даражада ўйнай олмаслиги мумкин.
Бугун Сульшерни ўзининг ақли ва тажрибаси қутқариб қолиши мумкин. Яъни агар а “Ливерпул”нинг ўйинларини кузатиб, Юрген Клопп шогирдларининг камчиликларини ва бу камчиликлардан қандай фойдалана олиш йўлини топа олган бўлса, керакли натижага эришиши мумкин. Бу тезкор қарши ҳужум, аниқ зарбалар, кутилмаган қарорлар ва яна биз билмаган бир қанча усуллар...
“Ливерпуль” бугун катта эҳтимол билан биринчи рақам остида ўйнайди. Аслида, қизиллар ҳар бир ўйинда ҳужумкор ўйнашади, устунликка эга бўлишга интилишади. Сульшер жамоаси эса бир неча бор иккинчи рақам остида ўйнаб кўрди. Ҳимоявий тактика бугунги “қизил иблислар”га тўғри келмайди, сабаби ҳимояда муаммолар етарлича. Айниқса, “қизиллар”га қарши ҳимоявий тактикага таяниб ўйнаш жуда қийин. Ҳужумкор ўйнаш эса ундан-да мушкул. Унда нима қилиш керак, дейсизми? Билмадим. “Манчестер Юнайтед” мухлислари бугун шотландиялик мутахассис ана шу чигал вазиятга муносиб ечим топа олишига ишонишяпти.
Агар бугун Клопп зафар қучса, АПЛда рекорд ўрнатади. Мавсум бошидан бери германиялик мутахассис фақат ғалаба қозонмоқда. Бугунги ғалаба билан (агар шундай бўлса), Клопп Гвардиола, Моуриньо ва Сульшернинг рекордини янгилайди. Қизиқ ҳолат, шундайми? Қайсидир маънода бугун Клопп ва Сульшер ўртасида рекорд учун ҳам жанг боради. Клопп Сульшернинг рекордини айнан Сульшернинг ўзини енгиб янгилайди ёки Сульшер Клоппни тўхтатиб, Гвардиола ва Моуриньонинг дуосини олади.
Бугунги ўйинни ўтказиб юборманг. Умид қиламизки, марказий ўйин ўз мақомини оқлайди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).