Бугун нафақат Германия балки, миллионлар ўйинига ошно тутинган, бошқа футбол мамлакатларида ҳам тақвимнинг энг муҳим учрашувларидан бири “дер классикер“ бўлиб ўтади. Кучли бешлик чемпионатлари ичида "Бундеслига"да турнир жадвалидаги ҳолат секин асталик билан “одатий“ кўринишига қайтмоқда дейиш мумкин. Яъни “Бавария“, “Боруссия“, “Лейпциг“...
Ўтган мавсумда супер сермаҳсуллик намойиш этган, “немис машинаси“ тезлигини сира пастлатгани йўқ. Аксинча, жорий футбол мавсумида ҳам кўплаб титуллар учун даъвогар эканлигини ўз ўйинлари билан кўрсатиб келмоқда.
Сўнгги баҳсни чемпионлар лигаси доирасида ўтказган мюнхенликлар "Залцбург" дарвозасига 6 та тўп киритишга муваффақ бўлишди ва бугунгача 9 очко тўплаган ҳолда “А“ гуруҳида етакчилик қилиб келишмоқда. Жамоанинг миллий биринчиликда ҳам ишлари чакки эмас, 6 ўйиндан кейин 15 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамликни ўз қўлига олган. Рақибларини энг кўп голлар билан сийлаганлик мақомида ҳам Флик шогирдлари, 24 та гол билан. Таркибнинг ҳозирги кўринишини ҳам оптимал дейиш мумкин. Боиси, Джошуа Зиркзее, Никлас Зюле, Альфонсо Девис каби футболчиларни алмаштираган номдор номзодлар етарли. Бугун марказда, Джером Боатенг, Давид Алаба билан тандем ҳосил қилиши, кўп эҳтимол, чап қанотда ўйиндан ўйинга очилиб бораётган Люка Эрнандес кўриниш беради. Лерой Сане ҳам кичик жароҳатдан қутулиб сафга ЕЧЛдаги голи билан қайтди. Эътборлиси, бугун жорий мавсум 6 ўйин ўтказиб, 2 гол ва 3 ассист қайд этган германиялик футболчи классекерда дебют қилиши мумкин. У билан бирга яқиндагина “ПСЖ“дан ижарага олинган ва жамоага яхши киришиб кета олган, 5 ўйинда 2 гол 1 муваффақиятли узатма амалга оширган Эрик Чупо-Мотинг ҳам.
Тобора ғалабалар занжири ҳосил қилаётган Флик жамоасини бу сафарги, жиддий рақиб билан юзлашув ҳам чўчитмаётгандир, балки?
Аммо, “Боруссия Дортмунд“ ўзига яхшиган ишонмоқда. Бугунги рақиби сингари ушбу олмон жамоаси ҳам ЕЧЛдаги ўз гуруҳида карвонбошилик қилмоқда. Сўнгги ўйинни “Брюгге“га қарши ўтказган дортмундликлар йирик, 3:0 ҳисобида зафар қучишди. Жамоа ҳар қайси рақибга ҳужумкор ўйин таклиф эта олишини ортда қолган баҳсларда исботлади. Аҳамиятлиси, ҳимояни унутиб қўймаган ҳолда. Ўз навбатида, “асаларилар“ҳам Бундеслига доирасида 6 турдан сўнг, 15 очко жамғариб урилган голлар эвазига бугунги рақибидан бир поғона пастда жойлашган. Аммо, Люсьен Фавр шогирдларига ҳимоя борасида айни пайтда “Бавария“ ҳам ҳавас қилса арзийди. Бугунгача улар, ўз дарвозаларидан 2 та тўп олиб чиқишган холос. Қизиқ а, очколари тенг икки клуб. Бирининг, дарвозаларни ишғол этгани билан, бошқасининг даҳлсизликни сақлаб қолгани билан “тили узун“.
Томонлар ўзаро ўтказган 126 учрашувдан 60 ғалаба “Бавария“ тегишли бўлса, 32 ўйинни “Боруссия“ ўз фойдасига расмийлаштирган. 34 марта, мухлислар дурангнинг гувоҳига айланишган.
Тахминий таркиблар
“Боруссия Дортмунд“
1 Роман Бюрки, 24 Тома Менье, 16 Мануэль Аканджи,15 Матс Хуммельс, 13 Рафаэль Геррейру, 22 Джуд Беллингхэм, 28 Аксель Витсель, 7 Джейдон Санчо, 11 СаркоРойс(С), 32 Джованни Рейна, 9 Эрлинг Холанд
“Бавария“
1 Мануэль Нойер, 20 Буна Сарр, 17 Джером Боатенг, 27 Давид Алаба, 21 Люка Эрнандес, 6 Йозуа Киммих, 18 Леон Горецка, 7 Серж Гнабри, 25 Томас Мюллер, 29 Кингсли Коман, 9 Роберт Левандовски
Дуэль
Бугунга келиб, иккала жамоанинг голеадор етакчилари шубҳасиз, Роберт Левандовски ҳамда Эрлинг Холанд. Полшалик футболчи ушбу мавсум, барча мусобақаларда 883 дақиқа ҳаракат қилиб, 12 гол ва 4 ассист қайд этишга муваффақ бўлган. Норвегиялик форвард эса, жорий мавсум, барча мусобақаларда 775 дақиқа тўп тепиб, 10 голга муаллифлик қилиб, 3 та голли узатма амалга оширган.
Мураббийлар
Люсьен Фавр(Боруссия Дортмунд): “Биз бор эътиборимизни ўз ўйинимизга қаратмоқдамиз бугунги баҳсни кутмоқдамиз. “Бавария“ умумий олганда жуда яхши ҳолатда. Улар темпни юқори ушлашади ва таваккал қилишади. Албатта, бунинг ижобий томонлари ҳам салбий томонлари ҳам бор. “Бавария“ га қарши сўнгги икки ўйин яхши ўтди. Биз бундан ҳам яхшироқ ўйин намойиш этишимиз ва жуда яхши ҳимояланишимиз керак“
Флик Ханс-Дитер ("Бавария"): “Дортмундда ажойиб жамоа бор. Улар Бундеслигадаги энг яхши ва жуда сифатли ҳимояланадиган жамоалардан бири, тўпни эгаллаб олгандан кейин эса хавфли. Бизнинг жамоа бўлиб ўйнашимиз муҳим. Бу Дер Классикер, шунинг учун ҳамма ғайратли бўлади. Биламизки, бутун дунё томоша қилади, бу бизни янада кўпроқ нарсаларга ундайди. Биз ишонамиз ва ўйинда ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз“
Хулоса ўрнида, “Боруссия“ бу гал мамлакат чемпионлиги учун жиддий кураш олиб боради, боисики, бир неча йиллардан бери амалга оширилаётган трансферлар орқали фақат иккинчи ўрин билан чекланавериш на раҳбариятга ва на мухлисларга хуш келаётгани йўқ. Албатта параллель равишда халқаро майдонда ҳам жанг қилиши даркор. Аниқки, “Бавария“нинг кучи, салоҳияти ва важоҳати ҳар қанча фронтда кураш олиб бориш учун етарли.
Бу оқшом “Сигнал Идуна Парк“да кечадиган, ўзаро принципиал рақиблар ўртасидаги дастлабки баҳс, кўп эҳтимолки, мавсум якунидаги чемпионлик учун яхши юриш бўлади.
Дадажон Фозилжонов тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).