Ҳамес-ноёб футболчи. Гап унинг майдонни қандай кўриши, супер зарбаси ва голливудча табассуми ҳақида эмас. У ҳеч қачон дунёнинг топ-5 футболчилари қаторида эътироф этилмаган, лекин ижтимоий тармоқларда, медиа бозорида Роналду ва Месси атрофида юрувчи спортчи. 2020 йил октябр ойига келиб Инстаграмдаги обуначилари сони бўйича фаолияти давом этаётган футболчилар қаторида бешинчи ўринда. Унинг трансфери “Эвертон”нинг тижорий бўлими учун Анчелоттига қараганда кўпроқ фойда келтиради. Хамеснинг феноменал даражада машҳурлиги унга бутун фаолияти давомида қўл келяпти.
У Колумбиянинг рамзи.
Родригеснинг бу даражада машҳурлигини бир неча элементларга ажратсак бўлади.
Биринчидан, бутун мамлакати уни яхши маънода ёқтириб қолган. “Реал” захира ўриндиғида қолиб кетаётган бўлса-да,унга ишонишдан бир сония ҳам тўхташмаган. Унинг ёшлиги қийинчиликларда ўтган. Ҳақиқий бутса олишни доим орзу қилган. Колумбиядаги қашшоқ ҳаёт тўгрисида эшитган бўлишингиз керак.
Европага кўчиб ўтгандан кейин ҳам ёшлигида кўрган кечирганларини унутмади. Биринчи шартнома пулларига бобо ва бувисига ўз юртида уй қуриб берди. “Биз ҳаммамиз колумбиялик” фондини очди. Фонднинг асосий мақсади спорт билан шуғулланувчи болаларни кийим билан таъминлаш эди.
Колумбияликларга Ҳамесдек инсон мамлакат номини бутун дунёга танитиши жуда маъқул тушади.Колумбиялик футбол шарҳловчиси “The Athletic” журналига берган интервьюсида шундай деган эди: “Ҳамес мамлакатимиз ғуруридир. Бизнинг юртни Пабло Эскобар каби ёмон номларга боғлашларига ўрганиб қолганмиз, лекин бизда янги колумбияликлар авлоди етишиб чиқди. Булар Хамес, Шакира, Фалкао, Дж.Балвин ва Малума. Улар ўз ишларининг усталари ҳисобланади. Ҳар бир колумбиялик инсон уларни кўрганда юрагида ғурурни ҳис қилади”.
Ҳамеснинг бу даражага етишига суперменежер ёрдамлашган.
Медиа оламдаги муваффаққиятнинг иккинчи элементи-сифатли менежмент. Ҳамес 2010 йилда колумбиялик машҳур менежер Фернан Мартинес билан ҳамкорлик қила бошлаган. Одатда бундай инсонлар реклама шартномалари ва турли хил тадбирлар ташкил этиш билан шуғулланади. Лекин Фернан ёш мижозига журналистлар билан қандай суҳбатлашиш, сарик матбуотдан узоқ юриш сирларини ҳам ўргатади. Ҳамес 20 ёшида “Порту”нинг асосий таркибида ёрқин ўйин кўрсатади, аммо бугунги кундаги Мбаппе ёки Санчо каби машҳур эмасди. Шунга қарамай унинг рекламалардан ишлаб топган йиллик даромади 8,5 миллион евродан ошган. 2015 йилга келиб Хамес бошқа бир таниқли футбол агенти Жорже Мендеш билан шартнома тузади.
2014 йилги Жаҳон чемпионати уни дунё даражасидаги юлдузга айлантирди.
Сўнгги элемент. Сеҳрли 2014-йил.
Биз Жаҳон чемпионатлари жозибаси ҳақида жуда яхши биламиз. Миллиардлаб инсонлар бир ой давомида ўз телевизорлари қаршисида “қотиб” қолишади. Бундай вазиятларда биргина ҳаракат билан юлдуз бўлиш ҳеч гап эмас. Бизнинг қаҳрамонимиз ўша йилги турнирнинг ҳақиқий юлдузига айланди. Чемпионат тўпурари бўлган Хамес энг чиройли гол номинациясида ҳам ғолиб чиққан. Уругвайга қарши ўйинда узоқ масофадан урган голи ҳар қандай флешмобларни безаб берган. Жаҳон чемпионати давомида "Твиттер"да 8,8 миллион марта эсланган. У ҳақида хаттоки жаҳон даражасидаги юлдузлар ҳам ёзишган. Улар қаторида қўшиқчилар Шакира ва Рианна ҳам борлиги ўша пайтда Ҳамесга бўлган эътиборни яққол кўрсатиб беради.
Бундай шов-шувлардан кейин топ клублардан қизиқишлар бўлиши табиий эди. Флорентина Перес уни “Реал”га таклиф қилади. Трансфер қиймати 75млн. евро.
“Реал”да Ҳамесамания бошланди: футболчининг тақдимот маросимига 15 минг колумбиялик ташриф буюрди.
Тақдимот пайти Родригес ўз нутқида : “Энди 45 миллионлик Колумбия аҳолиси мадридист бўлади”. Бу гапга ҳеч ким қаршилик билдиролмади. 72 соат ичида 400 мингдан ортиқ футболка сотилди, дўконлардаги навбатларнинг охири кўринмасди. Бу борада фақатгина Криштиану Роналду юқорироқ натижа қайд этган. Бу воқеаларни Мадрид Хамесамания, деб аташди. 2016-йилда 1,2 миллион дона футболкаси сотилган футболчи Мессидан (1,9 миллион) ортда қолганди.
“Бавария” ва Ҳамес; АҚШ бозорига кириш учун қилинган ҳаракат.
Зидан мураббийлигида кўплаб учрашувларда захирада қолиб кетаётган футболчини “Бавария” 2017 йилда 2 йиллик ижарага олади. Ҳамеснинг ижараси мюнхенликларга анча қимматга тушарди. Бош мураббий Анчелоттининг қарори билан таклиф қилинган футболчи орқали немислар Лотин Америкаси ва АҚШ бозорига кириб боради.
“Бизнес нуқтаи назаридан бизда Чили, Мексика ва Колумбиядан футболчилар бўлишини хоҳлардик. Бу бизнинг халқаролашувимизга ҳам ёрдам беради”, деган эди “Бавария”нинг Жанубий Америка билан ишлаш департаменти директори Рудолфъ Видал 2016 йилда.
Ҳамеснинг келиши билан ташкиллаштирилган матбуот анжуманида Карл-Хайнц Румменинге колумбияликнинг маркетинг потенсиали ҳақида гапира туриб : “Бизнинг матбуот хизматимиз раҳбари Родригес келиши билан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда лайклар сони 10 мартагача ошганини айтди. Мен бунинг нима эканлигини билмайман,лекин қулоққа ёқимли эшитилди”. Бу хабар ёлғон бўлиб чиқмади, бир суткада “Бавария”нинг ижтимоий тармоқ саҳифаларига 100 мингдан ошиқ инсон обуна бўлади.
"Эвертон” Тайм-сквер ва Маями-Бичда Ҳамесни реклама қилди.
Бугунги кунга қайтамиз. Ҳамес деярли 30 ёшда, аммо жароҳати ва ҳар доим ҳам ўз ишига жиддий ёндашмагани сабабли у бир неча мавсум давомида сояда юрди. Аммо мухлислари уни ёлғизлатмади. Ҳозирда унинг "Инстаграм"да 46 миллион обуначиси бор, жами барча ижтимоий тармоқларда 80 миллиондан кўпроқ.
Родригеснинг дунёдаги энг маркетинг ривожланган лигага ўтди, аммо "Инстаграм"да у нафақат "Эвертон" ни (1,8 миллион), балки Премер лиганинг исталган клубини ҳам ортда қолдирмоқда: "Манчестер Юнайтед" (37 миллион), "Ливерпул" (28), "Челси" (23), "Сити" (21), "Арсенал" (18). "Эвертон"даги жамоадошларидан эса жудда катта фарқ билан олдинда.
Дастлабки беш турда колумбиялик "сеҳргар" 3 гол ва шунча голли узатма берди ва "Эвертон"нинг супер стартидаги асосий сабабчиларидан бири бўлди. “Эвертон”га унинг майдон ташқарисидаги фойдаси ҳам катта бўлиши кутилмоқда.
"Эвертон" Ҳамес аудиториясидан икки йўналишда фойда олишга ҳаракат қилади.
1. Родригес аудиториясининг бир қисмини қўлга киритиш.
"Эвертон" расмий сайтига берган биринчи интервюсида Ҳамес "Реал" давридаги сўзларини такрорлади: "Энди Колумбия кўкка бўянади"."Эвертон" учун бу 10-20 миллион янги мухлис орттириш имкониятидир. АПЛ да топ-6 ликка қўшилиш учун ҳам яхши имконият бўлади.Қачондир колумбиялик футболчи жамоани тарк этган тақдирда ҳам “ирислар”га мухлис бўлиб қолаверади.
2. Янги обуначиларнинг салмоқли қисми Жанубий Америка ва АҚШда яшовчи колумбияликлардир.
"Эвертон" нинг савдо бўлими улардан қандай қилиб фойда қилишни аллақачон ўйлаб қўйишган. Яқинда Боготада (Колумбия пойтахти) "Эвертон" нинг фан-дўкони очилади ва 2021 йил ёзига қадар Маями ва Флоридада ҳам халқаро офисларини очиш режалаштирилган.
Родригеснинг трансфери учун "Эвертон" ғайриоддий реклама кампаниясини ўйлаб топди.Асосий нишонда америка ва колумбияликлар эди.
Ҳамеснинг "Эвертон" либосидаги рекламаси Ню-Ёркнинг "Таймс-сквер" майдонида пайдо бўлди. Маҳаллий мухлислар ҳам унутилмаган. Ливерпулдаги бир нечта бинолар Хамес голограммалари билан ёритилган.
“Эвертон” маркетинг хизмати реклама кампанияси дунё бўйлаб 400 миллион кишини қамраб олганини тахмин қилмоқда. Колумбияда аллақачон "Эвертон"ни ёқтириб қолишмоқда. Спорт сайтлари “ирислар”нинг ҳар бир ўйинига жиддий эътибор қаратмоқда.
Шундай футболчилар борки фақатгина жамоанинг натижаларини яхшилаш учунгина олиб келинмайди,бутун бошли тизимни янгича кўринишга келтириш учун ҳам хизмат қилади. Бугунги қаҳрамонимиз айнан шундай футболчилар сирасига киради.
Руслан Максимов тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).