«Челси» сардори Рис Жеймс Англия кубоги финалида «Манчестер Сити»дан учралган мағлубиятдан (0:1) сўнг жамоанинг мавсумдаги иштирокига баҳо берди.
«Мағлубият, албатта, ҳафсалани пир қилади. Агар фақат ҳисобга эмас, балки умумий ўйинга қарайдиган бўлсак, биз тенгма-тенг ҳаракат қилдик. Биринчи бўлимда улар тўпни кўп назорат қилишган бўлса-да, бу бизга у қадар катта муаммо туғдирмади, иккинчи бўлимда эса улар яримта имкониятдан гол уриб кетишга муваффақ бўлишди.
Бизга ҳужумларни якунлашда сўнгги нуқтани қўйиш етишмади. Мен қўлимдан келган барча ишни қилдим. Финалда барча ғалаба қозонишни истайди, хоҳ у маҳаллий соврин бўлсин, хоҳ Англия кубоги. Мен жамоанинг ғалабага бўлган хоҳиши ёки интилишига шубҳа қила олмайман. Ҳаммамиз буни жуда хоҳлаган эдик. Шунчаки омадимиз келмади.
Энди дам олишимиз, куч йиғишимиз, машғулот майдонига қайтиб, «Тоттенхэм»га қарши бўлажак кейинги ўйинимизга тайёргарликни бошлашимиз керак.
Бу мавсумда имкониятларимиздан паст даражада ҳаракат қилдик. Натижалар яхши бўлмагани учун мухлисларимиздан узр сўрамоқчиман. Осон бўлмади. Умид қиламанки, тез орада вазиятни ўнглаймиз», — деди Жеймс.
«Кўклар» айни дамда АПЛ турнир жадвалида 9-ўринни эгаллаб туришибди. Улар 19 май куни Премьер-лиганинг 37-тури доирасида «Тоттенхэм»ни қабул қилишади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).