Милан шаҳрининг икки шонли клуби таркибида тўп сурганлар орасида машҳур ҳамда суюкли футболчилар жуда кўп. Мухлислар ичида эса «Милан» ёки «Интер» ўртасида қай бири кучли экани доимо мунозараларга сабаб бўлган. Ушбу клублардаги фаолиятида билан машҳур бўлганлар орасида Уэсли Снейдер ҳамда Кака ҳам бор. Афсуски, бу жуфтлик ҳеч қачон Милан дербисида тўқнашмаган. Кака «Реал»га йўл олганида, Снейдер «Бернабеу»ни тарк этаётган эди. Шунга қарамай, биз ушбу икки афсонани бир-бирига қарши қўя олдик. Хўш, улар орасида қай бири кучлироқ, қай бири яхшироқ натижалар эгасига айланган? Қуйида сиз билан ушбу саволларга бир нечта аспектлар мисолида жавоб излаймиз.
1. Италиядаги рекорд
Сизга Кака атиги бир маротаба А серия ғолиби бўлган десак, ишонасизми? Балки ишонмассиз, лекин шундай. У умрида бир марта «Милан» сафида мавсумни биринчи ўринда якунлаган. Бир марта эса, бешинчи поғонада. У Скудеттога бир марта эга чиққани каби, УЕФА кубоги мусобақасида ҳам бир марта ўйнаган, холос. Бу борада Снейдер яхшироқ натижага эга.
Гарчанда Италияда Какадан икки ярим йил камроқ ўйнаган бўлсада, нидерландиялик футболчида Каканикига қараганда кўпроқ совринлар жамғармаси мавжуд. Снейдер «Интер» билан олтита титул ютган бўлса, Кака «Милан» сафида бешта совринни қўлга киритган. Шу сабабдан бу бобни Снейдер эгаллайди.
2. Голлар ва ассистлар
Каканинг майдондаги ҳаракатларига «Бразилиялик даҳолар» деб номланган мақолада ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эдик. Ҳақиқатдан ҳам бразилияликнинг ўйини, аниқлик ҳамда нафислик устига қурилар эди. Кака жамоасига ҳар томонлама ёрдам берган. Шунга яраша, унинг голлар ҳамда ассистлар статистикаси жуда ҳам яхши. У «россонерилар» таркибида ажралиб турар, ўз даврининг энг яхшилари бўлмиш, Роналдиньо ҳамда Лемпард билан бемалол рақобатлаша оларди.
Бу борада Снейдер унчалик ҳам мақтана олмайди. Чунки унинг ўйинига натижа томонлама эмас, визуаллик билан боқиш ўринлироқдир. Снейдер ўнинчи рақамларга хос тарзда голларни қалаштириб ташлай олмаган. Буни унинг «Интер» сафидаги максимал натижасидан билиб олсак ҳам бўлади. Бу кўрсаткич эса тўққизтага тенг. Яъни, Снейдер бир мавсумда кўпи билан тўққизта гол ура олган, холос. Шундай экан, ғолиб – Кака.
3. Жарима зарбаси ижрочилиги
Бу борада бечора Каканинг айби шундан иборат эдики, у ўз даврининг энг зўр футболчиларидан бири бўлишига қарамай, «Милан»да жарима зарбалари устаси билан жамоадош бўлган. У ерда ҳеч бир ўйинчи Андреа Пирлодан ўта олмаган!
Кака рақиб дарвозаси қаршисида энг катта хавфлардан бўлиши мумкиндир, аммо Снейдер жаҳоннинг энг етакчи стандарт вазиятлар мутахассиси эди. Шунинг учун нидерландиялик истеъдодни бу аспектнинг ғолиб деб эълон қилишга мажбурмиз.
4. Совринлар жамғармаси
Аминмизки, қанча замонлар ўтмасин, Кака ҳамда Снейдер футбол даҳолари сифатида эсланади. Чунки улар ўз даврининг ёрқин юлдузлари эди. Уларнинг ҳар иккиси ЕЧЛ бош соврини ҳамда Европанинг ҳар хил давлатлари чемпионлигини қўлга киритган. Бироқ бу ерда фаолиятлар орасидаги кичик тафовут мавжуд: Кака Жаҳон чемпиони номини қўлга киритган, шунингдек, «Олтин тўп» соҳибига айланган. Снейдер эса ушбу совринларга жуда яқин келган-у, лекин насиб қилмаган. У Жаҳон чемпионати финалчисига айланган. Феноменал ўтказган мавсумларида «Олтин тўп»га номзоди қўйилган. Ўшанда кўпчилик уни бу совринни қўлга киритиши керак эди, деб ҳисобларди. Афсуски, омад Снейдер тарафда эмасди...
Ғолиб номи эса аниқ – Кака!
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).