Хабарингиз бор, ўтган ойнинг охирларида юртимизда ишлаётган дарвозабонлар бўйича мураббийлар учун ФИФАнинг халқаро курси ташкил қилинди.
Ушбу семинарда «Машъал»да ишлаётган мураббий Денис Иванков ҳам иштирок этди. Курслар ўз якунига етгач, бизда Иванков билан кўришиб, ундан интервью олиш фикри туғилганди. Шу баҳонада мураббийдан келажаги порлоқ сифатида эътироф этилаётган Санжар Қувватов тўғрисида ҳам баъзи нарсаларни сўраб олдик. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Денис Александрович, дарвозабонлар мураббийлари учун ташкил қилинган ФИФА семинари қандай ўтди?
- Барчаси жуда яхши бўлди. Гарчи семинар қисқа муддатда ташкил этилган бўлса-да, биз ўзимизни қизиқтирган ҳамма саволларга жавоб олдик. Семинарнинг дастлабки икки куни назарий машғулотлар билан ўтган бўлса, кейинги икки кун ичида амалий машқларни бажардик. Бизга асли словакиялик, лекин ўз вақтида Франция клубларида тўп сурган собиқ дарвозабон дарс ўтди. У ҳозир ФИФА йўриқчиси сифатида фаолият олиб бораётган экан.
- Унда олий лиганинг барча клубларида ишлаётган дарвозабонлар бўйича мураббийлар иштирок этишдими?
- Ҳа, деярли ҳамма иштирок этди. «Машъал»дан биргина мен борган бўлсам, масалан «Бунёдкор»дан уч нафар дарвозабонлар мураббийи келиб қатнашди. Шунингдек, биринчи лиганинг бир-иккита жамоасидан ҳам мураббийлар келишди.
- Шахсан сиз ўзингиз учун семинарда қандай янгиликларни олдингиз?
- Семинарнинг асосий мақсади дарвозабонларни тўғри шуғуллантиришга, шунингдек ўйинларга тўғри тайёрлашга қаратилди. Семинарнинг биринчи кунида ФИФА йўриқчиси бизга инглиз тилида дарс ўтди, бироқ унинг таржимони футболни кўп ҳам яхши тушунмас экан, таржима борасида анча қийинчиликларга дуч келди. Кейин билсак, мураббий русчани ҳам билар экан. Натижада унга таржимонга ҳожат йўқлигини, бемалол дарсларни рус тилида олиб боришини илтимос қилдик. Шундан сўнг қолган кунларда словакиялик мутахассис рус тилида гапириб курсни ажойиб тарзда ўтди.
- Четдан қараганда биздаги дарвозабонлар қачонки олий лига жамоасида ўйнай бошлашганида алоҳида мураббий билан ишлаётгандек кўринмаяпти.
- Гапингизда жон бор. Айтайлик, «Пахтакор», «Бунёдкор», «Машъал», «Насаф» сингари ўзининг футбол мактабларига эга жамоаларда ҳатто ёш дарвозонларни ҳам дарвозабонлар мураббийлари шуғуллантиришмоқда. Масалан, бизда Павел Синельников болалар ва ўсмирлар футбол мактабимизда таҳсил олаётган ёш дарвозабонларни шуғуллантириб келяпти. Шунингдек, у имкон бўлди дегунча фарм-клуб ва асосий таркибдаги дарвозабонлар билан ҳам бирга ишлаяпти. Аммо аксарият клубларда дарвозабонлар ўзлари мустақил ишлашади. Улар тўғри машғулот жараёнига амал қилишяптими-йўқми, буни билмайман. Лекин дарвозабонлар ҳам ёшлигиданоқ алоҳида мураббий билан ишлагани маъқул деб ўйлайман. Чунки майдондаги ўйинчилар сингари дарвозабонларга ҳам пойдевор кичиклигидан қўйиб борилса, катта бўлгач улар қийналиб қолишмайди. Ҳозир олий лиганинг деярли ҳамма клубида дарвозабонлар бўйича мураббийлар ишлашмоқда. Бироқ биринчи лига жамоалари ҳақида гап кетганда бундай деб бўлмайди. Агар биринчи лига, ҳатто иккинчи лига жамоаларида ҳам алоҳида мураббийлар ишлашганида борми, бизда ҳам яхши дарвозабонлар кўпроқ етишиб чиққан бўларди.
- Мана, тўртинчи йилдирки «Машъал»да дарвозабонларни шуғуллантириб келяпсиз. Жамоадаги ҳозирги дарвозабонлар хусусида нима дея оласиз?
- Клубнинг биринчи рақамли посбони Санжар Қувватов ҳақида ҳар қанча гапирсам оз. Ўйлайманки, юртимиздаги кўплаб ҳамкасбларим айнан Қувватовга ўхшаган дарвозабон билан ишлашни хоҳлашади. Қувватов - қатъий режимга амал қиладиган йигит. Вақтини бекор ўтказмайди ва доим юқорига интилиш хусусида ўйлайди. Бу йил сафимизга келиб қўшилган Шерзод Каттаев ҳам яхши дарвозабон, у олий лигада бир нечта ўйинларда майдонга тушган. Аммо Қувватов билан юзага келган соф рақобатда ютқазиб қўяётгани учун бироз сиқилиб юрибди. Ўткир Юсуповга келсак, «Дўрмон-Спорт» биринчи лигада ўйнаган маҳал Ўткирни менга клуб устози Ойбек Усмонхўжаев тавсия қилганди. Усмонхўжаев қўнғироқ қилиб, Денис, шу футболчини синаб кўр, яхши йигит деб айтганди. Мана, бир йилдан ошдики Юсупов ҳам жамоамиз сафида шуғулланиб келяпти. У ўтган йил ичида яхшигина тажриба тўплади деб ўйлайман. Яна бир ёш дарвозабонимиз Ғанишер Холмуродовни эса ҳеч тушунмаяпман. Биласиз, уни тез-тез ёшлар терма жамоамиз сафига чақириб туришибди. Негадир терма жамоадан қайтгач, Ғанишерда клубга келиб ишлаш хоҳиши бўлмаяпти. У Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашдим, кейин менга «Спарк» беришди ва шу билан ҳамма нарсага эришиб бўлдим деб ўйлаётган бўлса хато қилади. Чунки Холмуродов ҳали катта футболда ҳеч нарсани қойиллатгани йўқ. У ўзининг тенгдошлари орасида ном чиқарган бўлиши мумкин, аммо олий лигада ҳали ўзини кўрсатмади. Шундай экан, ушбу ёш дарвозабон машғулотларда янада жиддийроқ ишлашни бошламас экан, бу кетишда ёшлар терма жамоамиздан ҳам қуруқ қолиши мумкин.
- Негадир Санжар Қувватов охирги пайтларда руҳий тушкунликка тушиб қолгандек куринмоқда?
- Ҳаммаси ўша БААдан учралган 2:3 ҳисобидаги аламли мағлубиятдан сўнг рўй берди. Ўтказиб юборилган голларда Санжар ҳалигача ўзини тўлиқ айбдор деб ҳис қилмоқда ва шундан бери қандайдир ўрага тушиб қолган. Мен мураббий сифатида у билан бу борада кўп гаплашдим. Бўлиб ўтган ишларни тезроқ унутиши кераклиги хусусида маслаҳатлар бердим. Лекин шу ўринда Қувватовни ҳам тўғри тушуниш керак, ахир Олимпиадага боришимизга бир қадам қолганди. Аммо бирин-кетин учта гол ўтказиб юбориш ёш дарвозабонни анча қийин аҳволга солиб қўйди.
- «Машъал» олий лиганинг охирги уч ўйинида бирорта ҳам гол урмасдан ўнта тўп ўтказиб юборди. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- Клуб сафидаги ҳимоячиларни танқид қилмаган ҳолда шуни айтишим мумкин, ўтказиб юборилган голларнинг ҳаммасида ҳам Қувватовнинг айби йўқ. Ҳозирги футболда клуб гол ўтказса бутун жамоа айбдор бўлади ва буни тўғри деб ҳисоблайман. Тўғри, Қувватов ҳам қўпол хатоларга йўл қўйди, лекин буларнинг бари кутилмаганда юз берди. Афсуски, биз ҳозирча олий лига клублари ичида энг кўп гол ўтказиб юборган жамоа бўлиб турибмиз.
- Сиз балки машғулотларни нотўғри ўтказаётгандирман деган хаёлга бордингизми?
- Шундай ўйга бир эмас, бир неча марта бордим. Ўз майдонимизда «Пахтакор»га 0:3, сафарда «Андижон»га 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйганимиздан сўнг Владимир Фомичевнинг хонасига кириб бош мураббий билан анча узоқ гаплашдик. Ўтказиб юборилган голларни таҳлил қилдик. Шунда Владимир Александрович менга Қувватовнинг хатоси туфайли эмас, балки бутун жамоанинг ўйини қовушмаётгани учун кўп гол ўтказяпмиз деди. Лекин шунда ҳам Санжарни доим тергаб тураман. Майдондаги ўйинчилар қандай ҳаракат қилишаётгани билан ишинг бўлмасин, сен гол ўтказмасдан ўйинни тугатишни ўйла дейман. Менимча, вақт ўтиши билан ҳаммаси изига тушиб кетади.
- Айтганча, «Машъал-Академия» сафидаги дарвозабонларни ҳам кузатиб келяпсизми?
- Ҳа, албатта. Равшан Абдужабборовни анчадан бери биламан. Унга кўпинча барқарорлик етишмаяпти. Қашқадарёлик Жавоҳир Илёсовга келсак, унинг ҳатти-ҳаракатлари менга маъқул келди ва иккинчи даврада уни ҳам асосий жамоа машғулотларига жалб этишни мўлжаллаб турибмиз.
- Айни пайтда юртимиздаги энг кучли дарвозабонлар сифатида кимларни айта оласиз?
- Биринчи рақамли дарвозабон бу – Игнатий Нестеров. Машғулот пайтида ҳеч ким унингдек тер тўкмайди. Кейин эса ёши катта бўлгани ҳамон бир текис ўйин намойиш этаётган Павел Бугалони кучли деб биламан. Ундан кейинги ўринга эса ҳеч иккиланмай Санжар Қувватовни қўяман.
- Маълумки, сиз олимпия терма жамоамизда ҳам дарвозабонлар бирга ишладингиз. Вадим Абрамов бошчилигидаги олимпиячиларимиз ўз фаолиятини тугатганидан сўнг сизга ўзимиздаги бошқа терма жамоалардан таклиф бўлдими?
- Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасидан таклифлар бўлди, лекин ўзим унамадим. Чунки ўтган йил олимпия термамиз сафида ишлаганимда тез-тез йиғин ўтказилгани туфайли клубда бир текис ишлай олмадим. Натижада бу ўзимга ҳам ғалати туюлди, ахир клуб менга ойлик тўлаётган бўлса. Бу мавсумдан эса бор эътиборни клубдаги ишимга қаратишни маъқўл кўрдим ва ҳеч бир терма жамоанинг таклифини қабул қилмадим. Ҳамкасбим Пётр Гизимчукка нисбатан ҳурматим юқорилигини унутмаган ҳолда шуни айтишим мумкин, қачонки миллий терма жамоадан таклиф тушсагина ишлашга рози бўламан. Унгача эса фақат «Машъал»да фаолият олиб боришни лозим топяпман.
Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).