Stadion.uz Европа Чемпионлар лигасида энг омадли дебют қилган клублар ва уларнинг мусобақада босиб ўтган йўли билан таништириб ўтади.
«Осер». 1996/97 – плей-офф
Қандай чиқиб келишган? Француз клуби ўзининг барча эришга ютуқлари учун фақат биргина инсонга – Ги Рудан миннатдор бўлиши лозим. 50-йилларда айнан «Осер»да тўп сурган футболчи 1961-йилда клуб мураббийига айланади ва клубда нақд 40 йил ишлашига тўғри келади. Шу йиллар оралиғида клуб Бургундиячемпионатидан Лига 1 ғолиблигигача етиб келишди. Айниқса, 1995/96-йилги мавсумда клуб чемпионлик учун курашда ПСЖ ва «Монако»ни ортда қолдириб чемпионликни қўлга киритади.
ЕЧЛда қандай иштирок этишган? «Осер» ўзининг биринчи катта мусобақасида ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Ўзи иштирок этган гуруҳда («Аякс», «Рейнжерс» ва «Грассхоппер») биринчи ўрин билан кейинги босқичга йўл олган дебютантларни ўша йили чемпионликни қўлга киритган «Боруссия Дортмунд» тўхтатиб қолади. Иккита учрашувда ҳам (1:3, 0:1) ғолиб чиққан немислар ғалабали юришларини давом эттиришган бўлса, «Осер» ўзи учун энг яхши тарихий натижани қайд этади.
Жамоада кимлар бор эди? Лионель Шарбоннье, Бернар Диомед(1998-йилги ЖЧ ғолиблари) Тарибо Уэст, Сабри Лямуши ва Стив Марле.
«Байер». 1997-98 – плей-офф
Қандай чиқиб келишган? Кристоф Даум бошчилигидаги «дорихоначилар» аввалига 14-ўриндан иккинчи ўринга кўтарилишга муваффақ бўлади. Жамоа қанчалар кучли бўлмасин, «Бавария» чемпионликни қўлга киритади. Шундай бўлсада, ўша йили УEФА ички биринчиликда иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар учун ўтиш ўйинларини уюштиради ва бу имкониятдан «Байер» унумли фойдаланади.
Қандай иштирок этишган? Мусобақада иштирок этиш учун Тбилисининг «Динамо» клубини (6:2) осонлик билан мағлуб этади ҳамда «Монако», «Спортинг» ва «Лерс» сингари клублар билан квартет ҳосил қилади. «Байер» гуруҳда 13 очко билан кейинги босқичга чиқишни уддалган, бироқ уларни плей-оффда «Реал Мадрид» кутиб турган эди. Кутилганидек, «қироллик клуби» немисларни осонлик билан йўлдан олиб ташлайди, бироқ «Байер»нинг дебютини Германияда ижобий қабул қилишган.
Жамоада кимлар бор эди? Роберт Ковач, Нико Ковач, Йенс Новотни, Карстен Рамелов, Кристиан Вернс, Эмерсон (2002-йилдаги ЖЧ ғолиби), Кирстен Ульф.
«Вильярреал». 2005/06 – ярим финал
Қандай чиқиб келишган? Мануел Пеллегрини 2004-йилда Европада ишлаш учун ташриф буюради ва биринчи урунишдаёқ «Вильярреал»ни Испаниянинг 3-жамоасига айлантиради.
Қандай иштирок этган? Саралашда «Эвертон»ни икки учрашувда ҳам (2:1) бир натижа билан мағлуб этган «сариқ сув ости кемаси» кучли гуруҳдан жой олади. «Бенфика», «Лилль» ва «Манчестер Юнайтед» жамоалари билан тўқнаш келган испанлар гуруҳда «қизил иблислар»ни сўнгги ўринда қолдириб кейинги босқичга йўл олишади. Уёғига эса, «сариқлар»ни меҳмонда киритилган голлар ярим финалга қадар бошлайди. Аввалига «Рейнжерс» билан (2:2, 1:1) ўйинда омадли чиққан клуб, кейинчалик «Интер»ни (1:0, 1:2) мусобақадан чиқариб юборади. Ярим финалдаги «Арсенал»га қарши учрашувлар тақдирини Кола Туренинг ягона голи ҳал этади.
Жамоада кимлар бор эди? Родолфо Арруабаррена, Хуан Роман Рикельме, Диего Форлан, Хуан Пабло Сорин, Алессио Таккинарди, Маркос Сенна, Санти Касорла.
«Малага». 2012/13 – плей-офф
Қандай чиқиб келишган? 21-асрнинг илк ўн йиллиги чоғида «Малага» клуби бирданига бойиб кетди. Қувонарлиси шундаки, клуб бу пулларни ҳавога учиргани йўқ ва ўз тарихидаги энг яхши натижани (4-ўрин) қайд этди.
Қандай иштирок этишган? Пеллегрини қўл остидаги клуб ўтиш ўйинида «Панатинаикос»ни катта қийинчилик билан мағлуб этади ва «Милан», «Андерлехт», «Зенит» клублари билан бир гуруҳдан жой олади. Ўртача гуруҳдан чиқишни уддалаган «Малага» плей-оффда Португалиянинг«Порту»сини доғда қолдиришни ҳам уддалайди.
1/8 босқичида «Порту»ни доғда қолдирган испанлар «Боруссия Дортмунд» тўсиғидан ўта олмайди. Тан олиш лозим, «Сигнал Идуна Парк»даги ўйин мухлислар учун дахшатли ҳис-ҳаяжон тақдим этгани билан ёдимизда қолган.
Жамоада кимлар бор эди? Вилли Кабальеро, Хесус Гамес, Диего Лугано, Мартин Демичелис, Жереми Тулалан, Дуда, Элизеу, Иско, Хоакин, Хавьер Савиола, Жулио Баптиста, Роке Санта Крус.
«Лестер». 2016/17 – плей-офф
«Тулкилар томошаси»дан сўнг ЕЧЛни ҳам забт этишга киришган «Лестер» қайсидир маънода бу ишни ҳам уддасидан чиқа олган. Ўзининг илк мусобақасида анча осон гуруҳдан («Порту», «Копенгаген», «Брюгге») ўрин олган клуб муддатидан аввал биринчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлади. Плей-оффда инглизлар учун ноқулай рақиб саналмиш «Севилья» билан тўқнаш келган жамоа меҳмонда 2:1 натижаси билан мағлуб бўлган бўлса, уйда 2:0 ҳисобида ғолиб чиқади ва ўз учун янги тарих яратади.
Жамоада кимлар бор эди? Каспер Шмейхель, Уэс Морган, Роберт Хут, Кристиан Фукс, Дэнни Дринкуотер, Риёд Маҳрез, Жейми Варди, Ислам Слимани, Аҳмед Муса.
«Аталанта». 2019/2020
ЕЧЛ мусобақасини жуда ёмон бошлаган жамоа сўнгги турлардагина ўзига келиб олди ва вазиятдан чиқиб кетишни уддалади. 1/8 босқичда «Валенсия» дарвозасини 8 бор ишғол қилган Гасперини шогирдлари бугунги кунда оптимал формага кириб олишгани рост. Хўш, «Аталанта» ҳам ўзининг ЕЧЛдаги илк мавсумида «Вильярреал»нинг натижасини қайта оладими? Жавобларингизни ёзиб қолдиринг!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).