Гуруҳнинг сўнгги учрашувида Уругвайга қарши майдонга тушган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси йирик ҳисобда имкониятни бой берди...
Илк зарбани 2-дақиқада Уругвай вакиллари йўллашди - Николас Лопезнинг зарбаси унча хавфли чиқмади. 4-дақиқа. Рақибларимизнинг ҳужуми яққол офсайд туфайли узилиб қолди.
Дастлабки хавфли вазиятларни жанубий америкаликлар яратишган бўлсада, учрашувдаги дастлабки голга тортадиган вазиятни вакилларимиз юзага келтирдилар. 6-дақиқада рақиб ҳимоячисини ўз жарима майдони яқинида таъқиб қилган Юсупов унинг хатосидан унумли фойдала олмади. Абдул Азиз дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борганди. Кейинги дақиқада белгиланган жарима зарбаси Козак ҳамда Юсуповнинг ўзаро тушунмовчилиги сабаб бесамар кетди.
Умуман олганда, дастлабки 10 дақиқаликда устунлик рақиблар томонда бўлди дейиш мумкин. Аммо шундан сўнг Мусаев шогирдлари рақиб билан бемалол тенгма-тенг ўйнаш олишини исботладилар. 16-дақиқа. Ёшларимизнинг узоқ давом этган позицион ҳужумларидан бирида чап қанотдан жарима майдонига оширилган тўп манзилга етиб бормади. Айнан ушбу дақиқаларда терма жамоамиз комбинациялари жуда ажойиб чиқа бошлади. Аммо сўнгги тўп узатишлар ноаниқ чиқаверди.
19-дақиқа. Уругвайнинг кескин қарши ҳужуми хавфли зарба билан якун топди. "Рома" ҳужумчиси Николас Лопезнинг дарвозамиз томон берган 2-зарбаси ҳам бахтимизга ноаниқ кетди. 21-дақиқа Сардор Собирхўжаевнинг зарбаси билан ёдда қолди. Туроповнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг Сардорнинг зарбаси дарвозадан баландлаб кетди.
27-дақиқа. Абдул Азиз Юсупов бир неча рақибни алдаб ўтиб рақиб жарима майдонига кириб борди. Охир-оқибат у йўқотган тўп Искандаровга келиб тушди. Жамшиднинг зарбасидан бурчак зарбаси тепадиган бўлдик, аммо стандартдан самара чиқмади. Айни шу дақиқаларда Жамшид Искандаров жароҳати сабаб Жалолиддин Машариповга алмаштирилди.
33-дақиқа. Чап қанотда Шамсиддинов Жианни Родригезга нисбатан ўйин қоидасини бузди. Жарима зарбасидан сўнг аввал жонли деворга теккан тўпни ҳимоячилар дарвозамиздан узоқлаштиришди.
38-дақиқага келиб Уругвай ҳисобни очди. Жино Асеведо ҳеч бир қаршиликсиз зарба йўллашга етарлича тайёргарлик кўрди, узоқ масофадан бўлсада уни амалга оширди. Ерлатиб дарвоза бурчагига йўлланган зарбани Омонов қайтара олмагани ҳам, футболчиларнинг нима учун Асеведога зарба учун шароит яратгани тушунарсиз бўлди. Ўз хатомиз оқибатида 1-бўлимдан сўнг ҳисобда ортда қола бошладик.
2-таймда вазият ўзгаришига умид қилдик, аммо у бошланиши ҳамоно тўпни ўз дарвозамиз тўрида кўрдик. 47-дақиқа: шеригининг испанча пасидан сўнг ҳаммадан, посбонимиздан ҳам ўтиб кетган Николас Лопес дарвозамизни ишғол қилди - 0:2. Афтидан, Искандаровнинг жароҳати бизга жуда қимматга тушганди...
Шундан сўнг Мусаев майдонга Игорь Сергеевни туширди. Аммо бу ўзгаришдан сўнг, аниқроғи иккинчи гол ўтказиб юборилгач терма жамоамиз ўйин суръати пасайди. 59-дақиқада ҳисоб йирик кўринишга келиши мумкин эди: Леонардо Пайс қандай қилиб бу вазиятда гол ура олмагани бироз кулгули бўлди...
Охир оқибат ҳисоб барибир йирик кўринишга келди. 64-дақиқа. Бобурбек Йўлдошевнинг жарима майдони олдидаги қўпол хатосидан сўнг уругвайлик футболчи тўпни майдон марказида бўш турган Арраскаетага узатди, кейин Омонов нима ҳам қила оларди - 0:3.
69-дақиқага келиб рақиб дарвозабони илк марта ноқулай аҳволга сола олдик. Тўп бурчакдан ўйинга киритилгач Бобур Йўлдошев боши билан дарвозага зарба йўллади, аввал тўпни қўлидан чиқариб юборган Уругвай посбони кейинги уринишда уни эгаллаб олди.
75-дақиқада терма жамоамиз майдон бўйлаб позицион ҳужум уюштирди. Чап қанотдан жарима майдонига хавфли равишда узатилган тўп ҳеч кимга тегмай ўтиб кетди.
77-дақиқа. Сардор Раҳмонов ҳаводан келаётган тўпга етолмади. Унинг ортида турган, Уругвай таркибига заҳирадан қўшилган Бентанкорт дарвозамизни нишонга олишда адашиши мумкин эмасди - 0:4.
81-дақиқа. Игор Сергеевнинг жарима майдонидан туриб берган кучли зарбаси ноаниқ чиқди. Сўнгги дақиқадага вазиятда эса мутлақо умуман омадимиз чопмади...
Шунақа гаплар. Уругвай билан ҳисоб-китобларимиз ҳозирча ўхшамай турибди. Кузда улар билан яна ўйнашимиз мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Унгача эса, ҳали Туркия-2013 давом этади. Биз плей-оффдамиз, демак энг қизиғи энди бошланяпти.
ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЖЧ. "F" ГУРУҲИ, 3-ТУР
ЎЗБЕКИСТОН - УРУГВАЙ - 0:4 (0:1)
29.06.2013, 20:00. Анталия. Акдениз университети стадиони.
Голлар: Жино Асеведо (38), Николас Лопес (47), Гиоргиан де Арраскаета (64), Рубен Бентанкорт (77).
Ўзбекистон: 1. Асилбек Омонов, 2. Тоҳиржон Шамсиддинов, 3. Сардор Раҳмонов, 4. Бобурбек Йўлдошев, 6. Аббосбек Махсталиев, 7. Владимир Козак (С), 8. Диёрбек Туропов, 10. Жамшид Искандаров (9.Жалолиддин Машарипов, 34), 11. Абдул Азиз Юсупов (17.Игорь Сергеев, 51), 18. Сардор Собирхўжаев (19.Забиҳилло Ўринбоев, 77), 20. Муҳсинжон Убайдуллаев.
Захира: 12.Турсунбоев, 13.Кападзе, 14.Санақулов, 15.Ж.Ҳакимов, 16.Абдуллаев, 21.Мирсоатов.
Уругвай: 12. Гильермо Де Аморес, 3. Гастон Сильва, 4. Гильермо Варела. 7.Леонардо Пайс, 8. Себастьян Кристофоро (14.Г.Буено, 80), 10. Гиоргиан де Арраскаета (18.Рубен Бентанкорт, 67), 11. Николас Лопез, 13. Диего Лаксалт, 15. Гино Асеведо, 17. Жанни Родригез, 19. Хосе Гименез (2.Е.Веласкез, 80).
Захира: 1.М.Куберо, 5.Ж.Варела, 6.М.Амондарейн, 9.Д.Ролан, 16.Л.Олаза, 20.Ф.Авенатти, 21.В.Агуэрре.
Огоҳлантиришлар: А.Юсупов (40), Ж.Машарипов (53) - Г.Асеведо (89.
Бош ҳакам: Виктор Кашшаи (Венгрия).
Лайнсменлар: Габор Эрос, Истван Алберт (иккаласи - Венгрия).
Заҳира ҳаками: Бенжамин Уильямс (Австралия).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).