Европанинг кучли бешлиги — Англия, Испания, Италия, Германия ва Франция чемпионатларида 2026 йилги ёзги трансфер ойнаси бугун, 1 сентябрь куни ўз ниҳоясига етади. Клубларда таркибни кучайтириш, футболчиларни сотиш ёки ижара битимларини расмийлаштириш учун саноқли соатлар қолди.
Англия Премьер-лигасида трансфер ойнаси маҳаллий вақт билан соат 23:00 да ёпилади. Бу Тошкент вақти билан 2 сентябрь соат 03:00 га тўғри келади. Зарур ҳужжатлар муддат тугашидан олдин тақдим этилса, айрим битимларни расмийлаштириш учун қўшимча вақт берилиши мумкин.
Германия Бундеслигасида трансферлар 1 сентябрь куни соат 20:00 да тўхтатилади. Италия А Сериясида ҳам дедлайн маҳаллий вақт билан 20:00 қилиб белгиланган. Тошкент вақти бўйича ҳар икки чемпионатда ойна соат 23:00 да ёпилади.
Франция Лига 1 клублари учун муддат 19:59 да якунланади. Испания Ла Лигасида эса 1 сентябрь трансфер ойнасининг охирги куни ҳисобланади ва клубларда тунгача битимларни расмийлаштириш имконияти бор.
Шу тариқа, бугун футбол мухлисларини трансфер бозорида энг қизғин кунлардан бири кутмоқда. Одатда айнан дедлайн куни катта трансферлар, кутилмаган ижаралар ва сўнгги дақиқада амалга ошадиган келишувлар кўпаяди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).