Жаҳон чемпионатининг Е гуруҳи 1-туридан ўрин олган Германия ва Кюрасао терма жамоалари ўртасидаги баҳсда ўта йирик ҳисоб қайд этилди. Европаликлар дебютант жамоани 7:1 ҳисобида мағлуб этишди.
6-дақиқада Феликс Нмеча ҳисобни очиб, Германия терма жамоасини олдинга олиб чиққан эди. 21-дақиқада Ливано Комененсия мувозанатни тиклади. 38-дақиқада Нико Шлоттербек немисларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг 5-дақиқасида Кай Хаверц пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди.
Иккинчи бўлим бошида, 47-дақиқада Жамал Мусиала Германиянинг тўртинчи голини урди. 68-дақиқада Натаниэль Браун бундестимнинг бешинчи голига муаллифлик қилди. 78-дақиқада эса Дениз Ундав ўз номини таблога ёздириб, ҳисобни 6:1 қилди.
Учрашувнинг 88-дақиқасида Кай Хаверц ўзининг иккинчи, Германиянинг эса еттинчи голини киритди ва ҳисоб 7:1 кўринишига етди.
Германия терма жамоаси 2-турда 20 июнь куни Кот-д'Ивуарга қарши баҳс олиб боради. Немислар гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувини 25 июнь куни Эквадорга қарши ўтказади.
Кюрасао эса 21 июнь куни Эквадор билан ўйнайди. Жамоа 25 июнь куни гуруҳ босқичидаги охирги баҳсини Кот-д'Ивуарга қарши ўтказади.
Жаҳон чемпионати–2026. Е гуруҳи, 1-тур
14 июнь, 2026 йил. Хьюстон (АҚШ). «Эн-Эр-Джи Стэдиум»
Германия – Кюрасао – 7:1
Голлар: Нмеча, 6 (1:0), Комененсия, 21 (1:1), Шлоттербек, 38 (2:1), Хаверц, 45+5 пен. (3:1), Мусиала, 47 (4:1), Браун, 68 (5:1), Ундав, 78 (6:1), Хаверц, 88 (7:1).
Бош ҳакам: Жалал Жайед (Марокаш).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).