Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ОФК расмий сайти - the-afc.com журналистлари билан қисқа суҳбатда мамлакат учун жаҳон чемпионати финал босқичига чиқишнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. У шунинг баробарида дунё миқёсидаги мусобақада Марказий Осиё номидан биринчи бўлиб қатнашадиган жамоамиз имкониятлари, ундан кутилаётган натижалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Албатта, мундиал йўлланмаси бутун мамлакатимиз учун тарихий муваффақият ҳисобланади. Жаҳон чемпионати футбол оламидаги энг нуфузли турнир эканлиги ўз-ўзидан тушунарли. Орзумизни рўёбга чиқариш учун кўп йиллар давомида тинимсиз ишладик, изландик ва ниҳоят, ҳаракатларимиз самара берди. Халқимиз бундан хурсанд, албатта. Ишончим комил, бу муваффақият нафақат футболчилар, балки бутун мамлакат учун катта илҳом манбаи ҳисобланади. Оддий айтганда, олдинга ташланган улкан қадам. Бундай ютуқлар спортнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши тайин. Ҳозирги кунда ёшлар футболга тобора кўпроқ қизиқишмоқда, ота-оналар эса фарзандларини академия ва мактабларга беришмоқда. Бу - жуда руҳлантирувчи ҳолат. Ҳозирги суръат кўпроқ ҳомийлар жалб қилиш, инфратузилмани яхшилаш ва истеъдодли футболчилар сафини кенгайтиришга ёрдам беради. Очиғини айтганда, жамоага саралаш босқичининг ўртасида қўшилиш осон бўлмади. Муҳит жиддий, олдинда муҳим ўйинлар, вақт эса жуда оз эди. Жамоага тезда мослашиб, дарҳол натижа кўрсатишим талаб этиларди. Аввалги саралаш босқичларида мақсад сари яқин келгандик, аммо охирги лаҳзаларда омад юз ўгирганди. Муҳими, бу сафар охиригача бардошли бўлдик, яхши тайёргарлик кўрдик ва ЖЧ йўлланмасини қўлга киритдик. Ҳар бир ўйин ўзига хос босимга эга, лекин Абу-Дабидаги учрашув алоҳида ажралиб туради, барибир. Чунки унинг ҳал қилувчи ўйин эканлигини билардик. 1тагина очко кифоя қилишини англаганимиз учунми, ўзига хос танглик юзага келди. Асосийси, ўзимизга ишониб, пухта тайёргарлик кўрдик ва пировардида керакли натижага эришдик. Бизда аллақачон мустаҳкам пойдевор мавжуд. Қолаверса, олдимизда ҳали вақт ва бир нечта ўртоқлик учрашувлари бор. Ўйинларда янги футболчиларни синаб кўрамиз, албатта. Бирор футболчи ўзини кўрсатса, албатта, уни таркибга киритиш масаласини кўриб чиқамиз. Қисқаси, барқарорликни сақлаб қолиш баробарида соғлом рақобат шакллантиришни мақсад қилганмиз. ФИФА кунларидан тўлиқ фойдаланиб, тайёргарлик учун иложи борича кўпроқ ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирганмиз. Фикримча, CAFA Миллатлар кубоги ҳам муҳим мусобақа ҳисобланади. Унда қисқа вақт ичида турли жамоаларга қарши ўйнаш имконияти бор. Шунингдек, турнир янги футболчиларни синаб кўриш учун ҳам ажойиб имконият. Умуман, ҳар қандай учрашув ва турнир тайёргарлик жараёнида фойдалидир.
Ўзбекистон термаси жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этади. Биз учун ҳаммаси янгилик бўлади. Шунчаки, бундай нуфузли мусобақада қатнашиш ва тажриба орттиришнинг қиймати юқори. Нима бўлишидан қатъий назар, ҳар ўйинга ғалаба қозониш мақсадида ёндашамиз. Гуруҳ босқичидан ўтиб, имкон қадар узоқроққа боришга эришсак, ажойиб бўларди. Мундиал янги саҳифа ва янги босқич ҳисобланади. Қайтараман, ЖЧ жуда муҳим аҳамиятга эга. Топ-лигаларда фаолият футболчиларга юқори даражада тажриба орттириш имконини беради ва уларнинг бу кўникмалари миллий жамоада ҳам қўл келади. Еврофутбол жуда рақобатбардош, йигитларимиз ҳам «кўҳна қитъа»да ўйнаб, кучли ва етук бўлиб боришмоқда. Пировардида барчаси миллий жамоага катта фойда келтирмоқда», - деди Кападзе.
Айтиш керак, CAFA Nations Cup 2025 турнири 29 августдан 8 сентябргача бўлиб ўтади. Ўзбекистон миллий жамоаси «А» гуруҳида Қирғизистон, Туркманистон ва Уммон термалари билан ўйнайди. «B» гуруҳида эса Тожикистон Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон термалари бор. «А» квартети баҳсларидан ташқари, 3-ўрин учун ўйин ва финалга Тошкент мезбонлик қилади. Кутилишича, жамоамизни CAFA чемпионатида Темур Кападзенинг ўзи бошқаради ва асосан номзод футболчиларни синаб кўради. Эслатма, 43 ёшли мутахассиснинг ЎФА билан амалдаги шартномаси ноябрь ойигача мўлжалланган. Айтиш жоиз, ФИФА кунлари 1 сентябрь куни бошланади ва 9-санада якунлайди. Агар финални қўшиб ҳисобласак, жамоамиз турнирда 4та ўйин ўтказиши мумкин:
1-тур - 30 август
2-тур - 2 сентябрь
3-тур - 5 сентябрь
Финал - 8 сентябрь
Шундай экан, легионерларимиз 2-турдан эътиборан таркибга қўшилишлари мумкин. Табийки, барчаси Кападзенинг қарорига боғлиқ. Мураббий ЖЧ олдидан таркибни кескин ўзгартирмаслиги тайин, фақат 3-4 нафар янги футболчи қўшиши эҳтимоли бор. Демакки, бўлажак мусобақада легионерларни ҳам кўришимиз мумкин.