Жасур Ҳасанов «Бунёдкор»га қайтади
Бир вақтлар Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клуби шарафини ҳимоя қилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Жасур Ҳасанов яна «қалдирғочлар» сафига қайтмоқда.
Ҳасанов «Бунёдкор»дан Қатарнинг «Лехвия» клуби сафига бориб қўшилиб, кейинчалик «Юлдузлар лигаси» чемпионига айланганди. Қатардаги икки йиллик мавсумдан кейин Жасур Ҳасанов БААнинг «Эмирайтес» клуби билан шартнома имзолади. Қайд этиш керак, мазкур клубда Ҳасанов билан бирга тўп сурган Александр Гейнрих аллақачон Қозоғистоннинг «Актобе» клуби сафида ҳаракат қилмоқда.
«Эмирайтес» БАА Этисалат Про-лигасида муваффақиятсиз иштирок этди. «Бунёдкор» эса Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалига қадар етиб келган қитъанинг саккиз жамоасидан биридир. Жасур Ҳасанов мавсум сўнггига қадар «қалдирғочлар»га ёрдам беради. Бу борада футболчи халқаро майдонда ўзини кўрсата олса, келаси мавсумда яна легионер футболчилар қаторига қўшилиши мумкин.
Ўз навбатида Жасур Ҳасанов «Бунёдкор»ни тарк этган Эмил Кенжисариев ўрнига муносиб номзоддир. Бунга қадар «Бунёдкор» «Насаф» ҳужумчиси Илҳом Шомуродовни қўлга киритган, Яннис Мандзукасни ижара асосида бошқа клубга бериб юборганди.
Ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейига катта совға улашиши мумкин бўлган ягона жамоа Миржалол Қосимов бошқарувидаги «Бунёдкор» бўлиб турибди. Ваҳоланки ОЧЛнинг «ўлим гуруҳи»дан жой олган клубнинг япон, корейс клубларини ортда қолдириб чорак финалга етиб боришини кўпчилик кутмаганди.
Манба: www.muloqot.uz
Киритилди: 14:45, 28.07.2012. Ўқилди: 6507 марта. Фикрлар: 4 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).