“Goal" нашри шахсий кўрсаткичларига кўра 2019 йилнинг энгя яхши 10 футболчиси рўйхатини эълон қилди.
Нашр “Ливерпуль” клуби ҳамда Голландия терма жамоаси ҳимоячиси Виржил ван Дейкни 2019 йилнинг энг яхши футболчиси деб топди. Биламан, ҳозир Мессининг мухлислари эътироз билдира бошлашади: “Месси фалонта гол урган, Месси “Олтин бутса”ни олган деб. Ван Дейкнинг натижаси ҳам ёмон эмас. У қайтарган зарбалар, у бартараф этган хавфли вазиятлар сони Мессиникидан қолишмайди. Олайлик, Месси битта ўйинда иккита гол урса, ван Дейк ҳам битта ўйинда 3-4 та голли вазиятларни бартараф этади. Қолаверса, голландиялик футболчи ҳам “йилнинг энг яхшиси” деб топилган. Яна бир муҳим факт: Месси феномени, Мессининг ҳаракатлари клубига ва терма жамоасига совриндор бўлишга ёрдам бермади, “Ливерпуль” эса ван Дейксиз ЕЧЛ ғолиби бўла олмасди. Ахир пойгада машинангиз маррага биринчи бўлиб етиб кела олмаса, сизнинг жуда моҳир эканлигингиз ҳам ўз аҳамиятини йўқотади, сиздан олдин келган ҳайдовчи устунроқ ҳисобланади.
Иккинчи ўрин Мессига насиб этди. Биламан, ҳозир Криштианунинг мухлислари Роналдунинг Миллатлар лигасида ғолиб бўлганини пеш қилишади. Аммо иккаласи ҳам ҳужумчи, демакки, бу борада голлар кимнингдир устунлигини таъминлайди. Месси гол уриш борасида бу сафар Роналдуни сезиларли даражада ортда қолдиргани факт, қолаверса, айни дамда Мессининг Криштианудан кучлироқ эканлигини португалиялик футболчининг мухлислари ҳам тан олишади.
Учинчи ўринда Муҳаммад Салоҳ жойлашди. Агар у ҳужумчи сифатида Мессидан яхшироқ натижа кўрсатганида шак-шубҳасиз иккинчи ўринга жойлашарди. Тўртинчи ўринга тушиб кетмаганига эса “Ливерпуль” билан ЕСЛда ғолиб бўлгани таъсир кўрсатгани аниқ. Қолаверса, ушбу муваффақиятда Салоҳ урган голларнинг ҳам ҳиссаси бор.
Тўртинчи ўринда Криштиану Роналду. Ажабланмасак ҳам бўлади, ЕЧЛда “Ювентус” билан шармандали натижа қайд этди, Миллатлар лигасида Португалия чемпион бўлган эса-да, Роналду эмас, Бернарду Силва энг яхши футболчи деб топилди. Энг муҳим жиҳати КриРо тўпурарлик борасида сезиларли самарадорлик кўрсата олмади.
Бешинчи ўринда — Садио Мане. “Ливерпул”нинг сенегаллик футболчиси кейинги йили бу рўйхатнинг юқори поғоналаридан бирида турса ҳам ажаб эмас. Боиси, айни дамда “қизиллар” сафида Салоҳдан ҳам кўра Маненинг хавфлироқ футболчига айланиб бораётганини тан олишмоқда.
Олтинчи ўринда — Раҳим Стерлинг. “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси 2019 йилда шу пайтга қадар кўрсатган ўйини билан ушбу ўринга муносиб.
Еттинчи ўринда Алиссон Беккер жойлашди. “Ливерпул”га ўтиб, жамоанинг дарвоза чизиғини ўқ ўтмас қалъага айлантирган бразилиялик посбони мазкур рўйхатдан ўрин олишга муносиб. Беккер “Ливерпул”нинг ЕЧЛ ғолиби бўлишида алоҳида аҳамият касб этади.
“Аякс” сафида ЕЧЛда мўъжиза кўрсатиб, бунинг самараси ўлароқ ёзда “Барселона”га ўтган Френки де Йонг рўйхатнинг саккизинчи ўрнига жойлашди. Шу ёшда бундай ўйин кўрсатаётган футболчига ортиқча таъриф шарт эмас.
Тўққизинчи ўринда — Бернарду Силва. Айни дамда Португалиянинг энг яхши футболчиси, чунки охирги расмий турнирда у шу мақомни ўзиники қилиб олди. Айниқса, 2019 йилда у “Манчестер Сити” сафида ҳам ажойиб ўйнаяпти.
Мессининг рекордини янгилаган Килиан Мбаппе кучли ўнликни якунлайди. “ПСЖ” ҳужумчиси келажакда мазкур рўйхатни бошқариши ҳам мимкин. Бу ўзига боғлиқ.
Низомжон ИСЛОМОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).