Тель-Авив шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи мусобақанинг биринчи кун беллашувлари ўз якунига етди. Қувонарлиси, ушбу кун дастурида терма жамоамизнинг икки нафар вакили бронза медалини қўлга киритишди.
-66 кг вазн тоифасида курашни бошлаган Сардор Нуриллаев ва Муҳриддин Тиловов якунда шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олдилар. Бу борада уларнинг босиб ўтган йўли ҳам ўхшаш. Ҳар икки вакилимиз чорак финалда имкониятни бой беришди ва дастлаб бронза медали учун ўтиш босқичида, сўнг учинчи ўрин учун кечган баҳсда рақибларидан устун келишди. Нуриллаев мусобақа дебютанти италиялик Маттиа Миселини мағлуб этган бўлса, Тиловов россиялик Мурад Чопановни доғда қолдирди.
Афсуски, мусобақа стартида Диёра Келдиёрова (-52 кг) ва Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг) омадсизликка учраб, турнирни эрта тарк этишди. Бугунги баҳслардан сўнг вакилларимиз ўз ҳисобларига қуйидаги рейтинг очколарини ёзиб қўйишмоқда:
-52 кг: Диёра Келдиёрова – 10
-60 кг: Диёрбек Ўрозбоев – 10
-66 кг: Муҳриддин Тиловов – 500
-66 кг: Сардор Нуриллаев – 500