Эрон миллий терма жамоаси делегациясининг тўрт нафар аъзоси иккинчи уринишда АҚШ визасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бунгача уларга виза рад этилган ва шундан сўнг Эрон томони қатъий расмий шикоят билан чиққан эди. Бу ҳақда BBC Sport нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, виза муаммосини ижобий ҳал қилган мутахассислар қаторидан терма жамоа техник штабида фаолият юритувчи таҳлилчи ҳамда Эрон футбол федерациясининг халқаро алоқалар бўлимининг икки ходими ўрин олган. Шунга қарамай, делегациянинг яна 11 нафар аъзоси ҳалигача АҚШга кириш ҳуқуқини ололмаган. Улар жамоанинг машғулот базаси жойлашган Мексикага етиб келгач, визага қайтадан ариза топширишга мажбур бўлишган.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, яна олти кишининг аризаси такроран рад этилган. Улар қаторида Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож ҳам бор. Икки давлат ўртасидаги мураккаб сиёсий муносабатлар фонида эронлик спортчиларнинг АҚШдаги йирик турнирларга киришида муаммолар пайдо бўлиши аввал ҳам бир неча бор (хусусан, спортнинг кураш турларида) кузатилган эди.
ЖЧ—2026 гуруҳ босқичи доирасида Эрон ўзининг барча учта учрашувини АҚШ стадионларида ўтказади. Бироқ ҳукумат томонидан қўйилган визага оид чекловлар сабабли форслар ҳар бир ўйиндан сўнг дарҳол АҚШ ҳудудини тарк этиб, ўз базасига қайтиши талаб этилади.
Дастлабки режаларга асосан, жамоанинг бош қароргоҳи АҚШнинг Аризона штатида жойлашиши кўзда тутилган эди. Аммо сиёсий зиддиятлар ва жамоа хавфсизлигига оид жиддий хавотирлар ортидан Эрон футбол федерацияси FIFA’га махсус мурожаат билан чиқиб, машғулотлар базасини қўшни Мексикага кўчиришга эришган.
Эрон терма жамоаси “G” гуруҳидаги дастлабки учрашувни 15 июнь куни Янги Зеландияга қарши Калифорния штатининг Инглвуд шаҳрида ўтказади. Шундан сўнг форслар 21 июнь куни худди шу шаҳарда Бельгия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйин эса 26 июнь куни Вашингтон штатининг Сиэтл шаҳрида Миср терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтаётган ушбу Жаҳон чемпионати 19 июль кунига қадар давом этади. Тарихда илк бор мундиалда 48 та терма жамоа иштирок этмоқда ва улар 12 та гуруҳга бўлинган. Турнир қоидаларига кўра, плей-офф (1/16 финал) босқичига ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккитадан жамоа, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасидан энг юқори кўрсаткичга эга бўлган 8 та терма жамоа йўлланма олади. Жаҳон кубогининг амалдаги соҳиби Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).