Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) томонидан эълон қилинган Париж-2024 Олимпия ўйинлари янгиланган рейтингига кўра, мамлакатимизнинг 16 нафар спортчиси тўрт йиллик ўйинлар тизимидан жой олди.
Бу эътиборга молик ҳодиса бўлганлигини билдирган ҳолда ўтган Токио Олимпиадасида қатнашиш учун жорий этилган рейтинг кўрсаткичида юртимизнинг 8 нафар оғир атлетикачиси дастлабки Олимпия курашида қатнашганди. Якунда уларнинг 4 нафари Токио-2020 ўйинларида қатнашиш бахтига эришганди ўшанда.
Бу гал Олимпия ўйинларида иштирок этишга номзод спортчилар рўйхатида 16 нафар оғир атлетикачиларимиз борлиги Ўзбекистон спортида, хусусан оғир атлетика йўналишида янги саҳифа очилганлигининнг ёрқин ифодаси ҳисобланади.
Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати якунлангандан кейин эълон қилинган рейтингга биноан аксарият вазнлардаги етакчилик хитойлик спортчиларга тегишли бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Акбар Жўраев ва Рустам Жангабаев кучли ўнликда қайд этилган бўлса, Руслан Нуруддинов ва Турсуной Жабборова йигирматалик қатордан жой олишди.
Олимпия рейтингига киритилган Достон Ёқубов 24-ўринда, Нигина Адашбоева 26-ўринда, Шарофиддин Амриддинов 27-ўринда, Муҳаммадқодир Тоштемиров 32-ўринда, Адҳамжон Эргашев 35-ўринда, Нигора Абдуллаева 32-ўринда кўриниш беришган.
Шунингдек, Оғабек Нафасов, Диёрбек Рўзметов, Оғабек Тўхтаев, Суннатилла Ўсаров, Хожиакбар Олимов, Қурбонмурод Номозов ўз вазнларида Париж-2024 поғонасидан ўрин олганлиги эътиборли ҳолат эканлигини қайд этмоқ жоиз.
Шу ўринда айтиш лозим, Халқаро оғир атлетика федерацияси Олимпия саралаш тизимига мувофиқ, спортчи Париж-2024 да иштирок этиш учун келгусида иккита мажбурий ҳамда бештадан учта ихтиёрий халқаро мусобақада қатнашиши керак бўлади. Бу, жорий йил 2-17 сентябрь кунлари Саудия Арабистонида ўтадиган Жаҳон чемпионати ва кейинги йил апрель ойида Таиланд мезбонлигидаги Жаҳон кубоги саналади.
Париж-2024 Олимпиадасининг бешта ихтиёрий мусобақаларидан бири бўлган Осиё чемпионати айнан келгуси йил 20-27 февраль кунлари пойтахтимиз Тошкентда ташкил этилиши белгиланганлиги эътиборли воқеаликдир.
Эслатиб ўтамиз, Париж-2024 Олимпиадасида оғир атлетика мусобақалари эркаклар ўртасида бешта ва аёллар ўртасида бешта вазн тоифаларида бўлиб ўтади. Ҳар бир вазнда айнан қайси спортчи миллий терма жамоа таркибида Олимпия ўйинларида қатнашишини рейтингдаги баллари ҳамда мураббийлар кенгаши ҳал этади.
Юртимиз оғир атлетикачиларининг 16 нафари Париж-2024 рейтингидан жой олиши мамлакатимизда иқтидорли спортчиларни саралаш, уларга зарур шарт-шаротилар яратиш борасида кенг қамроқли ишлар самарали олиб борилаётганлигидан далолат.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси
Матбуот хизмати.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).