Испания Ла Лигасининг 35-турида футбол олами интиқлик билан кутаётган "эл-класико" бўлиб ўтади. "Барселона" ўз майдонида Мадриднинг "Реал" жамоасини қабул қилади. Ушбу баҳс каталонияликлар учун чемпионликни муддатидан аввал расмийлаштириш имкониятини бериши билан аҳамиятлидир.
"Stadion.uz" нашри жамоаларнинг эҳтимолий таркибларини тақдим этди:
"Барселона": Жоан Гарсия, Канселу, Жерар Мартин, Кубарси, Эрик Гарсия, Педри, Гави, Фермин Лопес, Ольмо, Рэшфорд, Левандовски.
"Реал": Куртуа, Фран Гарсия, Хёйсен, Рюдигер, Александер-Арнольд, Тчуамени, Питарч, Винисиус Жуниор, Беллингем, Браим Диас, Гонсало Гарсия.
Таркиблар борасида икки жамоада ҳам муаммолар бор. "Барселона" сафида Ламин Ямал жароҳати сабабли майдонга туша олмайди. "Реал"да эса ҳолат анча жиддий: Милитао, Менди, Карвахаль, Себальос, Родриго, Гюлер ва Вальверде каби қатор футболчилар жароҳатланган. Бундан ташқари, Мадрид клуби ичидаги муҳит ҳам анча мураккаб. Хабарларга кўра, Орельен Тчуамени ва Федерико Вальверде ўртасидаги келишмовчилик оқибатида уругвайлик футболчи жароҳат олган. Килиан Мбаппе ва Тибо Куртуанинг иштироки эса ҳали сўроқ остида турибди.
Маълумот учун, "Барселона" айни дамда 88 очко билан пешқадамлик қилмоқда, Мадрид клуби ҳисобида эса 77 очко бор. Агар бугунги баҳсда "кўк-анорранглилар" мағлуб бўлмаса, чемпионликни расман нақд қилади.
Жорий мавсумда жамоалар икки бор тўқнаш келишди: Ла Лиганинг биринчи даврасида "Реал" (2:1), Испания Суперкубоги финалида эса "Барселона" (3:2) ғалаба қозонган. "Эл-класико" бугун Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).