Миллий терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов Хитойнинг "Шанхай СИПГ" жамоасига кўчилиб ўтганидан ҳамманинг хабари бўлса керак.
Ҳозирча ҳамма бу трансферга ўз қарашлари билан ёндашишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, айримлар Одил Аҳмедов "Краснодар"да қолиши керак эди, деса, бошқалар Европанинг бирон бир жамоасига йўл олганида яхшироқ бўлар эди, демоқда.
Шахсан менинг фикримча, бу Одил Аҳмедов учун амалдаги энг тўғри қарор эди. Мен бу трансферни қоралашим мумкин эди, агарда Одил Аҳмедовнинг олдида "Барселона" ва "Реал Мадрид"дан расмий таклиф турганида, Одил фақат молиявий томонларини ўйлаб, шанхайликлар сафига бориб қўшилганида.
Аммо амалда Одил Аҳмедовни Европа грандлари расман таклиф қилишмаётган эди, лекин Европанинг ўртамиёна жамоаларидан қизиқиш бўлганлиги ҳақиқатга яқин.
Хўш, Одил Аҳмедов Россияда, жумладан, "Краснодар" сафида қолганида нимага ҳам эришар эди ? Савияси жиҳатидан Европада иккинчи ўринда турадиган Европа лигасида нимчорак ёки чорак финагача етиб бориш учунми? Ёки Россия чемпионатида "Терек"ни ортда қолдириб, 4-ўринни қўлга киритишми? Йўқ, "Краснодар" сафида қолиб бу жамоа билан қандайдир натижага эришиш бугунги кунда жуда мушкул масала эди.
Мана энди Одил Аҳмедов "Шанхай СИПГ" жамоасида Оскар ва Халк билан жамоадош бўлади, Андре Виллаш-Боаш қўл остида ҳаракатланади. Энг муҳими, Одил Аҳмедов 2017 йилнинг ўзидаёқ Хитой Чемпиони, Хитой Кубоги соҳиби ва ОЧЛда чемпион бўлиш учун жуда ҳам қулай имконияти бўлади (Осиёда чемпион бўлса, клублар ўртасидаги ЖЧда ҳам майдонга тушиш эҳтимоли бор). Хитой чемпионати ҳозирги кунда инфраструктура ва футболчиларнинг савиясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аллақачон Россия чемпионати билан тенглашиб бўлган. Тўлиб тошган ҳайхотдек стадионлар, нархи фалон миллион турадиган юлдузлар, соатлаб югуриб фақатгина завқ олиш мумкун бўлган ям-яшил майдонлар бисёр бўлган Хитой чемпионатига ўтиш бу — Одил учун хеч қанақасига ортга ташланган қадам бўла олмайди.
Фақат Одилнинг олдида битта энг асосий вазифа туради, яъни янги жамоасида кўз тегиб, захира ўйинчисига айланиб қолмаслик ҳамда ўз спорт формаси ва асосий таркибдаги ўрнини доимо сақлаш!
Чиқмаган жондан умид, балким "Шанхай"нинг Хитой ва Осиё миқёсида қўлга киритажак ижобий натижалари ўлароқ Одил Аҳмедовга Европанинг топ-5 чемпионати жамоалари ҳам қизиқиб қолар?
Кутамиз, кузатамиз...
Улуғбек Худойберганов (Bek_Uzbekistan)
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).