Кетма-кет икки йил давомида Томас Тухел ва унинг жамоалари Чемпионлар Лигаси финалида ўйнашди. Агар ўтган мавсумда немис бошчилигидаги "Париж Сен-Жермен" мусобақа охирида кубокни "Бавария"га ютқазган бўлсада, бу мавсум "Челси" билан мазкур мусобақа ғолибига айланди.
Бундай ёрқин фаолиятдан кейин Томас ҳақида тез-тез гапиришлари ажабланарли эмас. Кимдир бу мутахассис қанчалик иқтидорли эканлиги ва у тез орада футбол оламига Гвардиоланинг ҳукмронлигига якун ясалиши, кимдир эса Тухелнинг кейинги трансфер ойнасида "Челси"га қайси футболчини чақириши ҳақида гапиришни яхши кўради. Бугун биз ҳам ушбу немис мутахассисининг фаолиятига тўхталишга қарор қилдик. Ҳозир сизларга Тухелнинг мураббийлик фаолиятида давомида бирга ишлаган энг кучли ҳужумкор футболчиларининг 5 нафари ҳақида тўхталмоқчимиз. .
5. Анхел ДИ МАРИЯ - 36 та гол
Аргентиналик Анхел Ди Мария Томас Тухел раҳбарлигида Парижнинг "ПСЖ" жамоасида ўйнаган. Футболчи у ерда немис мураббийи пайдо бўлишидан анча олдин пойтахт жамоасига келган, аммо айнан Ди Мария Томас келгандан кейин, ҳужумда фаолроқ ва яхшироқ ҳаракат қилиб, жамоанинг энг фйдали футболчиларидан бирига айланди.
Умуман, Тухел қўл остида Ди Мария "ПСЖ" сафида 103та ўйин ўтказди. Мазкур баҳсларда - 36та гол ва 49та голли узатмани амалга оширган. Ушбу рақамлар Ди Мария ҳозир кўрсатаётган натижалари Тухелнинг ўрнини эгаллаган Маурисио Почеттино бошқарувидаги кўрсаткичлардан кескин фарқ қилади. Аргентиналик мураббий қўл остида Анхел парижликлар сафида 26 марта ўйин ўтказган, аммо кўрсаткич нисбатан пасроқ. Ди Мария ушбу учрашувларда атиги 2 та гол ва 9 та голли пас берган.
Албатта, буёғига Ди Мария ёшариб бормаяпти, шунинг учун ҳам натижалари тушиб кетган дейишимиз мумкин, аммо ҳақиқат сақланиб қолмоқда - айнан Тухел қўл остида Анхел ўз карьерасидаги энг кўп гол урган ва шунингдек, жуда кўп голли паслар берган деб айтиш мумкин.
4. Андре ШЮРРЛЕ - 41 та гол
Томас Тухел бирданига иккита клуб таркибида Шюррле билан йўллари кесишган. Биринчи марта, мутахассис "Майнц"да истеъдодли ҳужумчи билан ишлади, у ерда Андре катта футболда тан олиниши учун биринчи қадамларни қўйди. Шундан сўнг Шюррле "Байер" таркибига кетиб, кейин "Челси" ва "Вольфсбург"да ўйнаб, 2016 йилда яна Тухел қўл остида шуғулланишни бошлади, аммо бу сафар Дортмунднинг "Боруссия" клубида.
Тўғри, "Майнц"да Шюррле Тухел билан "қора-сариқлар"нинг лагерига қараганда зўр ўйнаган, аммо бунинг объектив сабаблари, жумладан, Андреанинг жисмоний ҳолати ҳам бор эди. Аммо айнан Томас ва Шюррле биргаликда энг кўп учрашув ўтказган - 114. Бошқа бирон бир мутахассис бу футболчига Тухел сингари ишонмаган (Моуриньо қўл остида Шюррле 65 ўйин ўтказган, Хекинг - 63). Ҳужумкор яримҳимоячи, шунингдек, мураббийига ишонч учун миннатдорчилик сифатида - 41 та гол ва 13 та голли узатма билан жавоб қайтарган.
3. НЕЙМАР - 51 та гол
Бразилиялик Неймар Парижга кўчиб ўтгани учун танқид қилинди. Кўпчилик ҳужумчини пул излаб, Парижда барпо этилаётган Қатар инвесторларининг очиқчасига утопик лойиҳасига қўшилиб, "Барселона"дек савия жиҳатидан анча кучли бўлган клубни тарк этгани учун қоралайди. Бироқ, Франция пойтахтида Неймар майдонга тушганда умуман яхши кўринишга эга ва энг муҳими, тўлиқ куч билан ўйнаш истагини намойиш этади.
Тухел раҳбарлигида Неймар Францияда икки ярим йил ўйнади. Айнан немис мутахассиси билан бразилиялик ҳозирча энг юқори поғонага кўтарилди. Чемпионлар Лигаси юқорида айтиб ўтганимиздек, "ПСЖ" томонидан забт этилмаган, аммо тарихида биринчи марта финалда ўйнашди.
Шунингдек, бразилиялик легионер Тухел билан кўрсатган натижалари билан ҳам бемалол мақтана олади - 67 учрашувда 32 голли пас ва 51 гол.
Ўша пайтларда Тухел бошчилигидаги жамоа биргаликда Францияда чемпионатида икки марта, битта Суперкубок, шунингдек битта мамлакат кубоги ва битта Лига кубогини ютишди. Кейинчалик, бошқа жамоага ўтмоқчи бўлиб юган Неймар "ПСЖ"да қолди ва яқинда клуб билан янги шартнома имзолади, аммо Тухелдан ўтган йилнинг декабрида «ўз лавозимини тарк этишни сўрашди» ва бу Париж клубининг хўжайинлари қарори.
2. Пьер-Эмерик ОБАМЕЯНГ - 79 та гол
Габонлик ҳужумчи Пьер-Эмерик Обамеянг Тухел билан ишлашни бошлаганда, аллақачон таниқли тўпурар бўлганида, Кейинчалик, футболчи Дортмунднинг "Боруссия"сидан "Арсенал" сафига ўтиб кетди, аммо Обамеянг ўзининг энг самарали икки мавсумини Бундеслигада немис мутахассиси раҳбарлигида ўтказди. Шунинг учун Пьер-Эмерик Тухелдан "гол уриш машинаси" сифатида ўзининг кўп қирраларини очишга ёрдам бергани учун мутахассисдан миннатдор бўлиши керак.
Агар "Боруссия"даги дастлабки икки мавсум давомида габонлик футболчининг статстикаси максимал 13 ва 16 та гол бўлса, Тухел клубига келгандан сўнг, Пьер-Эмерикнинг натижаси кескин суръатларда ошган ва кейинги икки мавсумда у мос равишда 25 ва 31 та гол урган! Умуман олганда, Томас "Боруссия"да бўлган пайтда Обамеянг барча турнирларда 95 та ўйин ўтказиб, 79 та гол ва 17 та голли узатмани амалга оширди, бу габонликнинг ҳар бир ўйинда ўртача битта самарали ҳаракат қилган деганидир.
Афсуски, Тухел ва Обамеянг ўртасидаги бундай ажойиб тандеми ҳеч қандай муҳим совринларни қўлга кирита олмади. Улар битта Германия кубогида зафар қучишган. Балки шунинг учун ҳам "қора-сариқлар" мураббийга янги шартнома таклиф қилмасликни афзал кўришгандир. Аммо, Томас кетганидан бир йил ўтиб, Обамеянг ҳам "Боруссия"ни тарк этди.
1. Килиан МБАППЕ - 83 та гол
Албатта, Томас Тухел учун Килиан Мбаппе каби истеъдод билан ишлаш бахтдир. Немис мураббийи келишидан бир йил олдин Париж клуби "Монако"дан сотиб олинган ҳужумчи тезда монегасклар лагеридаги ҳаракатлари тасодифий эмаслигини тасдиқлади. Ва Эмери, кейин Тухел бошчилигида Мбаппа голларни қалаштириб ташлади. Клубда Ди Мария, Неймар ва бошқа кўплаб истеъдодлар борлигига қарамай, парижликлар ҳужумидаги энг ҳавфли футболчига айланиб олди.
Умуман олганда, Тухел даврида Мбаппа барча турнирларда 98 учрашув ўтказган, 83 гол урган ва 46 голли узатмани амалга оширган. Бу нафақат "ПСЖ", балки бутун Европа футболи ажабланадиган ҳолатдир. Аммо, ҳозирча Килиан Чемпионлар Лигаси ва "Олтин тўп"ни қўлга кирита олмаган, лекин ҳар бир футболчи учун орзу қилган, Жаҳон чемпионлиги каьи унвонни 22 ёшида қўлга киритишни уддалаган.
Қизиғи шундаки, Тухелнинг кетиши билан "ПСЖ" узоқ чемпионлик сериясини тўхтатиб қўйди. Ва умуман олганда, Мбаппенинг "ПСЖ"да қанча муддат қолиши қизиқ, чунки томонлар янги шартнома борасида келиша олишмаяпти, Килиан эса ўз тарихини буюк ютуқлар ва мақомга эга клубда синаб кўриш орзусидан воз кечмайди. Бу - "Реал"...
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).