Олий лиганинг навбатдаги тури ҳам мухлисларга бир-биридан қизиқарли баҳсларни туҳфа этди. Айниқса, бу сафар меҳмонлар фаоллик кўрсатишди: нақ 5та жамоа ўз уйига 3 очко билан қайтишга эришди. Шунингдек, чемпионатнинг янги мавсумидаги илк дурангга ҳам гувоҳ бўлдик. InterFutbol анъанага мувофиқ, 2-тур баҳсларида бошқа шерикларидан ажралиб турган футболчилардан иборат рамзий терма жамоа тузди.
Дарвозабон
Абдумавлон Абдужалилов («Нефтчи»). Маҳоратли посбон «Нефтчи»нинг «водий дербиси»да ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшди. Айниқса, «Навбаҳор» футболчиларининг ҳаволатиб берган аксарият узатмаларини айнан Абдумавлон эгаллаб олишга эришди. Қолаверса, ушбу дарвозабон ўз жарима майдони ичида юзага келган хавфли вазиятлар чоғида ҳам ўзини йўқотиб қўймай, жамоаси жонига оро кирди.
Ҳимоячилар
Шуҳрат Муҳаммадиев («Насаф»). «Аждарлар» сафарда «Олмалиқ»ни ишончли тарзда енгишди. Муҳаммадиев эса одатдагидек, «Насаф»нинг ўнг қанот ҳимоясида ажойиб ўйин кўрсатди. Тезкор футболчи жамоаси ҳужумларига қўшилиш баробарида, рақиб ҳужум уюштираётган паллаларда мудофаадаги жойини тўлдиришга ҳам улгурди.
Юрица Булят («Бунёдкор»). Меҳмонда жиззахликлардан кичик ҳисобда устун келган «қалдирғочлар» икки тур якунига кўра, 100 фоизлик натижага эришдилар. Бунда эса «Бунёдкор»нинг хорватиялик ҳимоячиси Юрица Булятнинг хизматлари ҳам ётибди. Айнан ушбу футболчининг саъй-ҳаракатлари «Сўғдиёна» ҳужумчиларининг эркин ўйнашларига халал берди.
Жаҳонгир Меҳмонов («Нефтчи»). Турнинг марказий ўйинида энг фаоллардан бўлган яна бир ўйинчи. «Навбаҳор»нинг ҳам юқоридан, ҳам пастдан уюштириладиган ҳужумлари кўп ҳолларда айнан Жаҳонгир Меҳмоновнинг уринишларидан сўнг йўққа чиқарилди. Натижада, у «Нефтчи» дарвозаси дахлсизлигининг сақлаб қолиниши, умуман, жамоасининг муваффақият қозонишига катта ҳисса қўшди.
Азиз Ғуломхўжаев («Навбаҳор»). Гарчи наманганликлар ушбу турда мағлубиятга учраган бўлсаларда, Фарғонада чиройли ўйин кўрсатишга эришдилар. Айниқса, шу куни «Навбаҳор»нинг чап қанот ҳимоясида тўп сурган Азиз Ғуломхўжаев мураббийлар ишончини тўлиқ оқлади. У мудофаани унутмаган ҳолда, олдинги чизиқ вакилларига кўмаклашишни ҳам уддалади.
Ярим ҳимоячилар
Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»). Бугунги «Пахтакор»нинг ажралмас қисмига айланиб улгурган тезкор футболчи «Қўқон-1912»га қарши кечган баҳсда ҳар доимгидек фаоллик кўрсатди. Гарчи Машариповга гол уриш насиб қилмаган бўлсада, муҳими, шерикларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаб, жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасига улуш қўшди.
Баҳром Абдураҳимов («Насаф»). «Насаф»нинг энг меҳнаткаш футболчиларидан бири Олмалиқдаги баҳсда мезбонлар дарвозасига жавоб тўпини киритиб, жамоасининг ғалабасига замин ҳозирлади. Айнан шу голдан сўнг «аждарлар» ўйин тизгинини ўз қўлларига олиб, якунда муваффақият қозонишни уддаладилар. Баҳром Абдураҳимов эса, учрашувнинг энг яхши футболчисига айланди.
Аюбхон Нўъмонов («Металлург»). Рамзий терма жамоадан «Металлург» футболчисининг ўрин олиши қувонарли, албатта. Бекободликлар Муборакда биринчи бўлиб дарвозаларидан тўп олиб чиқишганига қарамай, якунда «Машъал»ни мағлуб этишди. Учрашувда энг фаоллардан бири бўлган Аюбхон Нўъмонов якунда меҳмон жамоанинг энг яхши футболчиси номига лойиқ кўрилди.
Илҳом Юнусов («Қизилқум»). Ушбу футболчи қайси жамоада ўйнашидан қатъий назар, етакчиликни ўз қўлига олиши мумкинлигини яққол намойиш этмоқда. Мазкур турда Илҳом Юнусовнинг пенальтидан урган голи «Қизилқум»га мавсумдаги иккинчи ғалабани туҳфа этди. Бундан ташқари, маҳоратли ярим ҳимоячи бутун ўйин давомида жамоадошларига ҳар тарафлама ўрнак бўлди.
Ҳужумчилар
Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»). Иккита чиройли гол «темирйўлчилар» ғалабасини таъминлади. Темурхўжа Намангандаги баҳсда ҳам фаоллик кўрсатганди, «Андижон» билан ўйинда эса бу фаолликни голлари билан исботлади.
Игорь Сергеев («Пахтакор»). Мазкур турда «дубль» қайд этган яна бир ҳужумчи. Миллий термамизнинг бугунги кундаги асосий ҳужумчиси рақиб дарвозасини икки марта ишғол қилиш баробарида бутун ўйин давомида «Қўқон-1912» ҳимоячиларининг эркин нафас олишларига имкон бермади. Натижада, бу саъй-ҳаракатлар амалдаги чемпионнинг олий лига янги мавсумидаги иккинчи ғалабасига замин яратди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).