Дунёнинг энг яхши футболчисига бериладиган мукофот бугунга келиб шунчаки расмиятчиликка айланиб қолгани қуруқ гап эмас. Зеро, Месси, Неймар ва Криштианунинг қобилиятига шубҳа қилишга ҳеч биримизда асос йўқ дай. Шундай бўлгач, Цюрихдаги тантанали маросим аллақачон дан бери зерикарли ўтмоқда, дейишга ҳақлимизми? Яқин-яқингача эса энг кучли футболчига аталган совринни қўлга киритиш ўта қийин ҳисобланар ва унинг аҳамияти ҳам анчайин залворли эди. Қуйида шу ҳақда ҳикоя қиламиз.
1992. Марко ван БАСТЕН, «Милан»
Мавсумда эришган ютуқлари: Европа суперкубоги ва қитъалараро кубок, «А» сериясининг энг яхши «бомбардири».
Асосий рақобатчиси: Христо Стоичков, ўртадаги фарқ - 18 балл.
Ван Бастен карьерасини ХХ аср охирларининг классикаси дейиш мумкин. «Аякс»да Кройф меросхўри даражасигача кўтарилгач, у «россонерлар» - голландияликларнинг машҳур триоси сафидан жой олган ҳолда ўз тарихини ёзди.
Марко илк «Олтин тўпи»ни 1988 йилда - «Милан»нинг кўҳна қитъадаги устунлиги барчага бирдай аён бўлиб турган бир даврда қўлга киритди. Бу устунлик шу даражада яққол эди-ки, унга жамоадошлари Барези ва Гуллитларгина рақобатчи бўлишганди. Голландиялик жумладан, «Евро»да ҳам энг яхши мерганга айлангани унинг фойдасига ишлади. 1992 йил унинг учун қийин кечди - жароҳат туфайли айрим ўйинларни ўтказиб юборишга (мавсумда 11 гол) мажбур бўлди, Стоичков эса аксинча, мавсумни ажойиб тарзда бошлаганди. Мукофот эса барибир ван Бастенга насиб қилди, у бўлса кўпчилик Нобель мукофоти лауреатлари каби совринга кўпроқ Христо муносиб бўлганини айтди. Болгарияликка «Олтин тўп» 2 йил ўтгач берилди.
1995. Жорж ВЕА, «Милан»
Мавсумда эришган ютуқлари: «А» серияси чемпиони, Чемпионлар Лигасининг энг яхши «бомбардири».
Асосий рақобатчиси: Юрген Клинсманн, ўртадаги фарқ - 3 балл.
1995 йилдан «Олтин тўп» кўҳна қитъалик бўлмаган, аммо Европадаги клуб билан шартномага эга бўлган футболчига берила бошланди. Бу борада африкалик таниқли футболчи Жорж Веа биринчи бўлди. Либерия вакили «Милан»да ўтказган дебют мавсумида барчани ўзи ҳақида гапиришга мажбур қила олди. Форвард ҳам сўзлашни ётирар ва бу одат алал-оқибат уни мамлакат президентлигига номзод сиёсатчи даражасигача етишишига сабаб бўлди. Либерияликнинг Италияда ўтказган ойлари журналистларни шу даражада лол қолдирдики, улар «Олтин тўп»ни Веага беришга қарор қилишди. Асосий рақобатчиси Юрген Клинсманн эса Германияда - «Бавария» таркибида голлари сонини кўпайтириб борди. Бу борада, барибир либерияликнинг омади кўпроқ чопди. Веа қитъанинг энг яхши футболчиси деб топилди, янги аср бошида эса Пеле уни ФИФАнинг кучли юзлигига киритди.
1996. Маттиас ЗАММЕР, «Боруссия» Д.
Мавсумда эришган ютуқлари: бундеслига ва Европа чемпиони.
Асосий рақобатчиси: Роналдо («Барселона»), ўртадаги фарқ - 3 балл.
Ҳа, «Бавария» спорт директори ҳам қачонлардир дунёнинг энг яхши футболчиси бўлган. Уни машҳурликка Германия термаси ҳимоясидаги (!) ажойиб ҳаракатлари ҳамда немисларнинг Англияда ўтган Евро-1996 йилдаги ғалабаси олиб келди. Заммернинг номзодлар ичида ғолиб деб топилишига Дортмунднинг «Боруссия»си таркибида мамлакат чемпиони унвонига сазовор бўлгани ҳам муҳим омил бўлгани шубҳасиз. Маттиас Заммернинг рақобатчилари эса чинакам тўпурарлар эди: Клинсманн, Ширер ва Роналдо.
2000. Луиш ФИГУ, «Реал»
Мавсумда эришган ютуқлари: Европа чемпионатида бронза.
Асосий рақобатчиси: Зайниддин Зидан («Ювентус»), ўртадаги фарқ - 16 балл.
Месси ва Роналдугача бўлган «Олтин тўп»нинг баҳсларга энг кўп сабаб бўлган даври. Фигу ўшанда футболчи сифатида эмас (Европа бринчилигида бронза, холос), «Барса»ни «Реал»га алмаштирган шахс сифатида ёдда қолди. Португалияликнинг асосий рақобатчиси бўлган Зизу эса «Юве» шарафини ҳимоя қилаётган ва клуб сафида порламаган бўлса-да, Франция термаси таркибида Бельгия ва Голландияда ўтган Европа биринчилигида ўзини кўрсата билганди: Зайниддиннинг «олтин голи» таркибида Фигу бўлган Португалия термасини ортда қолдирган Les Bleusни қитъа биринчилиги финалига олиб чиқди. Аммо «Реал»нинг ҳозирги бош мураббийи ўшанда фақат «Бриллиант тўп» билан чекланди, холос ва бу нарса ҳозиргача кўплаб саволларга сабаб бўлмоқда.
2001. Майкл ОУЭН, «Ливерпуль»
Мавсумда эришган ютуқлари: Англия кубоги ва суперкубоги, футбол лигаси кубоги, УЕФА кубоги ва суперкубоги.
Асосий рақобатчиси: Рауль («Реал»), ўртадаги фарқ - 36 балл.
Оуэнни тақдир алқаганлар сирасидан дейиш мумкин. Бу ерда гап жароҳатлар тўғрисида бормаяпти. Йўқса, «Оуэн «Олтин тўп»ни қайси хизматлари учун олди?» деган саволни орадан 15 йил ўтгандан кейин ҳам бериш мумкин бўлмасди. Шундай вазиятларда сизга мукофотга аслида Рауль кўпроқ муносиб бўлганини айтишади. Ахир ўшанда эндигина балоғат ёшига етган британиялик «Ливерпуль» таркибида мавсумнинг бошидан охиригача майдонга тушган ва ҳақли равишда Англиянинг энг яхши спортчиси номига сазовор бўлганди-ку! Унинг аргентиналиклар дарвозасига киритган голи-чи? 2001 йил мавсумида мерсисайдликлар қўлга киритган ҳар бир ғалабасида Раулнинг муносиб хизмати бор эди. Буларнинг ҳаммасига эндигина катта футболга кириб келган Оуэн жароҳат ва оғриқлар туфайли эришгани-чи?!
2006. Фабио КАННАВАРО
Мавсумда эришган ютуқлари: жаҳон чемпиони.
Асосий рақобатчиси: Жанлуиджи Буффон («Ювентус»), ўртадаги фарқ - 49 балл.
Мукофот ўзига янги эга топишига футболчининг халқаро миқёсда эришган ютуқлари сабаблигига яна бир мисол. Ҳимоя марказида Неста-Каннаваро жуфтлигининг бўлиши - футболдаги ноллар платинаси демакдир. Яна нима дейиш мумкин, чиндан ҳам ўшанда «Скуадра Адзурра»нинг барча чизиғи намунали эди. Буларнинг ҳаммаси, «Олтин тўп»га даъвогарлар таркибига фақатгина биргина номзоднинг киритилишига тўсқинлик қилди. Оқибатда, бу Тьерри Анри - ЧЛ ва ЖЧ чемпиони, Жанлуиджи Буффон - сайёранинг энг яхши кипери ҳамда италияликларнинг олтин авлоди етакчиси - Фабио Каннаваро учлигининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Учликнинг сўнгги вакили мукофотга лойиқ деб топилди ва бу қарор жуда тўғри эди. Ахир 2014 йил якунларига кўра, Филип Лам «Олтин тўп»га муносиб деб топилишини тасаввур қилиб бўлармиди?
ВА КЕЛАЖАКГА НАЗАР
«Соккер.ру» жаҳон футболи келажагига назар ташларкан, яқин келажакда кимлар «Олтин тўп»га муносиб деб топилиши мумкинлиги тўғрисида ёзади.
Томас МЮЛЛЕР («Бавария», Германия), 26 ёшда
Томас натижа борасида стабилликка эришаётганини ҳисобга олсак, у яқин келажакда порлашига шак-шубҳа йўқ. Балки, шу йилнинг ўзидадир. Аммо кўп нарса жамоа муваффақиятига боғлиқлигини ҳам унутмаслик даркор: агар Мюллер «Бавария» таркибида кўплаб гол урса ва клуб ЧЛда ғалаба қозонса, шунингдек, футболчи Германия термасида кучли ўйин намойиш қилса, ҳатто Зимбабведаги овоз бериш ҳуқуқига эга мутахассислар ҳам унга эътибор қаратишади. Аслида, бу немис футболчиси ўта камтар, унинг учун энг муҳими футбол ва асло пиар-акция эмас, шу жиҳати билан ҳам Мюллер шахсий эътирофга муносиб.
Гарет БЭЙЛ («Реал», Уэльс), 26 ёшда
Бейл Бенитеснинг истеъфога чиқарилганидан хафа бўлгани шубҳасиз, боиси, айнан Рафаэль Гаретни биринчи ролга олиб чиққанди. Энди Роналду соясида қолиб кетадиган валлияликнинг эртаси шубҳа остида қолиши мумкин. Шунингдек, унга Уэльс термасини зафар чўққиларига етаклаш ҳам осон бўлмайди, Бэйлнинг ягона имкони - Европа гранди етакчисига айланиш ва қитъа миқёсида муваффақиятларга эришишдир. Агар «Реал» Гаретни бош этиб тайинлашга тайёр бўлмаса, у АПЛга қайтгани дуруст.
Эден АЗАР («Челси»), 25 ёшда
Яқин-яқингача ҳам Азар «Олтин тўп»га асосий даъвогарлардан саналарди ва ҳатто Моуриньонинг ўзи ҳам собиқ шогирдини бу мукофотга муносиб деб айтганди. Аммо сўнгги ярим йилда омад «Челси»дан юз ўгирди, демакки Эдендан ҳам. Унга бошқача кўз билан қарайдиган, иқтидоридан шубҳаланадиган бўлиб қолишди. Нима ҳам дердик, бельгиялик футболчи нималарга қодирлигини кўрсатадиган пайт келди, ҳатто жамоани алмаштириб бўлса ҳам.
Хамес РОДРИГЕС («Реал», Колумбия), 24 ёшда
Иқтидорли йигит жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлишга улгурди. Хамес натижага ўйнайди, ҳаракатлари аниқ, чиройли, ахир ижронинг гўзаллиги кўп нарсани ҳал этиши бор гап-ку. Аммо Родригесда ҳам Бэйлдагидай муаммо бор - у ҳатто ўз жамоасида ҳам етакчи эмас, бундай ҳолат эса «Олтин тўп» учун курашни кўпинча бефойдага айлантиради.
Антуан ГРИЗМАНН («Атлетико», Франция), 24 ёшда
Жорий мавсум Антуан учун профессионал футболдаги еттинчиси ҳисобланади ва француз спортчиси йилдан йилга ўсиб бораётганини кўриш мумкин: унинг ўйини тобора очилмоқда, голлари сони ортиб боряпти. Гризманн жамоани ўзгартиришда адашмаса ва терма сафидан мустаҳкам ўрин олишнинг уддасидан чиқса, 3-4 йилдан сўнг «Олтин тўп»га бемалол даъвогарлик қилиши мумкин.
Кевин Де БРЮЙНЕ («Манчестер Сити»), 24 ёшда
Бельгиялик хавбекнинг ёзги трансферлар даврида «Вольфсбург»дан «Манчестер Сити»га ўтиши «шаҳарликлар»га 74 млн. еврога тушди. Шу рақамнинг ўзиёқ Кевин қандай кучга эгалигини кўрсатади. Брюйне шу тарзда ўйнашда давом этса, у Азарга нисбатан ҳам «Олтин тўп»га яқин тургани маълум бўлади.
Неймар («Барселона», Бразилия), 23 ёшда
У бўлғуси мусобақаларнинг сўзсиз фаворити ва бугуннинг ўзидаёқ бемалол «Барселона»да Мессининг ўрнини босиши ҳақида гапиришмоқда. Лео «Манчестер Сити»да Гвардиолага шунчалик керак экан, уни «Барса» каттагина компенсация эвазига қўйиб юборса ҳам бўлаверади. Неймар футболни ажойиб ўйнайди, исми мухлислар тилида, Каталония клубида биринчи скрипкачи ролини эгаллаш эса, унга индивидуал мукофотларни нақд этиб қўяди.
Иско («Реал», Испания), 23 ёшда
Ҳозир Исконинг клубдаги аҳволи тушунарсиз. Тўғри, Зидан келганидан сўнг ҳаммаси ўзгариши керакдай - умуман, хавбек мураббий назарига, демакки, асосий таркибга тушишни уддалаши шарт, бу эса Исконинг қобилияти қулоч ёзишини таъминлаши аниқ. Зеро, Иско янги Иньесто бўлишни уддалайди, бундайин йигитларни ҳамма бирдай ҳурмат қилса-да, кўпинча улар мукофотдан четда қолишлари ҳам бор гап. Аммо испаниялик ҳужумчини «Олтин тўп»га даъвогарлар сирасига киритса арзийди.
Марио ГЕТЦЕ («Бавария», Германия), 23 ёшда
Гетцега ҳам янги туртки керак: балки Гвардиоланинг «Бавария»дан кетиши айнан шунга хизмат қилар. Мариода бўлса ҳозирнинг ўзидаёқ жаҳон танишига хизмат қиладиган совринлар етарли - у жаҳон чемпиони, мундиал финалида ҳал қилувчи гол муаллифи, немис вингерининг номи барчанинг тилида, энди барчаси сифат ва стабил ўйинга боғлиқ.
Марко ВЕРРАТТИ (ПСЖ, Италия), 23 ёшда
Марказий ярим ҳимоячига «Олтин тўп» учун курашиш осон кечмайди, аммо Марко тенгдошлари орасида энг иқтидорли эканлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Шундай бўлгач, у Хави даражасида ўйнай бошласа ПСЖ (балки, бошқа клубнинг) таркибида мукофотларни қўлга киритади, Италияни бирор кубокга етаклайди - балки, омад ёр бўлган футболчилар сирасидан бўлар.
Поль ПОГБА («Ювентус», Франция), 22 ёшда
Полнинг ўйинларини кузатаркансиз, ҳозир шахсий мукофотларни қўлга киритиш пайти келганига амин бўласиз. Аммо бунинг учун у «Реал» ёки «Барселона» сафига ўтса ёмон бўлмасди.
Пауло ДИБАЛА («Ювентус», Аргентина), 22 ёшда
Дибала кўрсатаётган ўйин даражаси чиндан ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу йигит учун футболда ҳеч қандай сир қолмагандай, йўқса «Ювентус»га мослашиши бунчалик осон кечмаган ва жаҳон даражасидаги ўйин кўрсатмаган бўларди. Паулонинг карьераси муваффақиятли чиқиши аниқ, ҳатто Поль Погбанинг ўзи ҳам аргентиналик яқин йилларда «Олтин тўп»га муносиб топилишини айтяпти.
Харри КЕЙН («Тоттенхем», Англия), 22 ёшда
Ҳозир тўпурар вингерлар урф бўлган бир пайтда олий даражадаги марказий ҳужумчилар доимо ҳурмат-эътиборда бўлишади ва уларнинг бири Европанинг иқтидорли форвардларидан ҳисобланган Харри Кейндир. Вақтики келиб у жаҳон миқёсида тан олинган футболчига айланиши мумкин. Аммо бу муваффақиятга «Тоттенхем» сафида тўп сурганча эришиш қийин, айтайлик «Реал» бир неча йил олдин Бэйл учун сўнгги 100 млн. евросини сарфламагандир.
Раҳим СТЕРЛИНГ («Манчестер СИТИ», Англия), 21 ёшда
Келажаги порлоқ саналаётган яна бир инглиз футболчиси. Аммо характерини ҳисобга олганда бундай дейиш қийинроқдай - у эндигина 21га кирган бўлса-да, «Ливерпул»ни «Манчестер Сити»га алиштиргач, инглиз стадионларида ўзига қарата чалинган ҳуштакларни етарлича эшитди. Майдонда эгаллаган ўрни бўйича сайёрамизнинг энг кучли ёшларидан саналади, аммо футболдаги карьерасига ундаги профессионаллик етармикан?
Антонии МАРСЬЯЛЬ («Манчестер Юнайтед», Франция), 20 ёшда
2015 йил якунларига кўра, Антони Golden Boy мукофотини қўлга киритди ва бу совринга ўз вақтида Лионель Месси ҳамда юқорида номлари келтирилган йигитларнинг бир қанчаси муносиб кўрилганди. Ёзда француз форвардига сарфлаган оламшумул маблағи боис «Манчестер Юнайтед» устидан кулмаган одам қолмади, аммо Марсьяль АПЛда майдонга тушган дастлабки баҳслардаёқ пул бекорга сарф этилмаганини исботлай билди. Антонидаги иқтидор юқори даражада, келажаги ҳам порлоқ, аммо барчаси бошқача бўлиши мумкинлигини ҳам унутмаслик лозим.
И.ОБИДОВ тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).