Таэквондо. Феруза Содиқова жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди
Боку шаҳрида ўтказилаётган таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида бугун иштирок этган икки нафар ҳамюртимиздан бири ярим финалга қадар етиб келгани ҳақида маълумот бериб ўтгандик.
Аёллар ўртасида 62 кг. вазн тоифасида делегациямиз аъзоси Феруза Содиқова ҳозиргина финал йўлланмаси учун Бразилия вакили Каролин Сантосга қарши даянга чиқди.
Рақиб спортчиси биринчи раундни 12-0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Иккинчи раундда эса Феруза ирода намойиш этиб, 8-5 ҳисобда ғалаба қозонди ва мувозанатни тиклади.
Учинчи бўлимнинг ярмидан кўпроқ вақт давомида ҳисоб очилмай турди. Кейин эса Сантос кичик фарқ билан олдинда борди. Сўнгги сонияларда Содиқова таваккал қилиб олдинга ташланди. Аммо ўтказиб юборилган зарбалар натижасида ҳисоб 4-10 кўринишига келди.
Шу тариқа, Феруза Содиқова жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳибига айланди.
Манба: stadion.uz
Киритилди: 19:48, 03.06.2023. Ўқилди: 1551 марта. Фикрлар: 0 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар