Бразилия яшил майдонларида ўтган Жаҳон чемпионати ўзбек футболида янги саҳифа очди, десак муболаға бўлмаса керак. Сабаби, ҳамюртимиз, FIFA рефериси Равшан Эрматов Мундиал тарихида ўзига хос рекорд ўрнатиб, 9 та учрашувни бошқарган биринчи ҳакам сифатидан тан олинди, тарихга битилди. Кези келганда, Равшан Эрматовнинг ўйинларини юксак савияда ўтказишида унга кўмак берган қанот ҳакамларининг хизматларини алоҳида қайд этиш керак. Дарҳақиқат, иккала ҳамюртимиз дунё саҳнасида Ўзбекистон давлати ва ўзбек деган миллат шаънини муносиб ҳимоя қилишди. Қолаверса, ўзбек футболи ҳакамлар мактаби ишончли қўлларда эканлигини амалда исботлаб беришди. Яқинда, Олимпия шон-шуҳрати музейида Равшан Эрматовга Давлат мукофоти топширилганида, ҳаётдаги унинг дўсти, майдондаги эса ёрдамчиси Абдулҳамидилло Расуловга ҳам махсус мукофотлар топширилди, у — "Орландо" енгил машинаси билан тақдирланди. Фурсатдан фойдаланиб, Абдуҳамидулло билан суҳбатлашдик.
— Бразилияда ўтган дунё биринчилиги ҳам тарихдан жой олди. Таассуротлар ҳақида тўхталсангиз.
— Нафақат футбол, балки спорт соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ҳам Жаҳон биринчилигида қатнашишни орзу қилишади. Мундиалда томошабин эмас, балки иштирокчи сифатида қатнашиш Ўзбекистон ҳакамлар орасида менга ҳам насиб этганидан, қолаверса, дўстим Равшан билан бирга ишлаганимдан жуда хурсандман. Гувоҳи бўлганингиздек, Жаҳон футболи жамоатчилиги жуда кўплаб қизиқарли учрашувларни кузатишди, янги номларни кашф этишди. Ташкилий ишлар борасида камчиликлар бўлмади. Тўғри, "Мундиаль" бошланмасдан олдин Жаҳон матбуот нашрларида Бразилия давлатидаги муаммолар ҳақида турли хабарлар тарқатилганди. Лекин биз ўз кўзимиз билан кўрдик, ҳаммаси ўз ўрнида бўлди.
— Қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ўз фаолиятини якунлайди. Эндиликда унинг ўрнида кимни кўришимиз мумкин?
— Баҳодир ака Осиё ва Жаҳондаги энг кучли қанот ҳакамларидан бири саналади. Афсуски, Бразилия Мундиали унинг фаолиятидаги сўнгиси бўлди. Сабаби, FIFA қонун қоидаларига мувофиқ ҳакамлар ёши чегараланган. Кейинги Жаҳон чемпионатида, насиб қилса, ҳамюртимиз Жаҳонгир Саидовнинг иштирок этишига ишонаман.
— Қайси учрашув оғир кечди, деб ўйлайсиз?
— Назаримда, Голландия ва Коста-Рика термалари ўртасида ўтган ўйин бўлса керак. Коста-рикаликлар ўйиндан ташқари ҳолатни ташкил этиш тактикаси билан ўйнади. Менимча, ўндан зиёд байроғимни кўтардим, кўтармаганим қанча бўлди. Одатда, гуруҳ учрашувларига тайёргарлик ишлари бироз енгилроқ кечади. Чунки гуруҳ баҳслари 90 дақиқадан иборат. Плей-оффнинг вақти эса номаълум. Яъни, учрашувнинг асосий қисмида кучлар тенг келса, ғолибни аниқлаш учун яна 15 дақиқалик икки бўлим ўйналади. Демоқчиманки, чорак финал учрашувларига бўлган масъулият икки ҳисса ошади.
— Стадиондаги муҳит — тўла томошабинларнинг ҳайқириғи халақит бермадими, ҳаяжонга солмадими?
— Майдонга тушиб келар экансиз ўй-фикрингиз ўйинда бўлади, ўйин пайтида эса табиийки, футболчиларнинг хатти-ҳаракатида. Ортингизда нима воқеа бўляпти, ким-нима қиляпти эътибор бермайсиз. Мисол учун, 2008 йили Японияда ўтган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида "Манчестер Юнайтед" Эквадор клуби билан ўйнади. Учрашув тугагандан кейин стадионда улкан шар ҳавода осилиб турганини кўрдим, ваҳоланки ўйиндан олдин ҳам осилиб турган экан, эътибор бермаган эканман.
— Бразилияда ҳакамларга қандай шароит яратиб берилди, қаерда истиқомат қилдинглар?
— Бразилия пойтахти Рио-де-Жанейро шаҳрида. Биз жойлашган меҳмонхона ва футбол майдони ўзбекистонлик мухлисларга яхши таниш бўлган бразилиялик машҳур мутахассис Зикога тегишли футбол иншооти яқинида жойлашган экан. Эрталабки машғулотларни Зиконинг тўрт майдони бор мажмуасида олиб бордик. Шароитга келсак, ранжийдиган, норози бўладиган ҳеч қандай воситага ўрин қолмади.
— Зиконинг ўзи билан ҳам учрашдингларми?
— Албатта. Бир-икки марта учрашдик, суратларга ҳам тушдик. Ўзбек футболи, Жаҳон чемпионатидаги учрашувлар хусусида суҳбатлашдик. Зикога қойил қолган жойим шу бўлдики, у ҳозирги кунда ҳам интернет саҳифалари орқали ўзбек футболидаги янгиликларни, ўзгаришларни, миллий терма жамоамизнинг ўйинларини кузатиб борар экан. Ўзбекистондаги фаолияти борасида тўлқинланиб гапириб берарди. Бегона юртда ўз мамлакатинг ҳусусида илиқ фикрлар эшитсанг, албатта, мағрурланар экансан.
— Ўйинларга қай тарзда ҳозирлик кўрдинглар?
— Жаҳон чемпионати бошланмасдан олдин FIFA ҳакамлар қўмитаси учрашувларда ишлайдиган ҳакамлар гуруҳига махсус дискни тақдим қилди. Унда барча терма жамоалар ва футболчилар ҳақида батафсил маълумотлар берилганди. Учрашувларни бошқарадиган ҳакамлар номи аниқ бўлгач, жамоалар ўйинларини кузатдик. Истиқомат қилган жойимизда машғулотлар олиб бордик. Деярли барча учрашувларни бевосита стадиондан туриб кузатишга муваффақ бўлдик. Бунинг учун ташкилотчилар биз ҳакамларга VIP жойлардан чипталар ажратишган экан.
— Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи финал учрашувини бошқариши лозим, деган хабарлар тарқалиб кетганди...
— Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Бундай сўзлар бизнинг ҳам қулоғимизга чалиниб турди. Шундай эътирофларни эшитиш ҳар бир кишига ғурур бағишлайди. Аммо FIFA ҳакамлар қўмитаси италиялик реферини муносиб кўрди...
— Бразилия ошхонаси ҳақида тўхталсангиз?
— Маълумки, Бразилия океан бўйида жойлашган мамлакат ҳисобланади. Маҳаллий ошхонадаги овқатлар ҳам асосан денгиз жониворларидан тайёрланади. Рости, у ерда ўзбек паловию, патир нонини роса қўмсадик. Ҳакамлик фаолиятим давомида жуда кўплаб давлатларда бўлдим. Барибир ўзимизнинг таомларга тенги келадигани йўқ..
— Тақдирлаш маросими тўғрисида нима, дея оласиз?
— Камтарона меҳнатимиз Президентимиз томонидан муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, дўстим Равшан Юртбошимиз фармони билан "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланди. Қолаверса, иккаламизга енгил автомашиналар совға қилинди. Тадбир иштирокчилари биз ҳақимизда илиқ фикрлар билдиришди. Умуман олганда, жорий йил мен учун жуда омадли келяпти. Оиламизда янги фарзанд дунёга келди. Ўзим Юртбошимизнинг совғасига муносиб кўрилдим. Биласизми, бугунги кунда мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан соғлом авлодни вояга етказишга катта эътибор қаратилган. Жойларда замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, ватандошларимиз ихтиёрига топширилмоқда. Биз ёшлар эса яратилган шарт-шароитлардан, эътибордан унумли фойдаланишимиз лозим.
Неъматжон Аҳмедов суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).