|
ЖАВОБ: Ваалайкум салом.
Биринчидан,FORWARD uff.uz билан ҳамкорлик қилаётгани туфайли, FORWARD билан ҳамкорлик қилиш uff.uz билан ҳамкорлик қилиш деб тушунмаслик керак.
Ростини айтганда, мен бошида улар билан ҳамкорликка қизиқдим, ҳозир ҳам қўлдан келгунча ёрдам беришга тайёрман. Аммо лойиҳани тўлиқ ўрганиб чиқиб, тўлиқ ҳамкорлик қилишни истамадим. Албатта, лойиҳа қизиқарли, оргинал, жамоа ҳам ёмон эмас, лекин бу нашр учун ишлаш, ўз ўзидан бу ердаги фаолиятимни чеклайди. У ерга берган материлларимни мисол учун, ушбу сайтга қўя олмаслигим ёки вақтида қўйиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишим мумкин. Менга бундай талаб қўйишмади, лекин мантиқан олиб қараганда шундай бўлиши керак, тўғрими? Мен эса таъсир доирамни атайлаб камайтиришни ёки ўқувчиларимни ортимдан эргашитириб юришни истамайман. Имкон қадар қулай шароитда ва имкон қадар кўпчилик мени ўқишини истайман. Зафар истаган пайтда унга ёрдам беришга тайёрман, лекин доимий равишда ҳозирча, стадион.узда ёзмоқчиман. "Бахтим тўкис бўлиши" учун "Чемпион" газетаси қайта тикланса ва яна ўша нашрда мақола ёзишни бошласам етарли. Насиб этиб қолар...
Газеталарнинг йўқолиб боришига фақат молиявий муаммолар сабабчи. Молиявий деганда айтайлик, журналистларнинг молиявий талабларни деб тушунманг. Мен билган ва мен билан бирга ишлаган журналистлар ичида пулни юқори ўринларга қўядигани умуман йўқ. Асосан типография билан боғлиқ муаммолар чиқади.
"Чемпион" гуллаган пайтида ҳам фақат ижодий тарафдан гуллаган холос. Молиявий муаммолар бор эди. Шунчаки, масалан баққол қўшнингиздан аввалига пулингизга нарса сотиб оласиз, кейин "запись"га олишни бошлайсиз, муаммо сезилмайди. Қачонки, дафтар тўлиб, пул талаб қилишни бошлаганда ёки эски қарзларингизни тўламагунингча, сенга нарса бермайман, дея бошлаганда муаммолар пайдо бўла бошлайди, тўғрими? Мана шунақа, аввалига ижодкорларнинг муассислигида маълум даражага бордик, кейин қийинчиликлар бўй кўрсатиб, деярли ёпилиш арафасимда турганида Азиз Акбаров ёрдам берди ва тикланиб олдик. Лекин яна ўшанча вақт ўтгач, яна ўша муаммолар қайталанди ва яна оҳир аҳволга келиб қолди. Очиғини айтсам, газетанинг буунги эгалари билан шахсан таниш эмасман, мақсадлари менга қоронғу, нега катта пулга сотиб олиб, осонлик билан қўл силтаётганликларидан ҳайронман.
Яна битта гапни айтиб кетай, "Чемпион"да ишлаб юрган пайтларимда, юзага келаётган кўпгина муаммоларнинг сабабчиси Азиз акбаров деб ўйлардим, уни ўз ишини эплай олмаётганликда айблаганман, ўзига ҳам айтганман. Ўшанда қисман ҳақ бўлгандирман, лекин "Стадион"да, Шуҳрат Шокиржонов билан ишлаб, ростанам газетани юргизиш осон эмаслигини тушундим. Шуҳрат акада бу лойиҳани юргазиш истаги жуда кучли, ўзига яраша тажриба ҳам, иштиёқ ҳам, меҳнат ҳам етарли бўлди, лекин барибир, давом эттира олмади. Шундан сўнг, Азиз акада ҳам катта айб бўлмаганига ва умуман ушбу соҳанинг иши жуда оғир эканига амин бўлдим. Бу соҳани юргизиш учун қизиқиш ва истакнинг ўзи кифоя қилмас экан.
Фикримча, Футбол газетачилигини фақат фойда олиш манбаи ёки бизнес деб эмас, худди ўша футбол клублари каби (улар ҳам зарарга ишласа ҳам мавжуд-ку) ижтимоий куч ва йўналиш сифатида қарайдиган инвесторлар пайдо бўлмагунча, соҳа ривожланмай тураверади. Жавоб берилган сана: 08.09.2012 22:53
|