Ўзбекистон Суперлигасининг 3-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Навбаҳор" учрашувидаги баҳсли вазиятлар Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан кўриб чиқилди.
Унга кўра, учрашувнинг 19-дақиқасида мезбонлар жарима майдони ичида меҳмонларнинг 21-рақамли футболчиси тўп учун курашда майдонга йиқилади. Бироқ ушбу вазиятда ўйин қоидаси бузилмаган эди. Ҳакам ушбу вазиятда ўйинни давом эттириши керак эди.
Шунингдек, учрашувнинг 71-дақиқасида мезбонларнинг 88-рақамли футболчиси меҳмон жамоа мухлисларига қарата тош улоқтиради. Футболчининг ушбу ҳаракатлари қизил карточкага лойиқ эди. Ҳакам бу вазиятда "Пахтакор" футболчисини спортга хос бўлмаган ҳаракатлари учун майдондан четлаштириши керак эди.
Бундан ташқари, учрашувнинг 90+3-дақиқасида мезбонлар жарима майдончаси ичида "Пахтакор"нинг 88-рақамли ва "Навбаҳор"нинг 22-рақамли футболчилари тўп учун курашган вақтда тўп мезбонлар ҳимоячисининг қўлига тегади. Ушбу ҳолатда иккала футболчи ҳам тўп учун курашаётган бўлган ва бу каби ҳолатларда тўпнинг қўлга тегиши қоида бузилиши сифатида қайд этилмайди. Ҳакам ушбу вазиятда ўйинни давом эттириши керак эди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан учрашув ҳакамлари ҳаракатлари юзасидан чора кўрилиши учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ҳакамлар қўмитасига тақдимнома киритилганини маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, ушбу беллашувни Вадим Агишев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб борганди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).