|
ЖАВОБ: Ваалайкум салом. Мен кўпроқ сўнгги йиллардаги "Барселона" ва унинг муаммолари ҳақида ёзганимда шуни айтгандим. Услубнинг қобиғига ўралиш ва айниқса, системада ўта кучли футболчилар тўп сургани учун янгиларнинг ўша даражага киришиб кетиши қийинчилик туғдирган. Менимча, Пеп Гвардиола айнан шу туфайли, ҳаммаси жойида бўлса ҳам, 2012 йил ўрталарига келиб янги тактик схемалар ҳақида бош қотира бошлади. Куэнка каби футболчиларни ўйнатиб, қанотларга урғу қаратмоқчи бўлди. Яъни маълум фалсафа қобиғидан сал бошқачароқ фикрлай оладиган футболчилардан ҳам фойдаланишни бошлади.
Хуллас, янгиларнинг қўшилиб кета олмасликлари бу қоида эмас, пайдо бўлган муаммо холос. Буни ечса бўлади. Ўйинга рангбаранглик олиб кирилиши керак ва бунинг учун Неймар каби футболчилар керак бўлади. Неймарнинг Тельо ёки Алькантаралардан фарқи, унинг ўз "мен"и бор, айнан ҳозирги пайтда клубда ҳозир бу керак.
2002 йилда "Барселона" асосан голланд мураббийлари қўл остида, асосан голланд футболчилари билан бир неча йил ўйнаб қандайдир нуқтада қотиб қолгандилар. Роналдиньонинг трансфери дадил қадам бўлганди, ўшанда. У жамоа ўйини фалсафасига янгиликни, тетикликни олиб кирган, ўйинни кучайтирган. Яна ҳамма жамоа ўйинига қизиқишни бошлаган. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш қадам керак. Жавоб берилган сана: 20.05.2013 14:44
|