«Миннесота Юнайтед» ярим ҳимоячиси Хамес Родригес кучли сувсизланиш туфайли шифохонага ётқизилганидан сўнг соғлиғини тиклашда давом этмоқда. Колумбия терма жамоасининг Францияга қарши ўртоқлик учрашувидан (1:3) сўнг футболчининг аҳволи ёмонлашган. Ўша ўйинда у асосий таркибда майдонга тушиб, 63-дақиқада алмаштирилган эди.
EL TIEMPO нашрининг хабарига кўра, ўйиндан сўнг дарҳол ечиниш хонасида футболчига тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг у Миннесотага қайтган ва бир неча кунга шифохонага ётқизилган. Маълум бўлишича, футболчида вирусли ошқозон инфекцияси ташхиси қўйилган ва бу ҳолат кучли сувсизланиш билан мураккаблашган.
Ўшандан бери Родригес майдонга тушмади. «Миннесота Юнайтед» бош мураббийи Камерон Ноулзнинг таъкидлашича, Колумбия терма жамоаси сардори ҳозирда уйида клуб шифокорлари назорати остида тикланиш жараёнини ўтамоқда.
— «Хамеснинг ҳолати кун сайин ўзгариб бормоқда. У тиббий хизматимиз назоратида ва ҳозир уйида соғлиғини тиклаяпти. Шифокорлар у билан доимий алоқада бўлиб туришибди ва тайёр бўлиши билан машғулотларга қайтаришади. У мавсумолди тайёргарликни ўтказиб юборди, кейин эса бу вазият юзага келди. Аммо унинг жамоага мослашиши, профессионаллиги ва таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак — бу ажойиб намуна. Родригес ҳар куни тер тўкиб ишламоқда, биз уни тез орада сафга қайтишини кутяпмиз», — деди Ноулз.
Ҳозирда Хамес Родригес 34 ёшда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).