"Бухоро" - "Нефтчи" ўйинидан сўнг ташкиллаштирилган матбуот анжуманига дастлаб меҳмонлар устози Юрий Саркисян журналистлар саволларига жавоб кайтарди.
— Кўпчилик мухлисларга ўйин жуда қизиқарли ва муросазиз кечгани манзўр бўлган бўлиши мумкин, лекин биз мутахассисларга кўпроқ натижа керак. Кубок ўйинида "Локомотив"га қарши бизнинг уч нафар асосий ўйинчилар майдондан четлатилди. Марказий ҳимоячи Пўлатов, чап қанот ярим ҳимоячиси Акрамов ва марказий ярим ҳимоячи Мансур Саидов. Бундан ташқари мени ҳайрон қолдирган нарса — бу ПФЛ тақвими. Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон бўйича 1 август куни Давлат имтиҳони бўлиб ўтади. 3 августга эса ўйин белгиланган. Менинг 13 нафар футболчим 1 август куни имтиҳонда эди. Улар уч кун жамоа билан эмасдилар. Бу футболчилар 2 августда Тошкентда тиббий кўрикдан ўтиб, бугун эрталаб жамоа сафига қўшилишди. Улар ўйинга тайёр эмас эдилар. Яхшиямки, бизникилар бу даражадаги ҳужумларга дош беришди ва дурангга эришишди.
— Бугун "Нефтчи" очко йўқотдими ёки аксинча бир очкога эришдими?
— Албатта, биз очко йўқотдик. Ғалаба қозона туриб, ўйин сўнгида тўп ўтказиб юбордик. Бир вақтлар бизда Фёдоров ҳимояда ўйнаб юрган пайтлари бизда умуман муаммо бўлмас эди, у барча биринчи тўпларни қайтарарди. Бундан ташқари, мавсумда ўн бешталаб гол ҳам урарди. Ҳозирги футболчилар ҳатто тўп учун кураша олишмаяпти. Мана ҳозирги футболчилар савияси. Шу даражага тушиб кетганлигини куриб турибмиз. Ачинарли ҳолат бу албатта.
— Фикрингизча, бугунги ўйинда энг зўр футболчилар кимлар бўлишди?
— Бизда Санжар Асқаралиев жуда кўп меҳнат қилди, гол ҳам урди. Менимча, айнан у шу номга лойиқ.
— Мана сиз ҳозир футболчилар савияси кескин тушиб кетмокда, Фёдоров сингари футболчилар умуман етишиб чикмаяпти, дедингиз. Нима сабабдан шу ҳолат юзага келмокда?
— Мен сизларга оддий қилиб айтаман, мен 26 йил жамоа билан ишлаш мобайнида биронта ўйинчини сотмаганман, сотиб ҳам олмаганман. Легионер ўйинчилар бизда умуман ўйнашмаган, токи мен жамоада бор эканман бундан кейин хам ўйнашмайди. Мен ёшлар билан шуғулланаман, уларни тарбиялайман, олимпия ва миллий термаси даражасига олиб чиқаман. Ундан кейин мендан уларни "ўғирлайдилар". Шунинг учун бир футболчи жамоадан кетса, менга жуда қийин бўляпти. Хоҳлаган жамоани қаранглар, ҳаммасида менинг шогирдларим бор. Тушунаман, одам қаерда яхши бўлса, ўша ёққа боради. Ҳозир мактабларда мураббийлар жуда кам маош олишяпти, болалар футболига эътибор жуда паст.
— Жамоангиз ютаётган бўлса ҳам, яхши ўйнаётган бўлса ҳам нега кўп сўкинасиз?
— Бизнинг базамизга келсангиз, у ерда катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган: "Тренер без мата, как солдат без автомата". Тушунарлими? (залда кулгу) Мен ҳеч кимни бу билан хафа қилмоқчи эмасман, шунчаки ҳиссиётларга тез бериламан.
— Бугун "Бухоро" ўйинчиси дастлабки бўлимда четлатилди, агар шу четлатиш бўлмаганида ўйин қандай кечарди?
— Мен фол кўра олмайман, лекин ўйин буз учун икки ҳисса оғир кечиши аниқ эди.
— Нега “Нефтчи”ни тарк этган футболчиларнинг кейинги фаолиятида кескин пасайиш юзага келади?
— Билмадим, лекин бунака ҳолатлар жуда ҳам кўп кузатилган. Мелзиддинов бизда ўйнаган пайтлари терма жамоага чақирилар эди. У биздан қочиб, "Бунёдкор"га борди. Ҳозир у ерда уч йидан бери захирада утирибди, терма жамоага ҳам чакирилмаяпти. Холматов ажойиб футболчи эди. Бизда ўн бир йил ўйнаб биронта жароҳат олмаганди. "Пахтакор"га ўтди ва бешта ўйинда майдонга тушиб оёғини синдирди. Ундан кейин менинг олдимга келиб йиғлаб жамоага қайтиб олишимни сўради, мен рухсат бердим. Бир ҳафта шуғуллангандан кейин қарасам у йўқ, кейин эшитсам "Локомотив"га кетибди. Келажакда уни ҳам кўрамиз нима иш вилиб юраркан. "Нефтчи"дан кетганларга орқага қайтиш йўқ!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).