Яқиндагина Арьен Роббен футболчилик фаолиятини Голландияда тиклаганидан хабарингиз бор. Бугун кутилмаганда ғарб нашрлари Уэйсли Снейдернинг ҳам катта футболга қайтиши борасида миш-мишларни эълон қилишни бошлади. Хўш бу қарордан ким учун қандай фойда ёки зарар? Stadion.uz шу мавзу ҳақида фикр алмашади.
Яқиндагина Снейдер ўзи туғилиб ўсган Утрехт шаҳридаги клуб офисига ташриф буюрди. Аввалига бу воқеа ҳеч кимни ҳайрон қолдирмагани рост, бироқ “Утрехт” клуби спорт директори Снайдернинг жамоа билан машғулотларга киришгани ҳақида расман маълумот берди. Тўғри, бу машғулотлардан асосий мақсад соғлиқни тиклаш, лекин Ёрди Зайдам (спорт директори) иш янада жиддийлашиб кетиши мумкинлигига шаъма қилиб ўтди.
Голландиялик футболчи Роббеннинг футболга қайтганидан таъсирланиб кетган кўринади. Иккиси ҳам 35 ёшда футболни тарк этган эди, бироқ икки ҳил услубда.
Тан олиш лозим, Роббеннинг футболни тарк этиши кутилмаган ва мантиқсиз бўлган эди. Арьен ажойиб формада ва тезлигини ҳам йўқотмаган эди. Шу сабабли, у яна камида бир бор Бундеслига ғолиблигини қўлга киритиши мумкин эди. Снейдер эса ундан фарқли ўлароқ чинакамига футболчиликдан кетган эди. Қатарнинг “Ал-Ғарафа” сафидаги ўртача мавсум, ортиқча вазн ва шахсий бизнес. Барчаси Снейдернинг бутсаларини михга илиши билан якунлангани ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ.
Тенгдош футболчилар бу йилни тамомила икки ҳил ўтказишди. Роббен ортга қайтиш ҳақида бош қотирганча ўз жисмоний ҳолатини ушлаб туришга урунган бўлса, Снейдер мухлислардан қочиш пайида бўлди. Дарҳақиқат, у ортирган 25 кг ортиқча ваз сабабли таниб бўлмас аҳволга келиб қолгани учун ҳам оммадан қочиш пайида бўлди. 170 см бўйга эга бўлишига қарамай, аллақачон 100 кг вазн тўплаган собиқ футболчи нима учун яна машғулотларга қайтди? Катта эҳтимол билан у ўз спорт формасини тиклаб олишни ва шу йўсинда ўзи ҳақида яна бир бор мухлисларга эслатиб қўймоқчи бўлган бўлса, ажаб эмас.
Хўш бугуни “Утрехт” клубига Снейдер керакми? Тан олиш лозим Снайдернинг бундай кўринишда “Утрехт” жамоасига кераги йўқ, бироқ агар у вазн ташлашга муваффақ бўлса ўйлаб кўриш мумкин. Бугунги “Утрехт”нинг таркибни чакки эмас. Жамоада Янссен ва Адам Маҳер сингари номдор “қариялар” тўп тепмоқда. Бу йигитлар орасига яна бир тажрибалифутболчи келиб қўшилиши фойдадан ҳоли бўлмаслиги турган гап. Шундай бўлсада, Снейдер жамоани ҳар томондан хурсанд қилади дейишдан йироқмиз. Афсуски, у сингари катта калибрдаги футболчилар шунчаки “раҳмат” учун майдонда тер тўкмайди.
Роббен “Гронинген” учун майдоннда ҳамнимадир бера олиши мумкин, бироқ Снейдер машҳурликдан бошқа деярли ҳеч нарса беришга қодир эмас. Боз устига, “Утрехт” айни дамдаги Голландиянинг энг ўртамиёна клубларидан бири саналади. Шу сабабли, клуб Снейдерга шартнома таклиф қилишдан олдин ҳисоб рақимидаги пулларни кўздан кечириши талаб этилади. Тўғри, Снейдернинг “Утрехт”да кўриниш бериши мухлислар учун чинакам совғага айланади, бироқ бундан клуб ҳеч нарса ютмайди. Келаси мавсумда ҳам катта эҳтимол билан ўйинлар мухлиссиз ўтказилади. Шундай экан, абонаментлардан умидни узса ҳам бўлади. Катта эҳтимол билан Уэсли футболчилик фаолиятини қайта тиклмайди.Унинг машғулот ўтказиш учун “Утрехт”га ташрифини голланд нашрлари бироз бўртириб кўрсатмоқда. Голландиялик футболчининг ўзи барчасини жуда яхши англаб турибди.
P.S Қизиғи шундаки, Робин Ван Перси, Дирк Куйт ёки Рафаел Ван Дер Вартлардан бири ҳам футболчиликка қайтишга қарор қилмайди деб ким кафолат беради? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).