Мазкур йил бошидан "Навбаҳор" расман ўз фан-клубига эга бўлди. Тўғриси, бундан бениҳоя хурсанд бўлгандик. Чунки мухлислар борасида етакчи саналган жамоада оддийгина фан-клубнинг бўлмаслиги аянчли ҳол эди. Лекин хурсандчилигимиз узоққа бормади. Мана, Косонсойдаги сўнгги икки ўйин ("Нефтчи" ва "Андижон") "Навбаҳор" фан-клубининг қўллаб-қувватлашисиз ўтмоқда. Хуллас, яна фан-клуб тарқаб кетди.
Мавсум бошланишидан аввал ашаддий мухлислар тўпланиб, фан-клуб тузиш ҳаракатида бўлишди. Ҳаракат бўлса, барча ишни амалга ошириш мумкин экан. Қисқа фурсатда фан-клуб ташкил топди. Унга эса Жаҳонгир Шарипов (Шарифий) бош координатор қилиб тайинланди. Тўғрисини айтганда, шу инсонни ҳеч қайси мухлис танимас эди. Ҳеч ким билмаган инсон фан-клубга клуб томонидан боғлаб қўйилди. Ж.Шарифийнинг маълумотига гап бўлиши мумкин эмас. Бошида барча ишларни кўнгилдагидек олиб борди. Мавсум бошланишидан аввал мухлислар билан учрашувлар ташкил этилиб, олдиндаги вазифалар белгилаб олинди. Ҳаммаси зўр кетаётганди. Йиғилишларда Ж.Шарифий қоп-қоп ваъдаларни берди. Лекин берилган ваъдалар амалда ўзини кўрсатмади. Шарифий бир ой ичида барча масалаларни Д.Мамажонов ҳал қилиб беради, деб жуда кўп маротаба айтди. Бироқ...
Чемпионат бошланишидан аввал "Навбаҳор" футболчиларини таништириш маросими бўлиб ўтган эди. Ўша куни фан-клуб аъзоларига 35 минг сўмдан футболка ва кепка сотилди. Истаганлар шу пулга клуб атрибуткаларини харид қилишди. Ўшандаёқ фан-клубнинг узоққа бора олмаслигини сезгандим.
Наҳотки, клуб раҳбарияти мухлисларга етарли шароитларни яратиб бера олмаса? Шу оддийгина футболкани ҳам қиммат нархда сотишдан бирор ким манфаатдорми? Футбол ўзи ким учун ўйналади? Албатта мухлислар учун. Мухлислар иссиқни иссиқ демай, 90 дақиқа давомида тинимсиз жамоани қувватлаб турганда ҳеч бир футболчи чин дилдан раҳмат айтмаса мухлисликнинг нима кераги бор? Керак бўлса футболчилар мухлислар учун таъзим қилишлари керак.
Кечаги учрашувда андижонлик мухлисларнинг қўллаб-қувватлашига ҳавас қилдим! Мана сизга ҳақиқий фан-клуб!
Клуб мухлисларга нима берди ўзи? Ўйлаб қарасам, фақатгина йиллик абонамент холос! Абонаментга ҳеч кимнинг қараб турган жойи йўқ эди. Керак бўлса, сафар ўйинларида 100 минглаб маблағни сарф этиб келаётган мухлислар шу абонаментларга муҳтожмиди? Албатта, йўқ!
Фан-клубнинг тарқаб кетишига сабаб нима бўлган? Мухлисларнинг ичидаги фикрлари раҳбариятга оқизмасдан етказилиши натижасида фан-клуб йўқ бўлиб кетди. ОФК низомларидан бирида ҳар бир жамоа ўз фан-клубига эга бўлиши лозим дейилган. Шундан келиб чиқмоқдаки, "Навбаҳор" фақат расмиятчилик учун фан-клуб ташкил этган бўлиб қолмоқда! Текширув келса ана бизда фан-клуб бор деб мақтанишни билишади.
Ж.Шарифийнинг асл мақсади фан-клубни ривожлантиришмиди ёки клубга жойлашиб олишмиди? Билишимча, Шарифий ҳозирда клуб матбуот-хизматида фаолият олиб бораётган экан. Майли, қандини урсин. Бизга етарли маълумотларни бериб турса бўлди. Фақат сайтимиз учун янгилик айтганидан сўнг, эртасига нега бу хабарни сайтга бердиларинг деб админларга эътироз билдирмаса бўлгани!
Бундан аввал ҳам Наманганда фан-клуб тузилган эди. Аммо у ҳам узоққа бормай тарқалиб кетди. Аслини олганда "Навбаҳор"га ўзи фан-клуб керакми? Фикримча, бизга фан-клубнинг кераги йўқ экан!
Ҳусниддин ПАРПИЕВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).