«Ювентус» А Сериянинг сўнгги тур доирасидаги «Торино»га қарши дербида ғалабани қўлдан чиқарди (2:2). «Бьянконерилар» Душан Влаховичнинг дубли эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган бўлса-да, мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.
Лучано Спаллетти бошчилигидаги жамоа Чемпионлар лигаси зонасидан ташқарида — турнир жадвалида атиги олтинчи ўринда мавсумни якунлади. Журналистлар «кекса синьора» устозидан жамоа келгуси мавсумда чемпионлик учун кураша оладими, деб сўрашди.
«Бу барча кутаётган нарса. Бизнинг зиммамизда мажбурият бор — биз исталган рақиб билан курашишга, доимо ғалаба учун ўйнашга ва юқори ўринларга даъвогарлик қилишга қодир бўлишимиз керак. Биз энг улкан мақсадларни ҳал қила оладиган жамоани шакллантиришимиз зарур», – деди 67 ёшли мутахассис ўйиндан кейинги интервьюсида.
Лучано Спаллетти мазкур лавозимни ўтган йилнинг кузида, ишдан бўшатилган Игор Тудорнинг ўрнига эгаллаган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).