Италиялик таниқли мутахассис ҳозирда телеэксперт сифатида ишлаётган собиқ футболчи Жейми Каррагер билан Юрген Клопп, англиялик мураббийлар ва нима учун ватандошлари уни тўғри тушуна олмасликлари хусусида суҳбатлашди.
- Мен Италия қишлоқларининг бирида, Ламбруско шарбатидан татиган ҳолда, Арриго Сакки билан футбол ҳақида гаплашиб ўтирибман. Сакки ўз вилласида зукко донишманд ролини адо этмоқда. Дунёнинг турли бурчакларидаги мураббийлар ундан маслаҳат олиш мақсадида келиб туришади. 25 йил аввал Арсен Венгер йўқлаб келганди, икки ҳафта муқаддам Томас Тухель ташриф буюрди, - дейди Каррагер.
- Суҳбатга берилиб, вақт ўтганини сезмай қолибмиз. Унга нуқта қўйганимизда, тун ярмидан ўтганди, - дейди Сакки. - Юрген Клопп ташрифини пандемия туфайли кечиктиришга тўғри келди. Навбатдаги «уик-энд»да Саккининг қишлоғи Фузиньянода ташкил этиладиган кўргазмага Марчелло Липпи, Альберто Заккерони ва Антонио Конте каби алломалар таклиф этилган.
Мен суюкли жамоам «Ливерпуль» Саккини ўзининг энг буюк устози сифатида эътироф этгувчи мураббийнинг «МЮ»си устидан ажойиб ғалабага эришганидан кейин донишманд ҳузурига ошиқдим. Унинг бу борадаги фикрини билиш иштиёқи менга тинчлик бермай қўйганди:
- Кечаги учрашувни («МЮ» - «Ливерпуль» (0:5) баҳси назарда тутилмоқда) кўрдингизми, Арриго?
- Бу «Ливерпуль» - ноёб санъат дурдонаси. Таркибида бирорта суперюлдузи бўлмаган фантастик жамоа. Асл жамоа. Унда ҳар бир футболчи 11 нафар ўйинчи учун тўп суради. Бошқа жамоаларда ҳамма ўзи учун ўйнайди.
- «МЮ» хусусида қандай фикрдасиз?
- 2014 йилги ЖЧда Бразилия телеканалларидан бирининг вакили ўз терма жамоаси ҳақида сўраганди. Мен жамоани кўрмаганлигим, шунчаки, майдонда 11 кишилик гуруҳни кузатганимни айтдим.
Интервью пайтида ҳаяжонланиб кетаман. Футбол буюк мураббийлар даврасида шаклланиб, ривожланган. Бироқ фақат саноқли кишиларгагина унда абадий ўзгаришларни амалга ошириш насиб этган. Арриго Сакки учун афсонавий мураббий мақомининг ўзи камлик қилади. У замонавий футболнинг энг илғор меъморларидан бири. Эҳтимол, сўнгги 40 йил ичидаги энг нуфузли мутахассисдир. Европа футболига назар ташласангиз, юксак прессинг, ихчам, уюшқоқ ва юқори ҳимоя чизиғига, Саккининг андозалари бўйича иш юритадиган мураббийларга дуч келасиз. Арригонинг 80-йиллардаги «Милани» бунга яққол мисол бўла олади.
- Футболда жамоавий ақл-идрок муҳим аҳамиятга эга, - дея якунлади Сакки ўз ғояларини.
Мен эса ўйин услубида инқилобни амалга ошириш, Италия футболида ҳукмрон бўлган либеро позициясидан воз кечиб, ҳимоявий омилларни такомиллаштириш, тўп учун курашни олдинги чизиқда бошлаш эвазига уни ҳужум қуролига айлантириш ғояси қаердан пайдо бўлганини тезроқ билишни истардим. Ўз жавобларида Сакки шогирдларининг устун жиҳатларига, жамоа учун шахсий манфаатлардан воз кечишга тайёрликларига, шунингдек, унинг кўрсатмаларига тўлиқ риоя қилишга интилишларига урғу берганди. Италия терма жамоасидаги 5 йиллик фаолиятида Сакки 120 нафар футболчи орасидан руҳий ва жисмоний жиҳатдан унинг талабларига жавоб берадиган 22 нафарини танлаб олганди.
- Мен доимо футболчилардан 4 хислатни излардим: ақл, камтарлик, вазминлик ва иштиёқ. «Милан»га келган пайтимда режамга кирмаган бир ўйинчи бор эди. Чунки у тун бўйи дайдиб, машғулот базасида уйқуни урарди. Берлускони савол берди: «Хўш, кимни харид қилишимиз керак? Мен ҳеч ким керак эмаслигини, унинг ўринбосаридан фойдаланишимизни айтдим. У ўта камтарин ва билимга чанқоқ йигитча эди. Алессандро Костакуртанинг айтишича, бир пайтлар мени бир ойдан кейин мураббийликдан четлатишади, деб ўйлаган экан. Ўйинчининг таъриф-тавсифи ва руҳияти мен учун муҳим аҳамиятга эга эди. Даниэле Массаро ажойиб техника соҳиби бўлсада, аввалига иштиёқи пастроқ эди. Шу сабабли ўқишга мажбур бўлди. Рууд Гуллит нафақат техника бобида, балки инсоний фазилати билан кучли таъсир кўрсатганди. Унинг табиати маҳорати каби жуда муҳим эди. Барча муваффақиятларга машаққатли меҳнат ва самарали ўйин услуби эвазига эришдик, - дейди Сакки.
Ринус Михельс жамоалари услубини қунт билан ўрганган италиялик мутахассис уларга тўп билан ва тўпсиз ҳаракатланиш қоидаларини қўшиш орқали ўз ғояларини рўёбга чиқарди.
- Замонавий футболда бир-биридан 20 йил узоқда бўлган 3та буюк жамоа мавжуд: Михельснинг «Аякси», менинг «Миланим» ва Пепнинг «Барселонаси». «Аякс» ўзининг тотал футболи билан улкан таъсир ўтказди. Болалик давримда Ди Стефано, Пушкаш ва Хентонинг «Реали» шайдоси эдим. Футбол мен учун доимо шоу, томоша мақомида бўлган. Унинг асосий вазифаси - мухлислар кўнглини хушлаш, - дейди Сакки.
Саккининг «Милан» билан эришган муваффақияти ўтган ҳафтада нашрдан чиққан «Умри боқийлар» китоби билан тасдиқланган. Унинг ғояларига футболчилар ва иш берувчиларнинг ишончсизлик билан қараганликлари ҳозир ажабланарли туюлади. Футболчилик фаолияти жароҳат туфайли барвақт ниҳоясига етгач, Арриго ўз қишлоғида болалар жамоасига устозлик қила бошлади. Кейин 26 ёшида маҳаллий клуб мураббийлигини ўз зиммасига олди. Шундан бери мураббий Италия футболидаги нотўғри қарашларга қарши курашишга интилди.
- Мен анъаналари, услуби ва ўзлигига эга жамоа ҳар қандай футболчидан устун, деган нуқтаи назарни илгари сурдим. Ўша даврда ҳаммаси ўзгача эди - шахслар даҳо мақомида улуғланарди. Футбол доимо мамлакат маданияти ва тарихи кўзгуси бўлган. Италиянинг Рим империясидан кейинги тарихи буюк эмасди - ҳаммага оёқости бўладиган ва ҳаммадан қочадиган. Мен битта гол уриб олиб, кейин минимал ғалабани ушлаб қолишга интиладиган жамоани эмас, биринчи рақам остида ва ажойиб услубда ўйнайдиган жамоани шакллантириш мумкин, деб ҳисоблардим. Руҳият доимо муҳим бўлган.
Мен ҳужум қила олмаслигимизга ишонмасдим ва ҳимояланишдан кўра, ҳужум қилиш афзалроқ эканлигига амин эдим. Тўпга эгалик қилиш орқали ҳамма нарсага эришиш мумкин. Тўпни рақиб дарвозасига қанчалик яқин ҳудудда тортиб олсангиз, гол уриш имкониятингиз шунчалик кўпроқ бўлади. Аввалида ғояларимга ишончим комил бўлмасада, ишлашда давом этдим. Доимо ақлли кишилар билан ишлашга интилардим. Чунки уларни ғоя билан таништирсам, ўзлари ривожлантира олардилар. Кейин жараён ишбошисига айланишарди.
«Милан» бошқарувига келганимда (1987 йил), Италиянинг етакчи газеталаридан бири шундай ёзганди: «Эртага «Милан»ни «жаноб ҳеч ким» қабул қилади». Улар 14 йиллик меҳнатимни назар-писанд қилмадилар. Мен совринларни қўлга киритдим, бирор марта бўлсада, истеъфога чиқарилмадим. Франко Барези даврида ўйинчилар ўзгаришларга ёмон муносабатда бўлишмади, аммо шубҳа-гумондан холи эмасдилар. Бу муаммо бутун фаолиятимда мени таъқиб этди. 4-дивизионда аввал «А» серияда ўйнаган тенгдошим тўп сурарди. Бир куни мен кийиниш хонасидан чиқиб, унинг жамоадошларига айтган гапини эшитиб қолдим: «Бу йигит ё даҳо ёки телба».
Ҳатто дебют мавсумидаги чемпионликдан кейин ҳам, Саккининг ҳақ эканлигини тан олишга кўпчилик тайёр эмасди.
- Бир куни рафиқам билан ресторанда кечки тамадди учун ўтиргандик. Эртасига «Наполи»га қарши ўйин бор эди. Қўшни столда ўтирган италиялик таниқли журналист Жанни Брера менга юзланиб, Марадонага қарши кимни туширишимни сўради. Футболга қизиқмайдиган, ўйинларни томоша қилмайдиган рафиқам савол берди: «Нима, сиз ҳудудий ҳимоядан фойдаланмайсизми?» Мен аёлимга жавоб қайтардим: «Ёки биз бу ишни нотўғри қиляпмиз ёки бу йигит ҳеч нарсани тушунмайди».
1988 йилда «Милан» ЕЧК ғолиблиги сари отланганида, «Сан-Сиро» мураббийларнинг кейинги авлоди учун илғор футбол мактаби мақомини олганди.
- Бунга қадар жамоанинг ўша ўйинчиларидан бирортаси ҳатто чорак финалга ҳам чиқа олмаганди. Биз ярим финалда «Бавария» билан куч синашиб, уйда 1:0 ҳисобида зафар қучдик. Жавоб учрашувига Гуллит, Донадони ва Анчелоттиларсиз йўл олган бўлсакда, танаффусга қадар 11та аниқ зарба йўлладик. «Бавария» эса бор-йўғи битта. Ўша ўйинда ҳужум қилиш ҳимояланишдан афзал ва юқори прессинг даҳшатли қурол эканлигини ҳамма тушуниб етди, деб ўйлайман.
Шундан кейин италиялик мураббий услубига қизиқиш кучайиб, уни турли мамлакатларга таклиф эта бошладилар.
- Бир пайтлари Англия футбол ассоциацияси мени туманли ўлкага таклиф этиб, «Милан»даги фаолиятимга оид саволларга кўмиб ташлаганди. Кейинчалик жамоамиз машғулотига франциялик мураббийлар - Жерар Улье, Луис Фернандес ва Арсен Венгерлар ташриф буюрдилар. Улар шу пайтгача бунчалик кўп ишлайдиган жамоани кўрмаганликларини айтишганди.
- Сизнинг методларингиз қаерда яхшироқ татбиқ этилмоқда?
- Энг яхши мураббийлар ҳозир Англияда ишламоқдалар. Пеп ва Клопп - футболни олға элтаётган буюклар. Шунақа мутахассислар бўлмаса, футбол ҳалок бўлади. «Ливерпул»нинг «Барселона» билан ўйинини томоша қилиб, эҳтиросларимни жиловлай олмадим. Ахир фақат жамоа эмас, бутун шаҳар ғалаба қозонди. Кейинги ҳаётимда Англияда мураббий бўлишни истайман. Англиядаги мухлисларнинг футбол интеллекти доимо ўзгача бўлган. Бироқ мени клублар шундай заковатдан йироқ Америка ва Яқин Шарқ вакиллари тасарруфига ўтиб кетаётгани хавотирга солмоқда.
Арриго Саккини афсусланишга мажбур этаётган жиҳат шуки, унинг ғоялари дунёнинг турли бурчакларида муваффақият билан татбиқ этилаётган бўлсада, «А» сериядаги ўзгаришлар сезиларли эмас.
- «Милан» сабоқлари ҳамма жойда қунт билан ўрганилиб, ривожлантирилди. Фақат Италиядан бошқа мамлакатларда. Ҳа, афсуски, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).