Туриннинг “Ювентус” жамоаси сўнгги йилларда кетма-кет Италия чемпионлигини қўлга киритаётгани ҳеч кимга сир эмас. Тан олиш лозим, “Юве”нинг ғалабаларида ўринли трансферлар катта рол ўйнайди. Бир тасаввур қилиб кўринг, агар жамоа сафида фақат академия тарбияланувчилари ҳаракат қилишганида, таркиб қандай кўринишда бўлар эди?
Дарвозабон. Антонио Миранте
Антонио “Ювентус” академиясига 2000-йилда қабул қилинган бўлиб, ўзининг илк профессионал шартномасини 2004-йилда имзолаган. Афсуски, у “абадий Буффон” даври қурбони бўлди. Клуб ёш дарвозабони қаторасига 3 йил давомида турли клубларга ижара асосида жўнатди ва якунда Миранте “Сампдориа” сафига бориб қўшилди. Афсуски, қаҳрамонимиз у ерда ҳам муҳим ўрин олишни уддай олмади ва “Парма” дарвозасини қўриқлашни бошлади. Кейин “Болоня”да кўриниш берди. Айни дамда “Рома”нинг иккинчи дарвозабони саналади.
Ҳимоячилар. Доминико Кришито
Доминико ҳимоядаги универсал футболчи. У қанотда ва марказда бирдек фаоллик намойиш эта олишига қарамай, “Юве” сафида атиги 8 та ўйинда майдонга тушди холос. Ўйин амалиёти етишмаганлиги боис уни “Женоа”га ижарага бериб юборилди. Кришито янги жамоаси таркибида жуда ёрқин ўйин намойиш этгани боис ҳатто терма жамоадан ҳам чақирув олди.
2011-йилда унинг трансфер ҳуқуқини “Зенит” сотиб олганидан хабарингиз бор. Ҳимоячи нақд 7 йил давомида питерликлар шарафини муносиб ҳимоя қилди ва шартномаси якунлангач яна “Женоа”га қайтиб кетди.
Даниеле Ругани
Италияда коронавирус билан биринчилардан бўлиб оғриган Ругани “Ювентус” академияси тарбияланувчиси саналади.
Мавсум сўнггида клубни тарк этиши кутилаётган Ругани “Ювентус” жамоасига ротация чоғида катта наф келтирди, бироқ топ даражадаги ҳимоячига айлана олмади.
Федерико Маттьелло
Федерико “Ювентус”нинг ёшлар жамоаси етакчиси бўлганига қарамай, ҳимоядаги рақобат сабабли Турин клуби шарафини атиги 2 та учрашувдагина ҳимоя қилди холос.
Жамоа билан шартномаси якунлангач, Италианинг турли жамоаларида тўп суришни бошлади. Афсуски, бирорта жамоада ўрнаша олмади ва гранд жамоалар радаридан йўқолиб қолди. Шундай бўлсада, у ҳали жуда ёш ва фаолиятини қайта ишга тушириши мумкин.
Рожерио
Бразилиялик ҳимоячи клубга 15 ёшида сайёрамизнинг энг иқтидорли футболчиларидан бири сифатида ташриф буюради. Жисмонан бақувват, теҳникаси кучли бўлишига қарамай унга бирор маротаба майдонга тушиш имконияти яратиб берилмайди. Оқибатда, “Юве” ҳимоячини ўзининг норасмий “фарм клуби”га айланиб улгурган “Сассуоло”га жўнатиб юборди. Эътиборлиси шундаки, ҳимоячи қисқа муддат ичида янги жамоасининг асосий футболчисига айланди в ажойиб ўйинлар кўрсатишни бошлади. Тез орада клуб уни яна Туринга қайтариши ҳеч гап эмас.
Ярим ҳимоячилар. Лука Мароне
Лука 8 ёшидан бошлаб “Ювентус” академиясига қабул қилинган. Барча ёш тоифасидаги жамоаларда тўп сургач, Чиро Феррера уни асосий жамоага ўтказади. Қисқа муддат “Юве”нинг асосий таркибида кўриниш берган футболчи мураббий истеъфога чиққан захира ўриндиғида ҳам кўринмай қолди. Кейинчалик клуб уни турли клубларга ижарага беришни бошлаб юборди. Айни дамда унинг трансфер ҳуқуқи “Верона”га тегишли, бироқ у “Кротоне”да ижара асосида тўп сурмоқда.
Франческо Кассата
Кассата ҳам 8 ёшида “Ювентус” академиясида шуғулланишни бошлайди. Афсуски, академиянинг 80 фоиз тарбияланувчилари сингари у ҳам ўз имкониятига эга бўлмай туриб ўзи учун бошқа жамоа излашга тушиб кетади.
“Юве” уни аввалига “Сассуоло”га жўнатди, бироқ Кранческо ишончни оқлай олмади. Кейин “Женоа”га юборилди. Тан олиш лозим, бугунги кунда футболчи ўз ўйинини топиб олди.
Филиппо Романя
Филиппо чинакам универсал футболчи. У таянч зонасида ҳам марказий ҳимояда ҳам бирдек наф келтиришга қодир. Афсуски, футболчи Туринда муҳим ўрнаша олмади ва 2017-йилда уни “Кальяри” сотиб олди. Афсуски, янги жамоасида ҳам Филиппо кутилганидек ўйин намойиш этмади ва “Сассуоло”га ижара асосида бериб юборилди.
Ҳужумчилар. Себастьян Жовинко
14 ёшида клуб академиясига ташриф буюрган футболчи ўз даврида Италиянинг энг иқтидорли футболчиларидан бири саналар эди.
2007-йилда Турин клуби у билан профессионал шартнома имзолайди ва “Эмполи”га ижарага бериб юборади. 2010-йилда футболчига “Парма” жамоаси асосий таркибдан ўрин нақд қилинган шартнома таклиф этади ва Жовинко таклифни қабул қилади.
Орадан бир неча йил ўтгач, Жовинкодаги ўсишни кўрган “зебралар” уни ортга қайтаришади. Афсуски, Жовинко иккинчи урунишда ҳам “Ювентус”да ушланиб қола олмайди. Оқибатда, 2015-йил кутилмаганда Жовинко МЛСга йўл олади. Океан ортидаги энг кучли футболчилардан бирига айлангач, Саудия Арабистонининг “Ал Хилол” клуби билан шартнома имзолайди.
Чиро Иммобиле
Чиро Неапол шаҳрида таваллуд топганига қарамай, ёшлигидан “Ювентус”га мухлислик қилган. Шу сабабли, “Наполи” академияси туриб Туринга кўчиб келади.
Барча ёшлардаги “Ювентус” клуби шарафини ҳимоя қилгач, секин-аста асосий асосий жамоада кўриниш беришни бошлайди. Афсуски, тажрибасизлиги боис ўз имкониятларидан унумли фойдалана олмайди ва “Юве” уни 2013-йилда “Торино”га сотиб юборади.
Туриннинг бошқа бир жамоасида Чиро чинакамига ўзини англайди ва мавсум тўпурарига айланади. Кейин “Боруссия Дортмунд”га ўтган футболчи жамоанинг ўйин услубига мос келмайди ва яна Италияга қайтади. Айни дамда Римнинг “Латцио” клуби билан чемпионлик учун кураш олиб бормоқда.
Мойзе Кин
Ўтган мавсумда “портлаш”ни амалга оширган Мойзе ҳам “Ювентус” академияси маҳсули саналади. Жисмонан бақувват, кучли зарба ва сўнгги пасга эга ҳужумчи ўзининг илк профессионал мавсумидаёқ барчанинг эътиборини қозонди ва ҳатто Италия терма жамоасидан чақирув олди.
Кейинроқ “Юве” таркибдаги ҳужумчилар зичлиги боис “Эвертон”га сотиб юборди. Афсуски, Мойзе айни дамда АПЛ ўйин ритмига мослаша олмаяпти. Шундай бўлсада, у ҳали жуда ёш ва катта футболда ўз сўзини айтишга қодир.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).