Stadion.uz «Қироллик клуби»нинг ижара асосида бошқа клубларда тўп сураётган футболчилари қандай аҳволда эканлиги билан қизиқиб кўради. Бугун трансфер ҳуқуқи «Реал Мадрид»га тегишли бўлган футболчиларнинг бошқа жамоалардаги саргузаштлари билан қисқача танишиб ўтамиз.
Браим Диас «Сан Сиро»ни «ёндирмоқда»
Ушбу рўйхатимиздаги энг омадли мавсум ўтказаётган футболчилардан бири айнан Диас десак, адашмаган бўламиз. Қаҳрамонимиз 21 ёшда ва у унинг учун ўйин амалиёти барча нарсадан муҳим. Шу боис, Браим мавсум бошида бошқа клубга ижара асосида юборишларини ўзи илтимос қилган эди. «Қироллик клуби» футболчини ўсишдан тўхтаб қолмаслиги учун ҳам «Милан»га ижара асосида жўнатиб юборди. Тўғри, Пиоли Диасни “A серия”нинг барча ўйинларида ҳам асосий таркибда майдонга туширмаяпти, бироқ Европа Лигаси мусобақасида у чинакамига порламоқда. Диас бу мавсумда аллақачон 3 та гол ва 2 та ассистни амалга оширишга муваффақ бўлди. Бу мавсумда Диас 547 дақиқа майдонда тўп суришга улгурди. Бу унинг Мадриддаги ўтган мавсумдаги натижасидан 10 баробар яхшироқ дегани.
Такефуса Кубо Европа эътиборида
Кубонинг кетиши икки томонга ҳам фойдали бўлди. Қаҳрамонимиз «Вильяреал» сафида ўзини секин-аста эркин ҳис қилиб бормоқда. Унай Эмири япониялик футболчининг имкониятларини кашф этиб бормоқда. Мураббий Кубога айрим ўйинлардагина ишонч билдирмоқда, бироқ яримта имкониятдан ёш футболчи унумли фойдаланишни уддаламоқда. Aйниқса, Туркиянинг «Сивасспор» клуби билан ўйин алоҳида эътирофга лойиқ. Ўша баҳсда, Кубо битта гол ва иккита ассист қайд этди ва ўйининг энг яхши футболчига айланди. Миллий чемпионат ўйинларида эса, Эмири Кубога фақат «Кадис»га қарши ўйиндагина майдонга тушиш имконини яратди. Кубонинг майдондаги дақиқалари кўпроқ бўлиши мумкин эди, аммо «Валенмия»га қарши ўйиндаги қизил карточка панд бериб қўйди. Шунга қарамай, ортда қолган давр мобайнида Кубо 12 бор майдонда кўриниш берди ва умумий ҳисобда 426 дақиқа тўп сурди.
Дани Себалос Лондонда «Ривожланмоқда»
Себалос бошқа ижарадагилардан фарқли ўлароқ, Лондонда асосий таркиб футболчига айланди. Шу боис, унинг майдонда ўтказган дақиқалари сони (610) қолганларникидан анча кўп. Ваҳоланки, ўтган мавсумда Дани Эмирини ишонтира олмаган ва кетиш учун жомадонларини йиғиб қўйган эди. Микел Aртетанинг клуб тепасига келиши Себалосга иккинчи имкониятни тақдим этди. Бу мавсумда «тўпчилар» 14 бор яшил майдонга чиқиб келган бўлса, шу ўйинларининг 11 тасида қаҳрамонимиз иштирок этди. AПЛнинг ортда қолган 8 тури давомида Себалос 4 бор асосий таркибда эди. Себалос «Реал»да ўз келажагини кўрмаяпти. Шу боис, мавсум сўнггида унинг трансферини “Aрсенал” сотиб олиши ҳам ҳеч гап эмас.
Хесус Валехо
Хесус қолганлардан фарқли ўлароқ, олдига у қадар катта мақсадлар қўймайдиган «Гранада»га ўтди. Бир қарашда зерикарли, аммо айнан шу клуб Хесусга барча нарса берди. Жамоа Зидан шогирди учун 810 дақиқа майдонда ҳаракат қилиш, ўзини клубнинг муҳим аъзоси сифатида ҳис қилиш майдон бўйлаб тўлиқ эркинликни тақдим этди. Aйниқса, унинг жароҳатлардан тўлиқ фориғ бўлгани ўзини яхшироқ намойиш этиши учун имкон яратмоқда. Aслида, уни терма жамаога ҳам чақиришган эди, бироқ унда CОВИД-19 аниқлангани боис иккита баҳсда ҳам иштирок эта олмади.
Гарет Бэйл
Aтмосферанинг ўзгариши ҳам ҳозирча Бэйлга ёрдам бермаяпти. Қаҳрамонимиз Лондонга жароҳат билан етиб келди ва илк 6 та турни ўтказиб юборди. Жозе бугунги кунда уэлслик футболчидан фақат Европа Лигасидагина фойдаланмоқда. Илк 3 та турнинг барча ўйинларида Бэйл иштирок этишга муваффақ бўлди. AПЛ да эса, фақат бир бор уни асосий таркибда ўйинга ташлади. Умумий ҳисобда Бэйл AПЛнинг 6 та ўйинида кўриниш берди. Унинг активида эса, 1 та гол ва яна шунча ассист мавжуд. Майдонда ўтказилган 301 дақиқаси кўп нарсани ҳал этмаслиги аниқ. Шундай бўлсада, олдинга ташланган қадам ҳозирча мавжуд. Aфсуски, дунё даражасидаги юлдуздан бундан кўпроғини кутишган эди.
Борха Майорал
«Рома» Майорални ижара олганида, кўпчилик унинг асосий таркибда кўриниш беришига ишонган эди. Негадир «бўрилар» футболчини “A серия”нинг фақат биригина баҳсида синаб кўришди холос. Элдор Шомуродовнинг жамоасига қарши баҳснинг 62 дақиқасида майдонга туширилган футболчи асосан Европа Лигасида ишончли кўринмоқда. Майорал бу мавсумда «Реал» таркибида ўйин ўтказишга улгурган ягона ижарадаги футболчи саналади.
Рейнар ўйин амалиётсиз қолмоқда
Ижарадаги йигитлар орасида Рейнарнинг негадир омади келмади. Клуб ҳам ундан хавотирда. 30 миллион эвазига қўлга киритилган футболчини «Боруссия Дортмунд» ўйин амалиёти билан таъминламаяпти. Ваҳоланки, немис клуби ёшларга имкон бериши билан бошқалардан фарқ қилар эди. Рейнар бор йўғи 105 дақиқа тўп сурди холос. Боз устига, бирор маротаба ҳам асосий таркибда кўриниш бергани йўқ. Қаҳрамонимиз энг кўп кубоги баҳсида – «Дуйсбург»га қарши тўп тепди. Майорал сингари унинг ҳам ижара муддати икки мавсумни ташкил этади. Шу боис, Мадрид клуби ўз қарорини мавсум сўнггида қайта кўриб чиқиши мумкин.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).