Гранит Жака ғайриоддий фаолиятни бошдан кечирмоқда. 30 ёшгача у ўта ёрқин бўлмаган меҳнаткаш ўйинчи ролини адо этганди - кам сонли сермаҳсул ва сермазмун ўйинлар ва шунга яраша совринлар. Шунчаки бақувват футболчи, инқирозга учраган гранднинг етакчиси. Лекин 30га чиқиши билан унинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз берди. Чемпионлик пойгалари, тарихий ғалабалар, ҳатто требл учун жиддий кураш ҳам кузатилди. Энди эса ана шу ўзгаришга янги ранг бериш даври келди.

Мемфис Депай, Пьер-Эмерик Обамеянг ва Люк де Йонг - «Барселона» учун энг яхши мисол бўла оладилар. Улар клуб учун энг ёмон даврда келишди, лекин жамоанинг талаб даражасида тўп суришини таъминлай олдилар. Ҳа, бир талай совринга эриша олмай, тезда унутилдилар. Бироқ бу ўша даврнинг бир қисми эди.

Швейцариялик футболчининг тақдири шунга ўхшаш. У «Арсенал»га Венгернинг лойиҳаси бўйича Англия вице-чемпиони мақомида эканлигида, лекин аянчли ҳолатга тушиб қолганида келганди. Шу сабабли ярим ҳимоячининг клубдаги дебют мавсуми муаммолар билан бошланди. Илк турдаёқ 5-ўринни эгаллаш жамоа учун асосий вазифага айланди, бундан аввал «тўпчилар» 2 марта 8-ўрин билан кифояланишган, Арсен Венгер жамоани тарк этганди.

Жака қаро кунларга дуч келган ва ёшлар кўнглига ғулғула соладиган мураббий-амакига айланди. Бунинг учун шароит етарли эди - оғир феъл-атвор, доимий можаролар, сардорлик боғичидан жудо бўлиш воқеаси. Микель Артета аста-секин «Арсенал»ни қайтадан шакллантирди ва хавбекка янгича ҳаёт ҳадя этди.

Эҳтимол, уни сардорликка сайламасликлари ҳам мумкин эди, лекин етакчи мақомига шубҳа йўқ, можароларга чек қўйилди. «Тўпчилар» тўсатдан чемпионлик пойгасига қўшилган пайтда Гранит ҳам етакчилар сафида эди. Жамоа баҳоргача пешқадамлик қилди, лекин чемпионлик тажрибаси етишмай, «Сити»ни олдинга ўтказиб юборди. Айнан шу паллада 30га чиққан Жака вазиятни ўзгартиришга аҳд қилди.

Чемпионлик пойгасида «Сити»га муносиб қаршилик кўрсатган «Арсенал» билан хайрлашиб, аввалги мавсумда қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида юрган, Алонсонинг малакаси ва дадиллиги эвазига элитадаги ўрнини сақлаб қолган «Байер»ни танлаш Жака учун қалтис, лекин тўғри қарор бўлди.

Албатта, «Арсенал» аввалги мавсумга нисбатан яхшироқ ўйнади. Лекин Суперкубокдан бошқа совринга эриша олмади. Гранит эса мавсум кашфиётига айланган жамоанинг бир қисми бўлди. Ҳатто требл соҳиби бўлишига жуда яқин келди. Алонсонинг навқирон ва шиддатли «Байери» «Бавария»ни тахтдан қулатиб, етакчиликни ўз қўлига олди. Қўшимчасига, «доришунослар» Германия Кубоги ва ЕЛ турнирларида ҳам муносиб иштирок этди.

Мазкур йўлда Леверкузен ўғлонлари футболни синдира олишларига барчани ишонтиришди. Улар сўнгги дақиқаларда гол уришни ҳам, тез-тез камбэклар расмийлаштиришни ҳам эмин-эркин уддаладилар. Гранитни эса, олдинги чизиқдан ортга суриб қўйишди, голли вазиятларда у камроқ қатнашадиган бўлиб қолди. Қолаверса, мунтазам равишда бошланғич таркибда майдонга тушаётган ўйинчи учун бунинг ортиқча аҳамияти йўқ. Ўша йили хавбекка фақат ЕЛдаги ғалаба етишмади. Кейинчалик Жака Германия Суперкубоги соҳибига айланди.

Лекин ярим ҳимоячи учун бу боб ниҳоясига етмоқда. «Байер» билан Жаканинг орзулари бир жойдан чиқиб, йиллар давомидаги орзулар рўёбга чиқди. Кейинги мавсумни «доришунослар» сов­ринсиз якунладилар. Лойиҳанинг асосий вакиллари тарқалиб кетишди - Алонсо «Реал»­га кўтарилиб кетди, Вирц ва Фримпонг «Ливерпул»дан таклиф олишди, Та «Бавария»га ўтишни ихтиёр этди, Жака учун жамоада қолишида маъно қолмади.

30 ёшли чоғида совринлар учун курашга бел боғлаган «Арсенал»ни тарк этиб, келажаги порлоқ, лекин омонат лойиҳага ишонч билдириш - ўта қалтис қарор. Бироқ Жаканинг фаолиятида трансфер жиддий ўзгаришлар учун ўзига хос илгак бўлиб қолгандек. Мана, у янги-эски саргузашт сари навбатдаги қадамини қўйиш арафасида турибди. Олинган сўнгги хабарларга кўра, Гранит Жака Англия Премьер-лигасига қайтди. Швейцариялик футболчи «Сандерленд» билан 2028 йилгача мўлжалланган шартнома имзолади. Леверкузенликлар 32 ёшли футболчи учун 20 млн. евро олишади.

Манба: soccer.ru, Содиқ СОБИР тайёрлади