Ўзбекистон кубоги-2022. Бугун чорак финалга қуръа ташланади
21 август санасидан эътиборан мамлакатимиз футболида нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи Ўзбекистон кубоги баҳсларининг плей-офф серияси баҳслари старт олди. Олимпия тизимида давом этувчи иккинчи босқичда ғалаба қозонган жамоалар курашни давом эттиришади. Мағлубиятга учраган жамоалар эса баҳсдан чиқиб кетишади.
Бу йил Кубок баҳслари йўлга қўйилганига 30 йил бўлди. Ўзбекистон XXХ кубоги мусобақасида Суперлига, Про лига ва Биринчи лига жамоалари иштирокини бошлаган эди. Аввалига ўтиш мусобақаси, кейин гуруҳ босқичи ўйинларида нимчорак финалда баҳс юритувчи 16 жамоанинг номи аниқланди. Ҳар бир босқичдан сўнг рақиблар қуръа ташлаш йўли орқали аниқлаб борилаяпти. Чорак финал жуфтликлари учун қуръа ташлаш жараёни нимчоракнинг АГМК – “Металлург” жамоалари учрашуви танаффусида ўтказилиши олдиндан белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон кубогини энг кўп қўлга киритган жамоа “Пахтакор” саналади. “Шерлар” 13 марта кубокни бошлари узра баланд кўтаришган. Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасига кубок 4 марта насиб этган бўлса, Наманганнинг “Навбаҳор” ҳамда Тошкентнинг “Локомотив” жамоалари 3 мартадан кубок соҳиблари бўлишган. Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси 2 марта, “Дўстлик”, “Насаф” ва АГМК жамоалари 1 мартадан кубокка сазовор бўлишган. Мазкур жамоалардан ташқари “Темирйўлчи” (Қўқон), “Янгиер”, МҲСК, “Динамо” (Самарқанд), “Трактор” (Тошкент), “Машъал” ва “Шўртан” жамоалари Ўзбекистон кубогининг финалида ўйнаган.
Манба: https://t.me/metallurguz
Киритилди: 10:24, 24.08.2022. Ўқилди: 2649 марта. Фикрлар: 15 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).