2014 йили Али Даи Гиннесс рекордлар китобидан жой олди. Гап шундаки, у Эрон терма жамоаси ўйинида 25-сониядаёқ ҳисобни очганди. Ҳаммаси анча вақт жаҳон миллий терма жамоалари бош тўпурари бўлиб юрган эронлик Али Даи ҳақида: бахтсиз ҳодиса, сиёсатга зарба, шахсий ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича айблов... Ҳа, нафақат Осиё, балки бутун жаҳон футболида ёрқин из қолдирган форс ҳужумчиси майдон ташқарида ҳам ҳамиша эътибор марказида бўлган.
Даи биринчи, барибир. Ҳозирча
Узоқ вақт миллий жамоалар сафида энг кўп гол уриш бўйича жаҳон рекорди Али Даига тегишли бўлди. Мана, Евро-2020 якунига кўра, португалиялик Криштиану Роналду ниҳоят, эронлик собиқ ҳужумчи натижасини такрорлади. Лекин моҳиятан олганда, Али Даи ҳамон элит голеадорлар рўйхатининг 1-қаторида! Гап шундаки, у Эрон миллий жамоаси сафида 109та гол уриш учун 149та ўйин сарфлаган. Еврофутбол юлдузи эса 109та голни Португалия терма жамоаси либосидаги 179та учрашувда нишонлади. Хуллас, ўртача коэффициент бўйича қитъадошимиз олдинда, барибир. Оддий айтганда, Али Даининг самарадорлик фоизи нисбатан яхши, демак, у ҳамон 1-ўринда!
Дарвоқе, Эрон футболи юлдузи 2019 йилнинг сентябрь ойидаги чиқишида миллий жамоада гол уриш бўйича рекордини айнан Роналду албатта, янгилашини айтганди: «Рекордлар янгиланиб туриши табиий ҳол. Маррани бир нуқтага олиб чиқиб қўйганман, энди навбат бошқаларга. Рекордим қуласа, хафа бўламанми? Нега энди? Дейлик, Криштиану Роналду футбол оламида саноқсиз совринлар ютган ажойиб йигит. Билишимча, у ҳозир ҳам жуда яхши спорт формасида». Даи рекордини янгилаш Роналдунинг ўзи учун ҳам муҳим ва катта ютуқ ҳисобланади. Мисол учун, Криш коронавирусга чалинганидан кейин майдонга қайтган пайт ундан шу рекорд ҳақида алоҳида сўрашганида, дангал жавоб берганди: «Мана, 100та гол маррадан ошиб ўтишга муваффақ бўлдим, нега энди тўхташим керак? Албатта, буёғига рекорд сари интилишим турган гап. Қадамба-қадам олдинга ҳаракатланяпман. Йўқ, бор хаёлим шунда эмас, чунки рекордлар табиий равишда ўрнатилишига ишонаман».
Асосийси - миллий жамоа
Умуман олганда, Али Даи ҳар доим аввало, мамлакати миллий жамоаси ҳақида ўйлаган. Оддий мисол, у клублар сафида терма жамоа либосидагидан атиги 3та кўп гол урган. Энди Даининг диққатга сазовор баъзи кўрсаткичларига эътибор қаратинг:
*** Эрон терма жамоаси ўйинларида 8та «хет-трик»
*** Жаҳон миллий жамоаларида 100та гол маррасига етган биринчи футболчи
*** Миллий жамоа сафидаги 109та голидан 96тасини Осиё термаларига «тортиқ» этган
*** Али Даи 2та жаҳон чемпионатида қатнашган, аммо гол урган эмас
*** Али Даи клублар миқёсидаги 287та расмий учрашувда 112та гол урган
Эрон термаси етакчиси 1996 йили 1та ўйинда рақиб дарвозасини 5 марта нишонга олган - «флэш». Бу воқеа Осиё кубогидан ўрин олган Эрон - Шри-Ланка ўйини (7:0)да кузатилганди. Даи шунингдек, турли турнирлар доирасидаги 4та ўйинда «покер»га эришган. Энг эътиборли фактлардан бири - ҳужумчи 2000 йили миллий жамоанинг 19та ўйинида 20та гол ҳосил қилган - ажойиб ўртача кўрсаткич. Эронлик голеадор бутун фаолияти давомида мамлакат бош жамоасига кўпроқ эътибор қаратгани ҳам - факт. Ҳар ҳолда, у клубларда кўпинча жароҳатланган ва ўйинларни ўтказиб юборган.
Айтиш жоиз, Али Даининг ўзи Эрон миллий жамоасида 109тадан кўпроқ гол урганини таъкидлайди. Унинг айтишича, Four Four Two нашри 2002 йилги Осиё ўйинларида урган голларини жаҳон рейтингига қўшмай хато қилмоқда. Даи ўша турнирда Афғонистон термасига қарши баҳсда «дубль» қайд этишдан ташқари, ливанликлар билан ўйинда ҳисоб очган. Тўғри, адолат юзасидан айтиш керак, Осиё ўйинлари-2002да 23 ёш тоифасидаги жамоалар қатнашган ва унинг статистик кўрсаткичлари ФИФА реестрига киритилмаган.
Асосий клуб
Қаҳрамонимизнинг клублар миқёсидаги фаолиятига келсак, у Эрондан ташқарида ҳам етарлича ўйнаган. Аниқроғи, Германия, Қатар ва БАА чемпионатларида ўз салоҳиятини синаб кўрган. Унинг ҳаётидаги энг таниқли клуб - бу «Бавария». Даи Германия гранди сафида Бундеслига чемпиони бўлишдан ташқари, Европа Чемпионлар Лигаси финалига чиққанди.
Асосий воқелик
1998 йилги жаҳон чемпионати Али Даи фаолиятидаги энг муҳим воқеликдир. Ҳаттоки, у мундиалда гол қувончини туймаган бўлсада. Форслар Франция мундиалида қатнашиш йўлида саралашнинг қитъалараро «плей-офф» ўйинларида Австралия термасига қарши тўп суришган. 1:1 ҳисобида якунланган биринчи ўйинни Теҳрондаги машҳур «Озоди» стадионида 100 мингдан кўп мухлис кузатганди. Австралиядаги жавоб ўйини эронликларга жуда оғир келади. Учрашувнинг 75-дақиқасида ҳам меҳмонлар 0:2 ҳисобида ортда бораётгандилар. Кейин Даи жамоадошлари қандайдир 4 дақиқа ичида 2та гол уриб, форс мўъжизасини яратишади - сафарда урилган гол устунлиги қоидасига мувофиқ, айнан Эрон термаси Франция-98 йўлланмасига эга чиқади. Даининг ўзи «яшил қитъа» вакиллари билан бўлган ўйинларда гол урмаган бўлсада, уларни алоҳида эсга олади: «Теҳрондаги биринчи ўйиндан сўнг ҳамма Австралия термасини яққол фаворит сифатида кўрсата бошлади. Бир қарашда, тахминлар ўзини оқлайдигандек эди. Ҳар ҳолда, Мельбурндаги жавоб учрашуви мезбонларнинг 2та голлари билан бошланди, муҳими, якунда ўйинга қайтиш учун куч топа олдик ва 20 йил бадалига биринчи марта жаҳон чемпионатига чиқдик. Ўша лаҳзаларни ҳозир ҳам жуда яхши эслайман, гўё, фақат шу ғалаба шукуҳи билан яшагандекман».Эронликлар Францияда Германия, Югославия ва АҚШ термалари билан 1та гуруҳдан жой олишади. Улар 2та учрашувда гол урмаган ҳолда, мағлубиятга учрашади, асосийси, энг муҳим баҳсда ирода кўрсатишади. Яъни америкаликларни 2:1 ҳисобида доғда қолдиришади - «сиёсий душман» устидан қозонилган ғалаба бутун Эронда бошқача нишонланади. Даи ҳам шу ютуқ фаолиятида алоҳида ўрин тутишини кўп бора таъкидлайди. Эрон термаси голлари Ҳамид Эстили ва Меҳди Маҳдавикия ҳисобига ёзилган, Даи эса айнан ғалабани таъминлаган зарба ҳаммуаллифига айланганди. Шу тариқа Эрон термаси гуруҳда 3-ўринни эгаллаб, Франциядан ўзгача фахр туйғуси билан қайтади.
Сиёсатга зарба
АҚШ термасига қарши ўша ўйин икки мамлакат ўртасидаги душманлик муносабатлари туфайли сиёсатга қоришиб кетганди. Тўғри, футбол бунга йўл қўймаган. Дейлик, майдонга тушишдан олдин эронлик футболчиларга босим ўтказилган - америкаликларга яқинлашиш ва улар билан қўл бериб кўришиш тақиқланган. Лекин ўйин олдидан барчаси бошқача тус олганди: америкалик футболчилар эронликларга оқ атиргуллар совға қилишади ва рақиблар қучоқлашиб кўришишади. Бу тинчлик белгиси эди, шунингдек, сиёсатга қаратилган зарба...
Нотинч ҳаёт...
Даининг футболдан ташқаридаги ҳаёти: терма жамоадан истеъфо, оғир бахтсиз ҳодиса ва босқинчилик... Эрон термаси афсонаси 2008 йили жамоа бош мураббийи сифатида иш бошлади. Унинг олдига форсларни ЖЧ-2010га олиб чиқиш вазифаси қўйилганди. Даи бор имкониятларни ишга солди, аммо муваффақиятсизликка учради. Эрон термаси унинг бошқарувида саралаш босқичи доирасида 5та ўйин ўтказиб, атиги 6 очко тўплади. Жамоа Саудия Арабистони термасига ютқазганидан сўнг мухлислар мураббийдан истеъфо талаб қилишди ва у кетди. Ўша жамоада ёрдамчи мураббий ролини бажарган Ҳуман Афазелининг айтишича, Даи биринчи навбатда, жамоани қайта шакллантиришни ўйлаб, таркибга асосан ёш иқтидорларни жалб этган, бироқ бу ёндашув оқибатида натижа масаласида муаммолар туғилган: «Аслида Алига кўпроқ вақт бериш керак эди. Мамлакат футболида чин афсона бўлгани эмас, энг мураккаб пайт барча масъулиятни ўз зиммасига олгани учун. Ҳар ҳолда, ўша йиллар футболимиз танг аҳволга тушиб қолганди ва буни ҳамма биларди».
Track Persia нашрида ёзилишича, Эронда Даига ҳамиша ақлли ва мулоҳазали киши сифатида қаралган. Кўпчилик уни маҳаллий футболнинг бўлажак раҳбарларидан бири ўрнида кўргани ҳам айни ҳақиқат. Даи эса бундай қарашларга лўнда жавоб берган: «Йўқ, табиатан стол атрофида ўтирадиган одам эмасман. Ҳар доим ўзимни майдонда тасаввур қиламан - футболчи ёки мураббий ролида. Ахир тажрибамни стол устидан узатолмайман».
Даи ва Эроннинг «Сайпа» клуби йўллари тез-тез ўзаро кесишган. Ҳужумчи профессионал фаолиятининг охирги мавсумларида айнан шу жамоа шарафини ҳимоя қилди. Қаҳрамонимизнинг мураббийлик иши ҳам «Сайпа»да бошланди. Эътиборлиси, клуб бош мураббийни истеъфога чиқаргач, Даи ўйновчи-мураббий ролини зиммасига олди ва якунда Эрон чемпионати олтин медалини таъминлади. Уни мамлакат миллий жамоасига айнан «Сайпа»дан чақиришди. Али 2017 йили клубга қайтди, аммо иккинчи уриниши муваффақият келтирмади. 2018|2019 йиллар мавсуми охирида клуб раҳбариятини кескин танқид қилди ва бунинг оқибатида ишдан бўшатилди. Ўшанда Даи футболчиларни қўллаб-қувватлаб, уларга меҳнатларига яраша пул тўланмаётганини ошкора айтганди. Қолаверса, «Сайпа» бош директорини шахсий ҳужжатларни қалбакилаштиришда айблади. «Мустафо Модаббар? Бундай одамни танимайман. Хотирамга таяниб айтаман, уни ҳамиша Ғафур қўмондон сифатида билганман», - деганди Даи. Мураббий бунда 1989 йили Эрон Курдистони демократик партияси бош котибининг ўлдирилишига алоқадорликда айбланган қўмондон Ғафур Даржозини назарда тутганди.
Футболдан ташқарида
Али Даи Эроннинг бошқа клубларини ҳам бошқарди, аммо асосан футболдан ташқарида кўзга ташланди. 2012 йили Даи ўз укаси билан «Роҳ Оҳан» клуби ўйинидан кейин қайтаётганида фалокатга учради ва жиддий бош жароҳати туфайли шифохонага ётқизилди. Полиция ўшанда бахтсиз ҳодисага тезлик меъёридан оширилганини сабаб сифатида кўрсатганди. Яхшики, фалокат оғир оқибатларга олиб келмади ва афсона қайта оёққа турди. Ўшанда унинг аҳволини бутун дунё кузатиб турган, ҳаттоки, шифохона атрофи мухлислар билан тўлиб кетганди. Орадан маълум вақт ўтгач, Даи Toyota компаниясини автомобилга хавфсизлик ёстиқчасини нотўғри жойлаштирганликда айблаб, судга мурожаат қилди. Япония автоконцерни бунга жавобан уловда функциялар кўплиги ва истеъмолчи ёстиқча режимини ўчириб қўйганини билдирди. Кейинги йили Даи ўғрилар ҳужумига учради: «Қизимни кўрсатиш учун шифохонага борганимда, номаълум шахс ортимдан ташланди. Шунда дарҳол ўзимни ҳимоя қилишга уриндим, у эса шеригининг мотоциклида қочиб кетди. Менимча, босқинчилар бўйнимдаги занжирни узиб олишни ўйлашган. Чунки жиноятчилар қочиб кетгач, занжир қулфи очилгани ва кўйлагим ичига тушиб қолганини кўрдим. Хайриятки, ўша пайт қизим ва аёлим олдимда эмас, нарироқда туришганди».
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).