Мана, ҳаш-паш дегунча, Янги Зеландия давлати мезбонлигида ўтган ёшлар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати ҳам тарихда қолди. Унда иштирок этган Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз аъзолари мундиалга юксак мақсадлар билан йўл олишганди. Яъни, улар жаҳоннинг энг кучли тўрт термаси қаторидан жой олмоқчи эдилар. Бу орзу ушалиши ҳам мумкин эди-ю, аммо Сенегал термасига қарши чорак финал ўйинида ватандошларимизга бир озгина омад етишмади. Лекин умумий натижаларга кўра, ёшларимизнинг ҳаракатларини қониқарли, дея баҳолаш мумкин. Бу натижага эришишда катта ҳисса қўшганларнинг бири – мундиал туфайли беқиёс тажрибага эга бўлган дарвозабон Дилшод Ҳамроев бўлади. Биз Сенегал термаси билан ўйиндан сўнг Дилшодни «Скайп» орқали суҳбатга тортдик. Тўғри, бу вақтда ёш кипернинг кайфияти унчалик яхши эмасди. Лекин Ҳамроев шунга қарамай, саволларимизга батафсил жавоб қайтаришга ҳаракат қилди.
Қўшимча маълумот
Кумири: Мануэл Нойер
Ёқтирган клуби: «Барселона»
Ёқтирган ранги: кўк
Севимли таоми: палов
Ёқтирган машинаси: «Каптива»
Омадли рақами: 12
- Дилшодбек, мундиалдаги энг ёрқин ўйин - Австрияга қарши баҳсда баъзи футболчиларимизнинг ички либосларида ватанпарварона руҳдаги турли ёзувларни кўрдик. Бу кимнинг ташаббуси эди?
- Биласизми, бу болаларнинг ўзлари чиқарган қарорлари маҳсули эди. Масалан, Хуршид (ғиёсов) онасини жудаям яхши кўришига шаъма қилди. Забиҳилло эса гол урсам, барчага Ўзбекистонни қанчалик севишимни кўрсатаман, деган ниятда эди.
- Германия ёшларига қарши ўйининглар негадир чиқмади. Худди рақибдан чўчиб ўйнаётгандек туюлдинглар. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Тан олиш керак, рақиб ҳаддан ташқари кучли эди. Шунинг учун ўйинга ҳимоявий тактика танланганди. Қарши ҳужумлардан фойдаланмоқчи эдик. Мураббийларимиз Германиянинг ўйинларини кузатганларидан сўнг шундай хулосага келишганди. Албатта, биз фақат ижобий натижадан умид қилгандик, аммо... Якундаги ҳисобни ўзингиз кўрдингиз.
- Турнир «плей-офф»ида Осиёдан фақат Ўзбекистон ёшлари қолишган эди. Бу сизлар учун қайсидир томондан руҳий устунлик бағишлай олдими?
- Бизнинг бош мақсадимиз - Ўзбекистонни яна бир бор дунёга танитиш эди. Албатта, гуруҳ босқичидан сўнг Осиёдан бир ўзимиз қолганимиз руҳан далда ҳам бўлди. Бироқ ўзимиз кутган натижага эриша олмадик. Мундиалда кучли тўртликка кира олганимизда янаям яхшироқ бўларди.
- Австрия билан ўйингача сизларга журналистларнинг эътибори қанақа эди-ю, ўйиндан кейин қай даражада бўлди?
- Очиғи, бунга унчалик эътибор қаратмадим. Лекин менимча, ўша ўйингача журналистларнинг эътибори ўртача эди. ғалабадан сўнг эса улардаги ўзгаришларни сезгандек бўлдим. Жумладан, ОАВ ходимлари Австрияга қарши баҳс якунига етгач, кўплаб футболчиларимиздан интервью олишга уринишди.
- Ҳамкасбингиз Сарвар Каримовнинг ҳозирги ҳолати қандай? 1 ўйиндаги 4 гол унга жуда кучли таъсир ўтказгандек туюлмоқда.
- Йўқ, бундай эмас. Сарварда салбий томонга ўзгариш йўқ. Тўғри, ҳар бир дарвозабон ўтказиб юборилган голдан сўнг ноқулай ҳолатга тушади. Бироқ биринчи ўйиндаги голларда Сарварнинг айби деярли йўқ эди.
- Сенегал ёшларини ниманинг ҳисобига мағлуб этмоқчи эдинглар? Биламизки, улар жисмонан бақувват, аммо унчалик ақлли футбол намойиш этаверишмайди. Тайёргарлик жараёнида бунга алоҳида эътибор берилганмиди?
- Аслида бирор-бир учрашув қандай кечишини ўша ўйиннинг ўзи кўрсатиб беради. Биз сенегалликларга қарши тартибли ўйнаб, тўпни назорат қилишни ва тезкор қарши ҳужумларга таянишни мақсад қилгандик. Тўпсиз рақиб кўпроқ чарчайди. Қайсидир лаҳзаларда буни уддаладик ҳам. Аммо жамоамизга озгина омад етишмади.
- Ўша ўйинда Достон Ҳамдамовнинг йўқлиги яққол сезилиб қолгандек туюлди...
- Тўғри, балки Достон дисквалификацияга учрамаганида, ғалаба қозонармидик?! Бироқ ўз ўрнида шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, биз- майдондагилар айнан Достон учун ҳам боримизни беришга интилдик. Бошқача айтганда, сенегалликларни енгиб, ғалабани Ҳамдамовга бағишлашни мақсад қилгандик. Лекин омадимиз келмади.
- Гуруҳ босқичидаги дастлабки икки учрашувдаги мағлубиятдан сўнг гуруҳдан чиқиш имкониятларингизни деярли нолга тенглашиб қолгандек эди. Аммо энг керакли лаҳзада Фижи ёшларини мағлуб эта олдинглар. Қайсидир томондан, бунга немислар ҳам ёрдам бериб юборгандек...
- Йўқ, бу фикрингизга қўшилмайман. Биз кимнингдир натижасини кутиш учун ўйнамаймиз. Фижиликларга келсак, йигитлар охиригача курашишди. Яъни, иштиёқ кучлилиги боис, гуруҳдан чиқишни уддаладик.
- Ҳайрон қолмай иложимиз йўқ, лекин бу факт: ўтказиб юборилган голларнинг аксарияти жарима зарбасидан киритилди. Ҳимоячиларимиз ҳам айнан мана шундай нуқталарда рақибга қўполлик ишлатишмоқда. Бу ҳақда мураббийлар нима дейишди?
- Дарҳақиқат, бошланғич ўйинларда мана шундай хатоликларга йўл қўйдик. Лекин мураббийларимизнинг ўз вақтида берган кўрсатмалари натижасида бу камчиликлар бартараф этилди. Биз кичик мундиалда ўйиндан-ўйинга кучайиб боришни кўзлагандик. Ишончим комилки, агар сенегалликлар тўсиғидан ўта олганимизда, ярим финалда ўзимизнинг энг чиройли ва яхши ўйинимизни кўрсатардик.
- Маҳаллий мухлислар аксарият учрашувларда сизларга мухлислик қилишди.
- Ҳа, бу бизни қувонтирмай қолмади. Менимча, бу борада дунёда юртимизнинг эндигина танилиб бораётгани, қолаверса, Абдураҳмон Фозиловнинг ўзгача кўринишдаги мухлислиги ва саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин тутди. Зотан, ҳар қандай учрашувда мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларини ҳис этиб ўйнаш ёқимли.
- Янги Зеландия ҳақидаги таассуротларингиз қандай?
- Ажойиб мамлакат экан. Ҳамма шароитлар аъло. Таассуротларим ҳам чакки эмас. Ҳар-хил шаҳарларда бўлдик. Лекин бу ўлкага шунчаки, томоша учунгина эмас, маълум мақсадлар билан келганимизни унутмадик.
- Жамоангиз «Қизилқум» ҳам сизнинг ўйинларингиздан қониққан бўлса керак. Энди ўз клубингизда ҳам асосий дарвозабон бўлишга интилсангиз керак, албатта?
- Аввало, менинг шу даражага етишимга сабабчи бўлган клуб рахбари Ҳамид Актамов ва бош мураббий Юрий Лукинларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Албатта, бундан буёғига клубда асосий дарвозабон бўлиш учун ҳаракат қиламан.
- Вақти келиб миллий терма жамоа дарвозасини қўриқлашни ҳам орзу қиласизми?
- Бу - биргина менинг эмас, барча ёш дарвозабонларнинг орзуси. Насиб қилса, вақти келиб, бу ниятимга албатта, етишаман.
А.ЭШОНХОНОВ суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).