Криштиану Роналду шу ёзда “Манчестер Юнайтед”ни тарк этиши ҳақиқатга яқинроқ. Футболчи машғулотларга ҳали қўшилмади, Португалияда бўлиб турибди ва агенти Мендеш унга янги жамоа ахтармоқда. Хўп, агар ҳужумчи Манчестерни тарк этадиган бўлса, Эрик Тен Хаг янги “тўққизлик” излаб бозорга чиқадими?
Менимча, йўқ. Мураббий сўнгги мавсумда “Аякс”да Аллер каби яққол ҳужумчи билан ўйнаган бўлса-да, кўпроқ олдинги чизиқда фаол универсаллар билан ҳам муваффақият қозона олади. Бу ролга таркибда Рэшфорд, Санчо, Марсиял ва Эланга бор. Роналдунинг кетиши клубга тахминан 40 миллион евро иқтисод қилишини (бир йиллик маош + трансфер нархи) эътиборга олсак, Тен Хаг ўзи орзу қилаётган Антонини ҳам “Аякс”дан олиб келиши мумкин.
(Агар 2019 йилда ЕЧЛ яримфиналига чиққан “Аякс”ни эсласак, жамоа катта ўйинларда алдамчи тўққизлик сифатида Тадич билан ҳаракат қилган. Расмда ҳам Мадридда 4:1 ғалаба қозонган таркиб кўрсатилган – тўғри, яққол таянч вакили Стротман бор, лекин “МЮ” ҳозир Мартинес учун ҳам курашаётганини эътиборга олсак, у аслида таянч яримҳимоячиси ҳисобланади ва Тен Хаг марказий ҳимоячига эҳтиёж борлиги учун уни ҳимояга ўтказган)
Баъзида Португалия терма жамоасида, ҳатто “МЮ”да ҳам бу ролда синаб кўрилган Бруно Фернандешни ҳам унутмаслик керак. Кристиан Эриксен ва Де Йонг марказга келадиган бўлса, Брунони биз ўша Тадичнинг ролида кўришимиз ҳам мумкин.
Олдинги чизиқда Бруно, Антони, Санчо, Рэшфорд, Марсиял, марказда Эриксен, Де Йонг, Ван Де Бек, Мактоминей, Фред, Мартинес... Деярли Тен Хаг учун жамоа. Назаримда, Роналдунинг кетиши нидерландиялик мураббийга ўз жамоасини қуриш жараёнини тезлаштириб, осонлаштириб ҳам берадигандек. Албатта, бунинг учун Де Йонг, Эриксен ва Мартинес трансферлари содир бўлиши керак.
Қаҳрамон Асланов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).