2025 йилда янги форматдаги клублар жаҳон чемпионатига (КЖЧ) АҚШ мезбонлик қилади.
Шундай қарорга келган ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг фикрича, уммон орти мамлакати «глобал воқеаларни ташкил этишда синовдан ўтган» экан. Бундан ташқари, бу турнир АҚШга кейинги йилда бўладиган ЖЧга тайёргарлик кўришда ёрдам беради. Хуллас, келаси йилдан бошлаб мамлакат футбол оламининг марказига айланади: 2024 йил ёзида Америка Кубоги, кейин КЖЧ, унинг ортидан ЖЧ-2026.
КЖЧ қандай форматда ўтади?
Ўтган йил озирида Инфантино мусобақа формати ўзгариши, иштирокчи клублар сони 32тага етишини маълум қилганди. ФИФА раҳбарининг фикрича, турнир «эркаклар клуб футболининг юксак чўққиси бўлмоғи керак». Иштирокчи клублар 8та гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашадилар, дастлабки 2 ўринни эгаллаганлар мундиалдаги каби плей-офф босқичига чиқадилар. Мусобақа ҳар 4 йилда, фақат у тоқ йилларда, лекин ЖЧ ва Евро мусобақалари бўлмаганида ўтказилади.
Турнирда қайси клублар иштирок этадилар?
Ҳозирда мусобақада 7та жамоа - ўз қитъаларида ғолиб чиққан 6та клуб ва мезбон мамлакат вакили қатнашади. Уни декабрь ойида Саудия Арабистони ўтказади. Шу сабабли «Ал-Иттиҳод» клуби иштирок этади. Шунингдек, «Манчестер Сити», «Урава Ред Даймондс (Япония), «Леон» (Мексика), «Окленд Сити» (Австралия) ва «Ал-Аҳли» (Миср) жамоалари майдонга тушадилар. 2025 йилда иштирокчилар сафи кенгаяди: Европадан 12, Жанубий Америкадан 6, Африка, Осиё ва КОНКАКАФдан 4тадан клублар мусобақада куч синашадилар. Океания шарафини битта жамоа ҳимоя қилади. Айрим иштирокчилар номи ҳозирнинг ўзида маълум бўлган, қолганлари келаси йилда аниқланади.
ОФК
«Ал-Ҳилол» - ОЧЛ-2021 ғолиби,
«Урава Ред Даймондс» - ОЧЛ-2022 ғолиби,
? - ОЧЛ 2023|24 ғолиби,
? - ОФКнинг 4 йиллик рейтинги ғолиби.
АФК
«Ал-Аҳли» - АЧЛнинг 2020|21 ва 2022|23 йиллар мавсумидаги ғолиби,
«Видад» Касабланка - АЧЛнинг 2021|22 йиллар мавсумидаги ғолиби,
? - АЧЛнинг 2023|24 йиллар мавсумидаги ғолиби,
? - АФКнинг 4 йиллик рейтинги ғолиби.
КОНКАКАФ
«Монтеррей» - КОНКАКАФ ЧЛ-2021 ғолиби,
«Сиэтл Саундерс» КОНКАКАФ ЧЛ-2022 ғолиби,
«Леон» КОНКАКАФ» ЧЛ-2023 ғолиби,
? - КОНКАКАФ ЧЛ-2024 ғолиби.
КОНМЕБОЛ
«Палмейрас» - Либертадорес Кубоги-2021 ғолиби,
«Фламенго» - Либертадорес Кубоги-2022 ғолиби,
? - Либертадорес Кубоги-2023 ғолиби,
? - Либертадорес Кубоги-2024 ғолиби,
? - КОНМЕБОЛнинг 4 йиллик рейтинги ғолиби,
? - КОНМЕБОЛнинг 4 йиллик рейтингидаги 2-жамоа.
Океания футбол конфедерацияси (ОФК)
? - ОФКнинг 4 йиллик рейтингидаги энг яхши ЧЛ ғолиби.
УЕФА
«Челси» - ЕЧЛ-2020|21 ғолиби,
«Реал» - ЕЧЛ-2021|22 ғолиби,
«Манчестер Сити» - ЕЧЛ2022|23 ғолиби,
? - УЕФАнинг 4 йиллик рейтингидаги энг яхши 8 жамоа.
Форматни кенгайтириш нима учун керак?
Бусиз ҳам футболчиларни ҳолдан тойдириб қўяётган тақвимнинг янада тиғизлашуви кўпчиликка маъқул бўлмаслиги аниқ. Бироқ ФИФА учун КЖЧ форматининг кенгайиши даромадни кўпайтиради. Янги 4 йиллик ичида ташкилот 11 млрд. доллар атрофида пул топиш ниятида.
ФИФА нима учун АҚШни танлади?
Халқаро ташкилот Америка тимсолида футбол ривожи учун янги майдонни тасаввур қилмоқда. Ахир у ерда қаторасига 3та муҳим турнирлар ўтказилади. АҚШдагилар ҳам бундан жуда мамнунлар, бу мусобақалар мамлакат спорти тараққиёти учун сезиларли туртки бўлишидан умидворлар.
Мамлакатда ўтказилган сўровлар натижасига кўра, 1937-1972 йиллар оралиғида америкалик фуқароларнинг 5 фоизи футболни томоша қилишган. Ҳатто 2004 йилнинг охирида ҳам бу кўрсаткич 2 фоиздан ошмаган. Сўнгги маълумотларга биноан, АҚШдаги спорт мухлисларининг 27 фоизи футбол ишқибозлари. Сайёрамиздаги ўртача кўрсаткич 40 фоизга тенг. Ҳа, ҳозирда америкача футбол мамлакатнинг энг оммавий тури (52 фоиз) бўлиб қолмоқда, баскетбол мухлислари 43 фоизни, бейсбол ихлосмандлари эса 37 фоизни ташкил этмоқда. Лекин охирги 40 йил мобайнида ҳеч қайси спорт тури футболчалик жадаллик билан ривожланган эмас. Бунга яқинлашиб келаётган ЖЧ ва 2 кун ичида футбол бозорини ағдар-тўнтар қилиб юборган Мессининг алоқаси йўқ.
40 йил муқаддам футбол билан шуғулланаётган ўғил-қизларнинг умумий сони 200 000 нафарни ташкил этарди. Ўшанда америкача футбол билан 1 млн. нафар болакайлар машғул бўлишган. 20 йилдан кейин ёш футболчилар сони 600 000, ўтган йили 800 000 нафарга етди. Яъни, 40 йил давомида қарийб 300 фоизга ўсди.
Шиддатли равнақнинг сабаблари 3та:
1. Футболни ўғил болалар ҳам, қизлар ҳам бемалол ўйнай оладилар. Америка футболи - асосан, эркаклар ўйини;
2. Футбол бўйича 4 марта жаҳон чемпиони бўлган аёллар терма жамоасининг муваффақияти. Телерейтинг бобида аёллар футболи эркакларникидан устунроқ. Бундан ташқари, футболчи қизларнинг зўр эканликларига амин бўлган қизалоқлар оқими тобора кучайиб бормоқда;
3. Хавфсизлик. 2010-йилларда ўтказилган сўровномада ота-оналарнинг 86 фоизи ўз фарзандларининг футбол ўйнашига қарши эмасликларини баён этишган. Чунки у Америка футболига нисбатан анча хавфсиз.
Мана шу омиллар йиллар давомида футбол экотизимининг шаклланишига олиб келди. Ҳозир АҚШдагилар спорт, ўйин-кулги ва ижтимоий омилларни ўзига жамлаган футбол маданияти эрасини яратиш ҳаракатидалар. Ҳозирча, ишлари чакки эмас.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).