"МЮ" 2023-24 йилги мавсумдан бошлаб, асосий таркибида кескин ўзгариш қилиши кутилмоқда. Яқин давр ичида "қизил иблислар" дунёнинг бир нечта супер юлдузларига қизиқиш билдира бошлаган эди. Улар эса клубни яна АПЛ учун жиддий даъвогарга айлантириши мумкин. Шулардан сўнггиси "Челси" ҳужумчиси Мейсон Маунт ҳисобланади. У ортиқ "Стемфорд Бриж"да қолмаслиги мумкин. Негаки, унинг янги шартномаси борасидаги ҳаракатларда ўзгариш кузатилмаяпти. Шу сабабдан Англия терма жамоаси аъзоси ёзда бир нечта клублар ўртасида талаш бўлади. Улар ичида "Ливерпуль" ва "Манчестер Сити" ҳам мавжуд.
Маунтнинг "МЮ"га келиши жамоа ҳужумини кучагйтириши турган гап. У ҳозирги Марсель Забитцернинг ўрнини эгаллаши айтилган. Чунки ёзда "Бавария" ўз футболчисини яна қайтариб олади. Бу нарса, ўз навбатида манкунианликлар ярим ҳимоясида Каземиро, Бруну Фернандеш, Френки де Йонг ҳамда Мейсон Маунтни бирлаштириш имкониятини яратади. "Барселона" ярим ҳимоячиси де Йонг "МЮ" учун ўтган йили ҳам нишон эди. Бу ёз эса яна бир бор нидерландиялик футболчига оғиз солиб кўрилиши айтилган.
"Тоттенхэм"нинг рекордчи-ҳужумчиси Харри Кейн охирги пайтларда "Манчестер Юнайтед" кузатувига тушганди. Агарда Англия терма жамоаси сардори ҳам жамоага қўшиб олинадиган бўлса, у ҳолда, Кейн ҳозирги Ваут Вегхорстнинг жойига эга чиқади. Кейн "МЮ" ҳужумига узоқ вақт мослашиши ҳам шарт бўлмайди. Негаки, у халқаро майдонда Маркус Рэшфорд билан бир неча йилдан бери елкама-елка ҳаракат қилиб келмоқда.
"Манчестер Юнайтед"нинг Кейн билан боғлиқ операцияси ўхшамайдиган бўлса, "Наполи" футболчиси Виктор Осимхен варианти ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Янги мавсумда яхшиланадиган позициялардан яна бири бу дарвоза соҳаси саналади. Клубнинг узоқ йиллик содиқ хизматчиси бўлиб келаётган Давид Де Хеанинг даражаси сўнгги пайтларда анча пасайиб қолган. Буни испаниялик футболчининг ўзи ҳам сезиб турибди. Шу сабабли мавсум якунида Де Хеа билан хайрлашув амалга оширилиши кутилмоқда. Унинг ўрнини эса "Брентфорд" посбони Давид Райя билан тўлдириш режалаштирилган. Райя ҳам Испания терма жамоаси аъзоси саналади ва у ҳозир ажойиб спорт формасида. "Арилар" устози Томас Франкнинг сўзларига кўра, агарда Райя сотувга қўйилса, унинг нархи, камида 40 миллион фунт бўлади. Қайд этилишича, "МЮ" дарвозабон учун яхшигина сармоя киритишдан қочмоқчи эмас.
ИСМАТОВ Ж.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).