«Боруссия Дортмунд»нинг англиялик ҳужумчиси bundesliga.сом сайтига берган интервьюсида Германиядаги фаолияти ва келажак режалари билан ўртоқлашди.
- Жейдон, «Боруссия»даги охирги 2 мавсумдан олган таассуротларинг билан ўртоқлашсанг.
- Эҳ-ҳе, сўнгги икки йилда фаолиятимда ғаройиб ўзгаришлар юз берди. Бироқ мен буюк жамоа сафида майдонга тушиш имкониятига эга бўлиш учун астойдил тер тўкдим. Ҳозир меҳнатим зое кетмаганидан беҳад мамнунман.
- Аввалги мавсумда кўрсатган шахсий натижаларингни бу мавсумда такрорлай олмаслик хавотири ҳам бўлдими?
- Йўқ, ҳеч қанақа шубҳа бўлмади. Чунки саломатлигим жойида эди, самарали тўп сура олишимга ишончим комил. Мен доимо янги мавсум арафасида ўз олдимга муайян мақсад қўяман. Бу йил уни рўёбга чиқаришга жуда яқин турибман. Табиийки, аввалги мавсумдаги натижаларимни янада яхшилаш умидидаман, ўзим билан ўзим баҳслашяпман. Айнан шу интилиш менга куч бағишлайди, яхшироқ ўйнашга даъват этади.
- Германияда иқтидорли футболчилар қуршовидасан. Лекин шунга қарамасдан, тўпурарлик бобида жамоада, самарали узатмалар борасида эса чемпионатда етакчилик қиляпсан. Бу билан фахлансанг арзийди.
- Тўғри, бу ерда ажойиб ўйинчилар кўп. Аммо мен уларга эътибор бермайман. Мақсадим - жамоага кўпроқ манфаат келтириш. Табиийки, бунинг учун ҳар бир ўйинда бор куч-маҳоратимни сарфлашга интиламан.
- Яқинда «Боруссия» тўпурарлик бобида сен билан бемалол беллаша оладиган Эрлинг Холандни ўз таркибига қўшиб олди. Бундан мамнунмисан?
- Албатта, унинг биз билан эканлигидан хурсандман. Эрлинг - ажо-йиб тўпурар! У ҳар қандай вазиятдан гол ура олади. Бунақа мерганлар жамоага катта фойда келтирадилар. У билан ёнма-ён тўп суриш жуда мароқли. Машғулотларда самарали ҳамкорлик усуллари устида ишлаяпмиз. Тўпни эгаллаб турган паллада бир-биримизнинг қаерда эканлигимиз ва тўпни қаерда қабул қилишимизни яхши биламиз. Ҳамжиҳатликни мукаммал даражага олиб чиқиш ҳаракатидамиз.
- Эрлинг Холанднинг келиши мавсум якунига қадар янада кўпроқ «ассист»лар амалга оширишингга ёрдам беради, деб ўйлайсанми?
- Шундан умидворман. Лекин бунинг учун Эрлинг кўпроқ гол уриши керак!
- Учрашувларга ўзингни қандай тайёрлайсан?
- Доимо жамоага кўпроқ фойда келтиришни ўйлайман. Шу мақсаднинг ўзи мени ўйинга тайёрлайди. /олибликка интилганим боис, ҳар бир учрашувда фақат ғалаба илинжида майдонга тушаман. Беллашув арафасида мусиқа тинглайман. Шунингдек, мухлисларимиз бизни кузатиб туришганини билганим учун, айниқса, совуқ кунларда уйларига яхши кайфият билан қайтишларини истайман. Бунинг учун биз уларга ғалаба совға қилишимиз керак.
- Ўйин услубингни таърифлаб берсанг.
- Мен шунчаки ўзимни ўйин орқали намойиш этишга интиламан. Ўйлашимча, бундан яхшироқ услуб мавжуд эмас. Майдонда эркин тўп суриш ва қўлимдан келадиган ишни намойиш этиш - менинг услубим.
- Майдонда ўзингни қандай ҳис этасан?
- Ўзимни айнан энг суюкли, бахтиёр сезадиган жойга келгандек бўламан.
- Бундай ҳиссиёт сенда қачон пайдо бўлган?
- Болалик пайтимдан футболга меҳр қўйиб улғайдим. Бу ҳиссиётни ҳеч ким тортиб ололмайди. Спортни, айниқса, футболни қаттиқ севаман. Шунчалик севаманки, иложи бўлганида, 100 ёшгача тўп сурсам ҳам тўймасдим. Афсуски, қачондир майдонни тарк этишга тўғри келади. Аммо шунда ҳам ундан воз кечмайман. Футбол - ягона ва абадий муҳаббатим!
- Футболнинг қайси жиҳатини бошқаларидан камроқ ёқтирасан?
- Камроқ, дейсизми? Мураккаб савол... Шунақа жиҳати бор, деб ўйламайман. Балки сиз ўйинлар ёки машғулот залидаги тайёргарликдан кейинги чарчоқдан фориғ бўлишни назарда тутаётгандирсиз? Аслида, ўйиндан кейинги тикланиш даражаси кейинги баҳсдаги савияга жиддий таъсир ўтказади, залдаги машқлар эса жисмонан кучлироқ бўлишингга ёрдам беради. Улар эвазига янада барқарор тўп суриш имконияти пайдо бўлади. Хуллас, футболда нима билан шуғулланаётган бўлсам, ҳаммаси кун сайин самаралироқ ўйнашимга хизмат қилади. Шундай экан, ҳозирги шароит мени тўла-тўкис қаноатлантиради.
- Жамоа ҳар бир учрашувда ғалабага интилишига шубҳа йўқ. Лекин «Бавария»га қарши беллашувнинг аҳамияти муҳимроқ эканлигини ҳеч ким инкор этмайди. Сен бу ўйинда ҳам зафарга эришишимиз шарт, деб ҳисоблайсанми?
- Албатта. Менимча, футболчи доимо ғолибликка интилиши лозим. Агар аввалги мавсум натижаларига эътибор берсангиз, кўпинча устун келишимиз аниқ бўлган ўйинларда қимматли очколарни бой берганмиз. Натижада чемпионликка эриша олмадик. Ана шу йўқотишлар бўлмаганида, албатта, ғолиб чиқардик. Шундай экан, барча учрашувларга жиддий эътибор билан ёндашиш керак, уларни мавсумнинг ҳал қилувчи беллашуви сифатида қабул қилиш лозим.
- Аммо «Бавария» билан кечадиган баҳс «кумуш товоқ» тақдирини ҳал қилувчи энг муҳим беллашув эканлигини инкор этмасанг керак?
- Йўқ, қайси жамоага қарши тўп суришимизнинг ортиқча фарқи йўқ. Ҳозир улар бир неча очкога олдинда боришмоқда. Лекин мавсумнинг ниҳояси ҳам яқин эмас, ҳар қандай воқеа юз бериши мумкин. Шундай бўлгач, юқорида айтган гапимни яна такрорлайман - ҳар бир учрашув муҳим. Биз уларда очко йўқотмаслигимиз лозим. Ўйлашимча, жамоадошларим ҳам шу фикрдалар, бутун эътиборимизни шунга қаратамиз.
- Шундайку-я, лекин жорий мавсумда ҳам жамоа бир қатор учрашувларда очколарни бой берди ва етакчидан анча узоқлашиб қолди. Бунинг сабаби нимада?
- Аниғини билмайман, лекин айрим беллашувларда омад рақибларимизга кулиб боқди. Улар қандайдир тасаввур қилиш қийин бўлган вазиятларда «дайди» голлар уриб, ғалабани илиб кетишди ёки мағлубиятдан қутулиб қолишди. Бундан ташқари, аввалги мавсумда аксарият ўйинчиларимизнинг жароҳат олганликлари ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Аввалига Юлиан Брандт сафдан чиқди, кейин Марко Ройс... Бу футболчиларнинг жамоадаги ўрни муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, мен, Эрлинг ва Жованни каби ёш футболчилар учун. Энди биз уларнинг йўқлигини сездирмаслигимиз лозим. Бунинг учун янада кўпроқ тер тўкишимиз, маҳоратимизни оширишимиз талаб этилади. Шунда кўзланган чўққини забт эта оламиз.
- Сенингча, шоҳсупага кўтарилиш учун жамоага нима етишмаяпти?
- Менинг шахсий фикримга кўра, ҳисобда олдинга чиқиб олганимиздан кейин ҳушёрликни янада оширишимиз керак. Кўпинча гол урганимиздан сўнг рақибга мувозанатни тиклаш имкониятини бериб қўймоқдамиз. Натижада улар ҳисобнинг тенглашганидан руҳланиб, янада кучлироқ ўйин кўрсатишмоқда. Менимча, ўйиннинг мана шу жиҳатига кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Бошқа жабҳаларда ўйинимиз чакки эмас, чиройли комбинациялар эвазига кўплаб хавфли вазиятларга эга бўляпмиз, бир талай голлар урдик. Буни охирги турлардаги натижаларимиз кўрсатиб турибди. Бизга концентрацияни ўйиннинг бошидан сўнгги сониясигача йўқотмаслик хислати баъзан етишмай қолмоқда.
- Охирги 1 йил ичида жуда машҳур бўлиб кетдинг. Уни кўтариб юриш осон эмас. Машҳурликнинг салбий жиҳатлари ҳам сезиляптими?
- Йўқ, ҳозирча ҳаммаси рисоладагидек, менга маъқул келмайдиган ҳолатларга дуч келмадим. Балки улғайганимда саволингизга жавоблар ҳам топилиб қолар. Бироқ ҳозир бахтиёрман, жуда бахтиёрман.
- Дортмундга келганингдан ке-йин қайси жиҳатларда ўсишга эришдинг?
- Нима десам экан... Ажойиб, аммо кутилмаган савол. Менимча, футболчи сифатида анча улғайдим - ўсмирлар футболидан катталар футболига қадам қўйдим, профессионал мақомига ўтдим. Ўсмирлар жамоасида тўпни кўпроқ ўзимда ушлаб турардим. Энди тўпни ўз вақтида узатиш тушунчасига эга бўлдим. Умуман, энг муҳим нарсам шуки, ўйин давомида кучимни тўғри тақсимлашни ўргандим. Ўсмирлигимда ўйин тугашидан аввал чарчаб қолиб, тезлигим пасайиб кетарди. Ҳуш-ёрлик ҳам. Ҳозир кучимни тўғри баҳолаб, тенг тақсимлайдиган бўлдим. Энг асосийси, ўзимга мос жамоада тўп суряпман, 90 дақиқа бир маромда ўйнашимда жамоанинг ёрдами катта.
- Эслатиб ўтганингдек, Дортмундда бир қатор иқтидорли ёшлар билан ҳамкорликда тўп суряпсан. Улардан бири - Жованни Рейна. Бу йигит хусусида нима дея оласан?
- Ўйлашимча, савияли футболчи, яқин орада унинг жамоа етакчилари сафидан жой олишини сезиб турибман. Ҳаракатларини мароқ билан кузатаман, ёнма-ён тўп сураётганимдан мамнунман. Қолаверса, кейинги ҳамкорлигимиз қандай бўлишини ҳаяжон билан кутяпман. Майдонда ва кийиниш хонасида қўлимдан келганича уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпман, тез-тез мулоқотда бўламиз. Чунки иккимиз ҳам инглиз тилида сўзлашадиган ўйинчилармиз ва бир-биримизни осон тушунамиз.
- Европа чемпионатини бошлаб берадиган ёз фаслини қандай ўй-хаёллар ва ҳаяжон билан кутаётганингни билсак бўладими?
- Агар мени терма жамоага таклиф этишса, ўша кунларни орзиқиб кутаман. Бу мен учун жуда муҳим. Еврода иштирок этишни истайман. У мен учун Англия терма жамоасидаги дастлабки йирик мусобақа бўлади. Бундан ташқари, қитъа биринчилигида шу ёшимда ватан шарафини ҳимоя қилишим мен учун ҳам, оила аъзоларим учун ҳам унутилмас воқеа бўлади. Шахсан ўзим эса уни йирик натижа сифатида қабул қиламан ва сабрсизлик билан кутаман. Аммо ҳозир бу ердаман, диққат-эътиборим фақат «Боруссия»га бағишланган. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, мавсум давомида кўп нарсалар юз бериши мумкин.
- Нима деб ўйлайсан, уйга соврин билан қайтиш эҳтимоли қай даражада?
- Евро ғолиблигини сўраяпсизми? Менимча, яхши имкониятга эгамиз. Ажойиб ўйинчилардан ажойиб жамоа шаклланиб улгурган. Имкониятлардан унумли фойдалана олишимизга шубҳа қилмайман. Боз устига, бир қатор учрашувларни ўз майдонимизда ўтказамиз. Бу эса муайян устунлик бериб, имкониятларимизни оширади. Ўз мухлисларимиз қаршисида муносиб ўйин кўрсатишимиз шарт. Биз буни уддалаймиз!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).