Англиянинг «Эвертон» клуби бош мураббийи Дэвид Мойеснинг сўзларига кўра, футболчиларнинг маоши камида 20 фоизга қисқартирилиши керак. Бу ҳақда «Daily Express» нашри хабар бермоқда.
Ливерпулликлар устозининг фикрича, клублар футболчиларга керагидан ҳам ортиқ пул тўлашмоқда. Бу эса, ўз навбатида, молиявий муаммоларга сабаб бўлмоқда.
«Футболни сақлаб қолиш учун биз кескин қарорларни қабул қилишимиз керак. Клублар ўз пулларини тўғри сарфлашлари керак», деди британиялик мутахассис.
«Англиядаги барча оилалар ўзларининг молиявий аҳволларни ҳисоблаб чиқишади, нима учун футболда қоидалар бошқачароқ бўлиши керак? Футболчиларнинг маошини қисқартириш керак», деди Мойес.
«Маошларни 20 фоизгача қисқартириш ҳақидаги қарор кўпчилик томонидан норозиликка учрар, бироқ футболнинг узоқ муддатли истиқболи ҳақида ҳам ўйлаш керак. Бу нарса, балки, стадионга кириш имконини берувчи чипталарнинг нархи пасайишига таъсир қилар», деди «Эвертон» устози.
«Шунингдек, мени симуляция масаласи ҳам ўйлантиради. Мен футболчиларимга, жамоамда «майдонга шўнғийдиган» ўйинчиларни кўрарга кўзим йўқлигини айтиб қўйганман», дея қўшимча қилди Дэвид Мойес.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).