18 май бизга Рикарду Карвальюнинг таваллуди ва икки ажойиб финал билан ёдда қолган. Карвальюнинг ижоди у қадар қизиқ бўлмагани учун ўйинларга тўхталамиз. Рикарду хафа бўлмаса ҳам керак, зотан унинг юртига – Португалияга йўл оламиз. Карвалью Порту клуби тарбияланувчиси ҳисобланса-да, Европа жанубида Роналдуни тарбиялаган яна бир клуб борки, унинг ўтмишида эсда қоларли бир ўйин ўтказилган.
2005 йили УЕФА кубоги финали Лиссабондаги Жозе Алваладе ўйингоҳида ўтказилган ва унда Португалияннинг Спортинги мезбон тариқасида Россиянинг ЦСКА клубини қабул қилганди. Уйида ўтадиган финални томошабин тариқасида ўтказиб юбормаслик учун ўша йилги Спортинг зўр натижалар қайд этган. Криштиану Роналду даврида енгган Португалия суперкубогига УЕФА кубогини қўшиб қўйиш учун яхши имконият эди. Бироқ, рақиб ҳам анойилардан эмасди – ЦСКА Москва!
Зенитнинг муваффафиятидан олдин рус ҳарбийлари матонатли ўйин кўрсатишгани ёдимизда. Гарчи бу ўйинда Спортинг яққол фаворит сифатида кўрилган бўлса-да. Тўғри, майдон Португалияда экани, иккинчидан бу клуб олдин ушбу нуфузли турнирни енгганлиги, ЦСКА вакилларида бу имконият энди бўлаётгани кўп масалада майдон эгаларининг устунлигини кўрсатарди. Бироқ, ҳарбийларга бу масалада Спортингнинг азалий рақиби – Лиссабоннинг бошқа бир клуби Бенфика мухлислари ёрдам бериб юборишди. Улар стадионга ЦСКАни олқишлаш учун оқиб келишди.
Шу ҳолат туфайли ҳам мезбон мақоми тарозининг палласини боса олмай қолди. Руслар бу ўйинни эслар эканлар, худди уйда ўйнаётгандек ҳаракат қилишганини айтишади. Натижада, ҳисоб ҳам шунга яраша – 1:3. Рожерионинг голига Березуцкий, Жирков ва Вагнер жавоб бериб, кубокни Россияга олиб кетишди. Суперкубокда москвалик ҳарбийлар Ливерпуль клубига шу ҳисобда енгилган бўлсалар-да, бу оқшом уларнинг қувончи чексиз эди. Бенфика мухлисларига шон-шарафлар бўлсин, деб Москвага ғолиб сифатида қайтишарди.
———
18 майга белгиланган иккинчи ўйин ҳам УЕФА кубоги финали. 2016 йилги номи ўзгарган –Европа лигаси ғолиби аниқланган кеча. Базелдаги Санкт Якоб Парк ўйингоҳида тарихий воқеа содир бўлди: Испаниянинг Севильяси қаторасига учинчи марта ушбу турнир чемпионига айланди. Ундан олдин ҳам икки бор енгганини ҳисобга олсак, севильяликларнинг натижаси ҳайратланарли эди. Рақиб бўлмиш Ливерпуль шу куни биринчи бўлимни зўр ўтказган, танаффусдан сўнг буткул бошқа ҳолда чиққани билан ёдимизда. Оқибатда 3та гол ва 2016 йил буткул Испания футболиники бўлгани ҳақидаги эълон – чунки бу баҳсдан сўнг Мадриднинг икки клуби ЕЧЛ ғолибини аниқлаши лозим эди. Турган гапки, чемпионлар фақат бир мамлакатдан.
Хайрулла Ҳамидов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).