«Андижон» учун жорий мавсум жуда муваффақиятсиз ўтяпти. Улар 15 очко билан анчадан бери охирги поғонани банд этиб келмоқдалар.
Бу кетишда «Бургутлар» олий лига билан хайрлашишлари турган гап. Аслида ҳам кетма-кет мағлубиятлардан сўнг андижонликлар элитани тарк этиш учун биринчи рақамли номзод бўлиб турибди. Азамат Абдураимов шогирдлари ҳар бир ўйинда вазиятни ўзгартириш учун курашишяпти. Масалан, «Насаф» билан учрашувда ҳам тайёр ғалабани қўлдан бой бердилар. Агар жамоа таркибига назар ташласак, яхши савиядаги футболчилар бор. Лекин шунга қарамасдан натижа ижобий тарафга ўзгармаяпти. Жамоанинг етакчиларидан бири – Лочин Солиев учун ҳам мавсум омадсиз кечяпти. Уни кўп гол уришига ишқибозлар кўникиб қолгандилар. Аммо бу йил дарвозани ишғол этиши қийин бўлиб қолмоқда. Айнан мана сабаб туфайли клуб расмий сайтм Солиевдан муваффақиятсизликнинг сабабларини сўраш мақсадида интервью олди.
— «Андижон» кетма-кет бешинчи мағлубиятини тан олди. Охирги турда «Насаф» билан кечган учрашувда 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб ғалабани қўлдан чиқардинглар. Нима учун шундай бўлди?
— Мен ҳам ҳайронман. Бу бизнинг ютадиган ўйинимиз эди. Вазиятдан қутулиш учун ҳаракат қилдик. Умуман, ҳар бир учрашув биз учун худди ҳаёт-мамот жанги бўлиб қоляпти. Ўйинга чиқаётганимизда охирги ўйинга чиққандек курашяпмиз. Лекин «Андижон»га омад кулиб боқмаяпти. Бундан ташқари ҳакамлар ҳам баъзи вазиятларда нотўғри қарорлар чиқаришяпти. Ҳар бир ўйинда 11 кишига эмас, 14 кишига қарши ўйнаяпмиз. Тўғри, барча айбни ҳакамларга тўнкаб қўйиш яхши эмас. Бироқ уларнинг қилган хатоларига кўз юмиб қараб тура олмаймиз. Охирги ўриндан чиқиб кета олишимиз жуда мураккаб бўлиб қолди. Агар битта ўйинда ютиб олсак, кейин янада яхшироқ ўйнаб уни давом эттира олардик деб ўйлайман. Ҳадеб, мағлубиятга учрайвериш ҳам йигитларнинг асабига тегяпти. Тўғри, «Насаф» кучли жамоа. Биз унга ҳам, ҳар бир жамоага ҳам ҳурмат билан қараймиз. Аммо ўзимизнинг хатоларимиз ҳамда ҳакамларнинг хатолари қимматга тушди.
— Битта ғалаба қозонилса жамоа ўйини «очилиши» мумкин. Лекин энди кеч эмасмикин?
— Менимча ҳали ҳам кеч эмас деб ўйлайман. Биз охиригача курашамиз. Бўлди, энди «Андижон» олий лигани тарк этди деб олдиндан қўлни туширмаймиз. Олдимизда ўйинлар бор экан, демак сўнгги дақиқагача курашамиз. Нима бўлишидан қатъий назар курашишда давом этамиз.
— Охирги тўртта турни сафарда «Динамо», уйда «Олмалиқ», сафарда «Бухоро» ва яна уйда «Металлург» билан ўтказасизлар. Бу учрашувлар «Андижон» учун ҳаёт-мамот ўйинлари бўлиб қолади. Сиз ушбу учрашувларда максимал натижага эришишга ишоняпсизми?
— Боя айтдим-ку, охиригача курашамиз ва бунинг учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Сафардами-уйдами ютишдан бошқа иложимиз йўқ. Ҳаммамиз вазиятни кўриб тушуниб турибмиз. Масъулиятни ҳам чуқур ҳис қиляпмиз.
— Олдинги йилларда гол уриш борасида сермаҳсуллигингизни кўрардик. Бу йил эса жамоа муваффақиятсиз қатнашаётганигами, урган голларингиз 2та бўлиб турибди. Бунинг боиси нимада?
— Мавсум бошида 4-5 ой жароҳатдан чиқа олмадим. Қишки тайёргарлик жараёнларида иштирок эта олмадим. Айнан жароҳатлар туфайли ўзимга келишим қийин бўлганди. Айни пайтда спорт формамга қайтдим. Шунинг учун жамоам учун ёрдам беришга бор кучим билан курашаман.
— Охирги пайтларда стадионга мухлисларнинг келиши камайиб боряпти. Улар учун нима дея оласиз?
— Ишқибозларимиз ҳамиша жамоамиз билан бирга, биз буни сезиб юрамиз. Аммо бу йил чиройли ва ғалаби ўйинларимиз билан уларни хурсанд қила олмаяпмиз. Тўғри, бизга жуда қийин бўляпти. Ойнинг 15 ёруғ бўлса, 15 қоронғу дейилади. Жамоамиз учун яхши кунлар албатта келади. Барчамиз мухлисларни ҳурмат қиламиз ва яхши кўрамиз. Биламиз, уларнинг ишончи юқори эди. Мана шу ишончни оқлай олмаётганимиздан жуда ҳижолатдамиз. Бундай вазиятда бизга осон деб ўйлайсизми? Асло ундай эмас. Уларнинг кўзига қарашга ҳам уяляпмиз. Нима бўлса ҳам, мухлислар учун ҳам курашамиз. «Андижон» кучлилар орасида олиб қолиш учун охиригача ҳаракат қиламиз.
— Ҳозир шундай пайт келдики, жамоа бундай мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш учун ўзининг кучли ҳарактерини кўрсатиши лозим. Бунинг учун нималар қилиш керак?
— Жамоадагиларнинг ҳаммаси масъулиятни яхши сезиб туришибди. Шунинг учун ҳарактер кўрсатишга тайёр деб айта оламан. Анчадан бери юта олмаётганимиз учун руҳланиб кета олмаяпмиз. Бизга айнан шу нарса етишмаяпти.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).