Килиан Мбаппе иккинчи марта «ПСЖ»нинг шартнома узайтириш борасидаги таклифини рад этди. Маrcа нашри хабарига кўра, клуб футболчига 1 мавсум учун 50 миллион евролик маош билан икки йиллик шартнома таклиф қилган. Парижликлар раҳбарияти футболчини Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида «ПСЖ» футболчиси сифатида қатнашишини истамоқда. Шунингдек, Хелайфи футболчини Париж клубининг еврокубокларда рақобатбардош жамоага айлантиришга ишонтирмоқчи. «Реал Мадрид» Килианнинг шартномаси якунланишини кутмоқда ва у уни эркин агент сифатида қўлга киритишни мўлжалламоқда.
23 ёшида Мбаппе исталган футболчи орзу қилган нарсага эришди — Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди, тўрт марта Франция чемпиони бўлди, Чемпионлар Лигаси плей-оффида ўйнади ва исталган вақтда рекорд даражадаги маош билан шартнома имзолаш имкониятига эга. Нега у буни қилмаяпти ва Килианни Парижда сақлаб қолиш шунчалик муҳимми? Сабаби, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам музокараларга қўшилди ва футболни Париж клубида қолишга чақирди? Бунинг сабаби нима? Келинг, буни аниқлаштирамиз!
Нега Мбаппе «ПСЖ»ни тарк этмоқчи?
Мбаппе ўз иқтидори ва салоҳияти даражасини яхши билади, шунинг учун унинг олдидаги асосий вазифалар имкон қадар тезроқ «Олтин тўп» ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишдир. «ПСЖ»да буни қила оладими? Назарий жиҳатдан, ҳа. Аммо буни Парижда қилиш Испания ёки Англия чемпионатларидан кўра қийинроқ бўлади. Сабаби Лига—1 мусобақасининг(АПЛ ва Ла Лига билан солиштирганда) даражаси қолганлардан бироз пастроқ.
«ПСЖ» ўтган мавсумда чемпионликни қўлга кирита олмаган бўлса-да, Францияда сўзсиз гегемон клуб бўлиб қолмоқда. Трансфермаркт парижликлар таркибини 909,5 миллион еврога баҳоламоқда. Бу кўрсаткич бўйича ички чемпионатда иккинчи ўринда турган «Монако» - 352,2 миллионга баҳоланган. «ПСЖ» футболчиларнинг номи ва қобилияти биланнатижаларга эришишга ўрганиб қолган - «Ланс» ёки «Анже»ни мағлуб этиш учун улар 100 фоиз бор кучини бериш шарт эмас. Аммо бу Чемпионлар лигасида муаммоларга сабаб бўлмоқда. Айнан мана шу сабаб «ПСЖ»нинг Европа ареналаридаги асосий муаммоси бўлиб қолмоқда ва ушбу хатони тўғрилаш учун парижликларга ўйинлар жуда камлик қилади. Мавсум давомида улар ички чемпионатда 7-10 очко йўқотса, Премьер-лига ва Испания клублари ҳатто аутсайдерлар билан ўйинларга ҳам сезиларли даражада тайёргарлик кўришади. Бу Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида тўлиқ тезлигини ёқишга одатланмаган «ПСЖ»га яхшигина зарба бўлади.
Шунингдек, жамоада аниқ етакчининг йўқлиги каби муаммо ҳам мавжуд. «Ливерпуль», «Челси» ва «Бавария» каби жамоалар жамоавий ўйин ва босимга таяниб, Чемпионлар лигасида муваффақият қозонишса, «ПСЖ» таркибдаги юлдузлар сонига таянишда давом этмоқда. Оддий «Бавария»ни олайлик, агар немис клуби ҳимоявий ўйин кўрсатса, ҳатто Левандовски ва Мюллер каби футболчилар ҳам мудофаага қайтишади. Аммо Париж клуби сафида Месси ва Неймар каби топ-даражадаги етакчилар бундай ишни қилишмайди ва «ПСЖ» тўққиз киши билан ҳимояланишга мажбур бўлишади, шунингдек «кўк-қизиллар»да ҳимоя ва ҳужум чизиғи деярли боғланмаган.
ОАВнинг таъкидлашича, Мбаппе «ПСЖ»ни тарк этиш орқали Неймар ҳамда Мессининг соясидан чиқиб кетишни мўлжалламоқда. Футболчи биладики, у Европанинг исталган клубида сўзсиз биринчи рақамли фигурага айлана олади. Ўша ишни Париж клубида амалга оширишнинг иложи йўқми? Ҳа, бўлади, аммо «ПСЖ» шунчаки «Реал Мадрид»дек тарихий мақомга эга эмас.
Демак, «ПСЖ» билан шартномани узайтирмаслик масаласида Мбаппе учун пул асосий омил эмас. Парижликларнинг қатарлик хўжайинлари томонидан молиялаштирилиб, уларда пул томонлама ҳеч қандай муаммо йўқ. Клуб Мбаппенинг ҳар қандай истакларини қондиришга тайёр, аммо у ҳали ҳам кетишни истамоқда. Аммо Париж учун унинг кетиши — Европа майдонларида яна бир неча йиллар совринсиз қолишга баробар.
Нега «ПСЖ» учун Мбаппени сақлаб қолиш жуда муҳим?
Париж клуби Килиан билан музокараларда максимал даражада футболчига мослашувчанликни кўрсатмоқда ва клуб унга қисқа муддатли шартнома таклиф қилди. Футболчи маош ва турли бонусларни ҳисобга олган ҳолда Европанинг энг кўп ойлик маош оладиган футболчисига айланиши мумкин.
«ПСЖ» ва бутун француз футболи учун бу шартнома энг асосий нарса ҳисобланади. Агар Мбаппе Испанияга кетса, Лига—1 ҳам обрўсини, ҳам реклама шартномаларини йўқотади ва улар Англия, Испания ва Германия етакчилари билан йиллар давомида тенг шароитда рақобатлашадиган клуб сифатида эътироф этилмай қолиши мумкин.
Месси ҳалигача «Барселона»да кўрсатган ўйинини намойиш этмаяптива Неймар 30 ёшида бўлса-да, майдонга тушган ўйинларидан кўра жароҳат сабаб майдонга тушмаган ўйинлари кўпайиб кетган.
Мбаппе юлдузлар билан тўлдирилган «ПСЖ»нинг энг муҳим ва қолганларига қараганда фойдалароқ футболчиси ҳисобланади. Килиан эндигина 23 ёшда ва унинг карьерасидаги ёрқин кунлар ҳали олдинда. Месси ёзда 35 ёшни қарши олади ва эҳтимол шартномаси якунлангач «Барса»га қайтиши мумкин. Неймар 30 ёшга кирди ва жароҳатлар унинг фаолиятини издан чиқарган. Агар Мбаппе кетса, «ПСЖ»нинг асосий двигатели ишдан чиқади.
Демак, Мбаппе билан шахсий музокаралар олиб борган ва ундан Францияда қолишини сўраган мамлакат президенти Эммануэль Макрон ҳам бу ишга аралашиб қолгани бежиз эмас. Музокараларнинг яна бир воситачиси Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози ҳисобланади. El Mundo нашри хабарига кўра, «ПСЖ» президенти Носир Ал-Хелайфи ва спорт директори Леонардга Қатар амири томонидан ҳар қандай ҳолатда ҳам Мбаппени жамоада сақлаб қолиш вазифаси юкланган. Лига—1 Қатарнинг beINтелеканали билан катта шартномага эга ва футболчи кетадиган бўлса, телеканал каттагина зарар кўриши мумкин. Демак, Килианнинг трансфери фақат клубнигина эмас, балки сиёсатмасалаларга сабаб бўлиб турибди.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).