Оқ бўрилар галаси тун ярмидан оққанда овга чиқишди. Ўтган сафарги ов анча муваффақиятсиз чиққани боис, оч қолган бўрилар аламзада ҳолатда йўлга отланишди. Ўлжасиз ортга қайтиш ўлим билан тенг. Сабаби, уларни ортда 4 кундан бери овқатланмаган катта бўрилар галаси кутяпти. Тўдадагиларга егулик учун бирон нарса олиб бориш керак. Наҳотки, бўри бўла туриб қондошлари учун овқат топа олмаса? Бу сафар ҳам қуруқ қўл билан қайтилса, бўрилик ғурури қайда қолди? Хуллас, оқ бўрилар озуқа илинжида овга чиқишди. Ов қандай якунланади буниси қоронғу...
Аслини олиб қараганда, хайвонда онг, ғурур деганлари бўлмайди. Буни ҳаммамиз яхши билсак керак. Фақат бу кичик сатрлар орқали “кимларнингдир” айни пайтдаги ҳолатини тасвирлашга интилдим.
Диққат қилинг, МТЖмиз футболчилари учинчи турга баҳсига киришишмоқда. Чоршанбадан бери танқидлар ёмғирини жаладек тўккан футбол ишқибозлари якшанбага яқин секин-аста тин олишди. Сабаби, ўйин яқин. Буёғига мураббийлардан тортиб, МТЖмизни ёнини олган ОАВ вакилларини аёвсиз танқид қилганлар ҳам бироз жим туриб, ўйинни кутишяпти. Демак, гуруҳдан чиқиш учун сўнгги имконият Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоаларига тақдим этилмоқда. Улар бўлажак баҳсда ўз мухлисларини хурсанд қилишлари учун қўлдан келган барча ишни қилишга тайёрлар. Кимларгадир бу ғалаба учун катта-катта пуллар ваъда қилинаётган бўлса, кимлардир МТЖмизнинг натижаси учун сочларини қирдиришга шайлар. Кўриниб турибдики, араблар ҳам гуруҳдан чиқишни биздан кам исташмаяпти. Тан олиш керак, хеч ким жамоамизни гуруҳнинг ўзидаёқ “қийналиб” қолишини кутмаганди. Энди ҳамма масала охирги баҳсга тақалмоқда. Буни истамагандик. Бироқ воқеалар ривожининг бугуни айни шуни акс эттириб турибди. Нима ҳам дердик...
Ўзбекистон МТЖ футболчилари Австралияга йўл олишидан олдин биз чорак ва ярим финалда кимлар билан ўйнашимиз, ўз имкониятларимиз, ушбу босқичдаги терма жамоалар ҳақида муҳокама қилаётгандик. Афсус, энди “гуруҳдан чиқамизми?” деб суҳбатлашиб турибмиз. Майли, руҳиятни туширманг. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Яхшиликдан умид қилайлик. Ўзи-ўзидан учинчи турда ҳақиқий жанг бўлиши табиий. Бўлажак рақиб бизга нотаниш бўлмаган, хуллас ўша эски танишларимиз. Гуруҳдаги охирги ўйинда араблар ғалаба қозониш учун қўлларидан келган “ҳамма” ишни қилиб кўришади. Буни кутиш мумкин. Энг муҳими уларга қарши учрашувда тўғри тактика, таркиб ва умуман барча-барчасини мукаммал ҳолатга бўлиши керак. Албатта, Қосимов жамоасидан тезкор футбол кутиб қоламиз. Муҳими ташаббусни рақибга бермаслик. МТЖмиз ҳимояси, тан олиб айтиш керак, узоқ босимга дош бермайди. Иложи борича тўпни ўз назоратимизда ушлаб, эрта прессинг қўлласак мақсадга мувоффиқ бўлади. «Қанотлардан тўпни жарима майдончасига ҳаволатиб ташлаб бериш» деган тактикани унутсак ҳам ёмон бўлмасди. “А” вариант иш бермадими, “Б”сига ўтиш керак. Асосийси бир хил қолипда қотиб қолмаслик. Футболчи — бу майдонда фақат тўпни кетидан югурадиган шахс дегани эмас. Футболчи ижодкор ҳам бўлиш керак. Рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун турли хил вариантлар ўйлаб топмоғи зарур. Муҳими натижа.
Майли, араблар билан баҳсда ҳужумлар ёмғири рақиб дарвозаси олдида ёғмасин. Бироқ бизга самарали ва натижали ҳужумлар керак. Австралиядаги турнир бизга кутилган ва кутилмаган “совға”ларни тақдим этишда давом этмоқда. Ҳа, кутилганидек биз чорак финалда Жанубий Кореяга қарши тўп тепишга яқинмиз. Аслида биз гуруҳда биринчи, улар эса Австралия терма жамоасидан кейинги ўринни олиб ярим финал остонасида Қосимов шогирдларига тўқнаш келиши тахмин қилинганди. Бироқ чархпалак биз ўйлагек айланмади. Лекин барибир якунда, улар билан ўйнаш имкони эга бўлишимиз мумкин. Албатта Саудия Арабистони терма жамоасини мағлуб этган ҳолда. Бизни мундиалсиз қолдирганлардан ўч олиш учун ажойиб имконият. Ундан аввал эса гуруҳдан чиқиш керак.
Хуллас, учинчи тур учрашувида Миржалол Қосимовдан тўғри қарорлар, Одил Аҳмедовдан яна омадли зарбалар, Сервер Жепаровдан Андрес Иньеста даражасидаги паслар, Виталий Денисовдан жангавор ўйин, Игорь Сергеевдан эса голлар ва бошқалардан мазмунли ўйин кутиб қоламиз. Муҳими, ортда Ватан кутаётганини, миллионлаб халқ улардан умид қилаётганини ҳис қилиб майдонга чиқишсин!
Биласизми, юртимиз ёшларининг борган сари онги, дунё қараши ўсиб бормоқда. Улар бугун ва эртанинг эгалари. Мен ҳам мана шу гўзал диёрнинг бахтли ёшларидан бириман. Тўғриси мен ўзимни кучли журналист деб ҳисобламайман. Чунки ҳали ёшман. Шунчаки оддий радиобошловчи сифатида фаолият олиб бораман холос. Лекин хар доим ўз фикримни қўрқмасдан билдиришга ўрганганман. Бу сафар ҳам, ўйин олдиндан ўз қарашларим билан ўртоқлашдим. Фикрларим сизга манзур бўлмаган бўлса узр, ёққан бўлса хурсандман. Энди келинг биргаликда, пичирлаб шундай деймиз:
Мени эшитяпсизми, араблар? Хушёр бўлинг, “Оқ бўрилар” овга чиқди...
Олға ватаним бош жамоаси ! Олға Ўзбекистон!
Ҳожиакбар Жабборов.
“Рухсор” ТРК (Фарғона)
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).