Туғилмаган фарзандга исм қўйиб бўлмайди, дейишарди катталар. Худога шукрки, терма жамоамизнинг учинчи босқичдаги тақдири ҳақида мулоҳаза билдириш учун феврални кутишга мажбур эмасмиз. Муддатидан олдин кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритдик. Хўш, бизни у ерда нималар кутяпти? Ноаниқликлар ҳозирча кўп бўлса-да, аниқ маълумотлар асосида қайсидир жиҳатларни таҳлил қилиш зарар қилмайди.
Биринчи маълумот: IV босқичга қуръа ташланаётганда терма жамоалар бешта саватчага ажратилади. Ҳар бир саватчада иккитадан жамоа бўлади ва қуръа асосида улар икки гуруҳга тақсимланадилар. Шу тариқа ҳар бир гуруҳда бештадан жамоа бўлади. Биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган жамоалар тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасини қўлга киритадилар.
Ҳар икки гуруҳда учинчи ўринни олган жамоалар эса ўзаро плей-офф ўйинларида иштирок этадилар ва Осиёнинг бешинчи жамоасини аниқлайдилар. Бу ҳаммаси эмас, ўша бешинчи жамоа Жанубий Америкаси минтақасининг бешинчи (Бразилия майдон эгаси ҳисобланади, демак олтинчи) терма жамоаси билан уйда ва сафарда ўйин ўтказади. Ғолиб жаҳон чемпионати финал қисмига боради.
Иккинчи маълумот: IV босқич учун қуръа 2012 йилнинг март ойида ташланади. Демак, терма жамоалар саватчаларга тақсимланишда уларнинг март ойидаги рейтинги инобатга олинади. Март ойигача терма жамоалар фақат бир мартадан расмий ўйинда майдонга тушишлари ва рейтинг очколарини қўлга киритиш осон эмаслигини эътиборга олсак, рейтингдаги ўринлар у қадар ўзгариб кетмаса керак. Мана шу асосда фикр юритсак, биринчи сават Япония ва Австралия, иккинчи сават Жанубий Корея ва Эрон, учинчи сават Ўзбекистон ва Иордания (ёки Ироқ), тўртинчи сават Ироқ (ёки Иордания) ва Қатар, бешинчи сават Саудия Арабистони ва Ливан бўлиши мумкин.
Учинчи маълумот: мен кейинги босқич жамоаларини гуруҳдаги ҳозирги ҳолати бўйича олдим. Аслида ўзгариши мумкин. Мисол учун, Қувайт терма жамоаси сўнгги турда Жанубий Кореяни енга олса, иккинчи сават Эрон ва Ўзбекистон кўринишида ҳам бўлиши мумкин. Ёки декабрь ойида пан-араб турнирида қатнашадиган, рейтингда бизга яқин бўлган Иордания терма жамоасининг ҳам бизни қувиб ўтиш эҳтимоли бор. Хуллас бу ҳақида кейин яна гаплашамиз, ҳозир эса энг катта эҳтимоли бўлган учинчи саватдаги ўрнимиз бўйича имкониятларни чамалаб кўрганимиз дуруст.
Тўртинчи маълумот: пастроқда кўрасиз, IV босқичнинг сўнгги тури 2013 йил 18 июнига белгиланган. Айнан шу вақтда Бразилияда анънавий конфедерациялар кубоги бошланади ва Япония у ерда қатнашади. Сўнгги турда биринчи саватдан гуруҳга қўшилган жамоалар майдонга тушишлари кўзда тутилган. Жумладан Япония ҳам биринчи сават жамоаси ҳисобланади.
Бунинг олдини олиш мақсадида, тақвим бўйича қўшимча шартлар пайдо қилиниши мумкин. ОФК ижроя қумитаси бу ҳақида якуний вариантни февраль ойида эълон қилади. Вариантлар ичида ҳатто, Японияни қуръа вақтида бешинчи саватга суриб юбориш таклифи ҳам бор. Лекин бу Японияга нисбатан адолатсизлик бўларди, менимча.
Энг мантиқлироқ ва кам таъсирга эга бўлган вариант эса, албатта, Япония тушган гуруҳ тақвимида бешинчи ва биринчи саватдаги жамоаларни алмаштириб қўйишдир. Яъни Япония биринчи саватдаги ўрнини сақлаган ҳолда, қуръада қатнашади, қуръадан сўнг эса бешинчи саватдаги жамоа ўрнини эгаллайди. Балки биратўла иккала гуруҳда ҳам тақвим мана кўринишда ўзгарар, хуллас бу ҳақида аниқ фикрни ҳозир айта олмаймиз. Лекин шу нарса аниқки, Япония сўнгги турда дам олади, демак бешинчи позициядаги жамоа тақвимида ўйнайди.
Бешинчи маълумот: IV босқич учун тақвим эълон қилинди. Келинг, мана шу тақвим бўйича қулайлик ва ноқулайликларни таҳлил қилсак.
1-ЎЙИН
Юқорида санаб ўтилган «сюрприз»лар бўлмаса, 2012 йилнинг 3 июнь куни ўз майдонимизда гуруҳимизнинг иккинчи жамоасини қабул қиламиз. Бу Эрон ёки Жанубий Корея терма жамоаси бўлиши мумкин. Агар иккинчи ўрин учун курашгимиз келса, асосий рақибларимиз шу жамоалар бўлади. Демак, қайсидир жиҳатдан, улар устидан қозонилган ғалаба кейинги ўйинлар учун яхшигина руҳлантирувчи омил бўлади. Шу ўринда, биз ҳеч қачон тўртинчи босқични ғалаба билан бошламаганимизни ҳам эслатиб ўтмоқчиман. Уч маротаба сафарда ўйнаганмиз ва йирик ҳисобда мағлубиятга учраганмиз. Фақат бир марта, ЖЧ-2006 саралаш босқичида Саудия Арабистони билан Тошкентда дуранг ўйнаганмиз – 1:1.
Ўшанда футболчиларимиз учун ноқулай бўлган февраль ойи эди. Июнь биз учун идеал вақт бўлмаса-да, ҳар ҳолда миллий чемпионатимиз ва халқаро кубокларнинг илк босқичи якунланган, футболчиларимиз яхши формага кириб олган бўладилар. Эрон чемпионати баҳорда якунланади ва эронликлар узун мавсумдан кейинги чарчоқни ҳис қилаётган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Худди шунингдек, Турсунов ва Аҳмедовлар 1,5 йил давом этадиган Россия Премьер-лигасида иштирок этишларини ҳам салбий ҳолат, деб баҳолашимиз мумкин.
Яна бир ташвишли жиҳат шундаки, Японияга қарши III босқич сўнги турини февралда ўйнаймиз. Дисквалификациялар туфайли ўша ўйинда бир қатор ўйинчилар майдонга тушмасликлари аниқ. Уёғига, ўша биринчи тургача терма жамоамиз кўнгилдагидек тайёрлана олмаслиги эҳтимоли катта. Орадаги уч ой ичида расмий ФИФА кунлари йўқ, бу бир. Март-апрель ойлари Олимпия терма жамоамиз учун энг муҳим палла ҳисобланади, бу икки. Учинчидан эса, апрель-май ойларида Осиё чемпионлар лигаси ва ОФК кубоги ўйинлари бўлиб ўтади. Келаси йилдан бу мусобақаларда клубларимиз сони ошиши мумкинлигини, шунингдек, Корея ва араб клубларида ҳам легионерларимиз борлигини эътиборга олсак, мақбул вақт ва шароитни қидириб топиш терма жамоамиз раҳбарияти учун жуда қийин бўлиши мумкин.
2-ЎЙИН.
Ўша муамммо барибир ечилиши шарт. Чунки, иккинчи тур ҳам узоқ куттирмайди. Орадан беш кун ўтиб сафарда ўйнаймиз. Энди тасаввур қилинг, терма жамоамиз охирги марта Тожикистон билан асосий таркибда йиғилди. Бу ҳолат ўша даврларгача сўнггиси бўлиб қолса нима бўлади?
Қайсидир маънода дастлабки икки тур терма жамоаларнинг кейинги тақдирини белгилаб беради. Русларда «поймать кураж» деган гап бор. Яъни илк ўйинларда керакли натижага эришилса, кейинги ўйинларда босим камайиб бориши аниқ. Менимча. ўтган сафар Шимолий Корея терма жамоаси айнан мана шу омил эвазига муваффақият қозонган. Аслида ўйинлар бошида Эрон ва Саудия терма жамоаларидан анча кучсиз эканликлари маълум эди. Илк турларда керакли натижага эришилди, футболчиларда ўзларига нисбатан ишонч ортди, рақибларга босим тушди ва ҳоказо. Агар дастлабки ўйинлар бой берилса, жамоада жипслик йўқолади, мухлисларда ишонч камаяди, мураббий ҳам бир нимани тузатишга ҳаракат қилааверади ва хато кетидан хатолар бўлиши мумкин. Маълум ва белгиланган режа асосида манзил томон чалғимай ҳаракатланишга нима етсин.
Хуллас, 2012 йил 8 июнда гуруҳимизнинг бешинчи жамоаси уйида меҳмон бўламиз.
Энг ёмон вариантда бу Саудия Арабистони терма жамоаси бўлиши мумкин. Бунинг учун араблар сафарда Австралия билан сўнги тур учрашувида муваффақиятли ўйнашлари керак бўлади. Албатта, ҳозирдан рақиб танлаш бироз нотўғри, аммо ўша куни биз сафар қилишимиз мумкин бўлган энг ноқулай шаҳар бу Жиддадир, У ерда нафқақат терма жамоамиз, ҳатто клубларимиз ҳам юта олишмаган.
Яна бир ҳолат. Ўша куни биз учун яна бир ноқулай рақиб бор. Япония терма жамоаси. Юқорида айтилганидек, Япония терма жамоаси биринчи саватда бўлса-да, тақвимда бешинчи позициядаги жамоа ўрнида қатнашади. Мабодо, Япония терма жамоаси билан бир гуруҳга тушиб қолсак, иккинчи турда Японияга сафар қиламиз.
Қўрқиб кетманг, 2-турдаги рақибимиз Уммон, Тайланд ёки Ливан (ҳатто Кувайт ҳам) терма жамоалирадан бири ҳам бўлиши мумкин. Уммон ва Тайланд саудияликларни гуруҳда қолдириб кетиш имконияти бор, Ливан эса қуръа шарофати билан...
Демак, биз учун 1-турдан кейин Тайландга эмас, араб мамлакатларига сафар қилишимиз қулайроқ. Бу давлатнинг Уммон ёки Ливан бўлиши янада маъқул. Ҳар ҳолда у ерда муваффақиятли ўйнай олишимизга ишончим комил.
Биз учун яна бир қулайлик, учинчи турда дам оламиз.
3-тур эса 12 июнь куни бўлиб ўтади. Гуруҳнинг тўртинчи ва бешинчи позициясида турган жамоалар учун бироз қийинчилик мавжуд. Улар кетма-кет уч турни ўтказадилар. Бу турлар атиги 9 кун ичида бўлиб ўтишини ва орада узоқ сафарлар ҳам эҳтимолини эътиборга олсак, жиддий муаммо ўртага чиқади, хайриятки, Ўзбекистон терма жамоаси бундай муаммога тўқнаш келмайди.
3-ЎЙИН
Ҳисобимиздаги учинчи ўйин тўртинчи тур доирасида 2012 йилнинг 11 сентябрь куни бўлиб ўтади. Шу куни биз ўз майдонимизда гуруҳнинг 1-жамоасини қабул қиламиз. Агар қуръада тушиб қолса, бу жамоа Австралия терма жамоаси бўлади. Агар Япониянинг гуруҳига тушиб қолсак, гуруҳдаги бешинчи жамоа — ўша Ливан, Саудия Арабистони, Уммон, Тайланд каби жамоалардан бири бўлиши мумкин.
Уч йил олдин 10 сентябрь куни Австралия терма жамоасига Тошкентда бой берганмиз. Шундай бўлса-да, сентябрь ойи терма жамоамиз учун у қадар ноқулай эмаслигини эътироф этмоқчиман. Зеро, Япония билан учинчи босқич ўйини ҳам сентябрда ўтказилди ва у қадар ёмон ўйнамадик.
Бундан ташқари бу учрашувга кўнгилдагидек тайёрланиш учун имкониятимиз бўлади. 15 август ФИФА куни ҳисобланади ва шу санада бирор кучли терма жамоа билан келишиб ўртоқлик учрашуви ўтказишимиз мумкин. Шунингдек, ўйин 11 сентябрда бўлса-да, ФИФА 7 сентябрниям терма жамоалар учун ажратган. Демак легионерларимизнинг ўйинга 1-2 кун қолганда етиб келиш ҳолатлари бўлмайди. Умид қиламизки, 7 сентябрь кунидан ҳам унумли фойдаланамиз ва айнан Тошкентда йиғин ташкил қилиниб, ўртоқлик ўйинида майдонга тушишимиз мумкин.
Демак, тайёргарлик учун яхши шароит бўлган 3 ўйинимизни Тошкентда ўтказишимиз биз учун фойдали. «Узоқ йўлга борамиз, шунинг учун футболчиларимизни чарчатиб қўйишни истамадим ва бошқа ўйин ўтказмадим», қабилидаги изоҳларни эшитмаймиз.
4-ЎЙИН
Тўртинчи ўйинимизни 16 октябрь куни сафарда, гуруҳнинг тўртинчи жамоасига қарши ўтказамиз. Бу жамоа Ироқ ёки Қатар бўлади. Ироқ терма жамоаси рейтинг бўйича Иорданияни ортда қолдириш имконияти бор.
У ҳолда, тўртинчи сават жамоаси сифатида Иордания ҳам бизга рақиб бўлиши мумкин. Ким бўлмасин, бу жамоаларга қарши ўйнаш, ҳатто ғалаба қозониш Абрамов шогирдларининг қўлидан келадиган иш. Бу ўйинга олдиндан очко олиш режалаштирилиш шарт, деб ўйлайман. Мана шу ўйиндаги ижобий натижа бизни камида учинчи ўрин учун яхшигина имконият ҳосил қилади.
12-16 октябрь кунлари терма жамоаларга ажратилган. Осиё жамоалари учун яна қулайлик. 12 октябрь кунлари расмий ўйинлар қўйилмаган, демак ўртоқлик ўйинлари учун яхши шароит. 2012 йилдаги ўйинларимиз тақвими мана шу тарафдан менга ёқди. Яъни биз учун доим қийин бўлиб келган ҳолат – қайсидир бўш кунларда терма жамоамизни йиғиб, ўртоқлик ўйинини ташкил қилиш ташвишидан қутуламиз. Шу билан бирга ҳар бир масъулиятли ўйин олдидан йиғилиб, назорат-ўртоқлик ўйинларини ташкил қилиш имкониятимиз бор. Йиғинни ўйиндан 5-6 кун олдин ташкил қилиш ва 12 октябрь куни ҳам ўртоқлик ўйин ўтказишга ҳаракат қилса бўлади.
5 ва 6 ЎЙИНЛАР
14 ноябрь куни сафарда гуруҳнинг иккинчи жамоасига рақиб бўламиз. Эрон ёки Жанубий Кореяга. Бу 2012 йилдаги сўнгги расмий учрашувимиз бўлади.
2013 йилнинг 26 март куни ўз майдонимизда гуруҳнинг бешинчи жамоасига қарши ўйнаймиз. Бу жамоа Ливан, Уммон, Тайланд кабилар ёки юқорида айтганимиздек, Саудия Арабистони, Япония каби кучлироқ жамоалар ҳам бўлиши мумкин.
СЎНГГИ ЎЙИНЛАР
Худди IV босқичнинг илк турларидек, охирги ўйинлар ҳам жуда тиғиз паллада бўлиб ўтади. Яхши томони, кўп нарсани ҳал қиладиган 9-10 турлардан олдин биз дам оламиз.
Дам олиш деганда, ҳақиқий маънода дам олишни тушунмаслик керак. 8-турда рақибларимиз ўзаро ўйнаётган пайтда, биз тайёргарлик қилиб олсак бўлади. Маълумки, апрель-май ойлари клублар учун жуда тиғиз ҳисобланади. Чемпионатларнинг якуний палласи, Еврокубоклар ҳал қилинади. Шунинг учун ФИФА кўпинча бу ойларни терма жамоалар учун ажратмайди.
Демак, уша 26 март кунидаги ўйиндан кейин хайрлашган жамоа бирданига йиғилиб, кетма-кет учта муҳим учрашувда майдонга тушиши бироз хавотирли. Шу жиҳатдан бизнинг айнан учинчи саватда бўлишимизнинг фойдаси катта.
4 июнда 8-тур ўйинлари бўлиб ўтади, демак ўша куниёқ, яъни расмий ўйинимиздан бир ҳафта олдин таркибимизни йиғиб олиш имкониятимиз бўлади. Шунингдек, энг охирги турда майдонга тушиш ҳам стратегик жиҳатдан аҳамиятли ҳисобланади. Ҳаммадан аввал ўйинларни якунлаб, бошқаларнинг натижасига термулишдан, қайсидир терма жамоадан «фейр-плей» умид қилишдан Худо асрасин.
9-турда еттинчи учрашувимизни ўтказамиз. Австралияга ёки ўша ҳадеб саналаётган қайсидир араб юртига сафар қиламиз. Сўнгги турни эса Тошкентда якунлаймиз. Ким билан? Гуруҳнинг тўртинчи жамоаси бўлмиш Ироқ ёки Қатар билан. Сўнги турни Тошкентда якунлашимиз албатта яхши! Зеро, бу жамоалар устидан ғалаба қозонишимизга ишонса бўлади. Битта ёмон тарафи, биз ўша ўййин олдидан сафардан келамиз, рақибимиз эса 9-турда дам олади.
ХУЛОСА
Жанубий Корея терма жамоаси ўз майдонида Кувайтдан ютқазиб қўйишига ишониш қийин. Шунинг учун таҳлил асосан учинчи сават жамоаси сифатида қилинди. Балки Кувайт ғалаба қозонар, шунда биз иккинчи саватчага кўтарилишимиз ва битта кучли жамоадан қутулишимиз мумкин. Мақола бўлажак рақиблар эмас, тақвим, унинг ноқулай тарафлари ҳақида эканини инобатга олсак, биз учун учинчи саватчада бўлиш қулайроқ эканини сезган бўлсангиз керак. Иккинчи саватдаги жамоага бироз қийинроқ бўлади, сабаби, уларнинг дам оладиган турлари ноқулай вақтларга тўғри келади.
Айниқса, сўнгги уч турга эътибор беринг. 2-сават жамоаси 8-турни қандайдир араб жамоасига қарши сафарда ўтказади. 9-турда уйига қайтиб келиб, рақибини ўз майдонида қабул қилади. Сўнгги тур ўйини учун эса яна сафарга отланади. Агар иккинчи ўрин учун курашда бу жамоа ҳам бизга рақиб бўлишини эътиборга олсак, мана шу ҳолатлар ҳам бизга бироз устунлик бериши бор гап.
Юқоридаги мулоҳазалар шунчаки қуруқ таҳмии холос. Ўзимча санаётган устунлиг-у ноқулайликлар ҳам жуда нисбий. Чунки барчаси ўша омиллардан қай даражада фойдаланишга боғлиқ, тўғрими? Ҳар қандай жамоа учун, ҳар қандай вазифани бажариш йўлида рақибига нисбатан қандайдир устунлик ва камчиликлар бўлади.
Мураббий ва мутасаддиларнинг иши эса айнан ўша устунликларни ошириш ва муаммоларнинг таъсирини озайтиришга ҳаракат қилишдир. Якунда ҳал қилувчи мақомда устунликларимиз бўладими ёки муаммоларимими, буёғи энди ана ўша инсонларнинг меҳнатига боғлиқ. Омад тилайман!
Қаҳрамон АСЛАНОВ,
2011 йил 19 ноябрь
4 -БОСҚИЧ ТАҚВИМИ
2012 йил
1-тур. 3 июнь: 3 ва 2, 5 в 4. (1 дам олади)
2-тур. 8 июнь: 4 ва 1; 5 ва 3 (2 дам олади)
3-тур. 12 июнь: 1 ва 5; 2 в 4 (3 дам олади)
4-тур. 11 сентябрь: 5 ва 2; 3 ва 1 (4 дам олади)
5-тур. 16 октябрь: 4 ва 3; 2 ва 1 (5 дам олади)
6-тур. 14 ноябрь: 2 ва 3, 4 ва 5 (1 дам олади)
2013 йил
7-тур. 26 март: 1 ав 4; 3 ва 5 (2 дам олади)
8-тур. 4 июнь: 5 ва 1; 4 ва 2 (3 дам олади)
9-тур. 11 июнь: 2 ва 5; 1 ва 3 (4 дам олади)
10-тур. 18 июнь: 3 ва 4; 1 ва 2 (5 дам олади)
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).