13 йил аввал “Интер” требл қайд этишди: улар Италия чемпионати, мамлакат кубоги ва Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишди. Жозе Моуриньо бошчилигидаги жамоанинг Европада тенги йўқ эди. Биз ўша давр қаҳрамонларини эслаймиз ва чемпионлик жамоаси миланликларга қанчага тушгани ҳақида гаплашамиз.
Жулио Сезар, 2,45 миллион евро
“Интер” скаутлари дарвозабонни ватанидан топган. 2005 йилда Сезар италян клубига ўтди ва бу трансфер учун "Фламенго" 2,45 миллион евро олди. Бразилиялик дарҳол "Кьево"га ижарага юборилди ва у ерда мавсумнинг иккинчи ярмини ўтказди. Муваффақиятсиз ижарадан сўнг Сезар "Интер"га қайтди ва шундан сўнг жамоа учун 300 та ўйин ўтказди. 2009/2010 йилги мавсумда у мунтазам равишда Чемпионлар лигасида ўйнади (барча 13та ўйинда қатнашди) ва 9та гол ўтказиб юборди.
Сезар 2012 йилда “Интер”ни тарк этган ва фаолиятини якунлашдан олдин яна бир қанча клубларини ўзгартирган. Спорт карьераси якунида ФИФА элчисига айланди.
Хавьер Занетти, 6,5 миллион евро
Қанот ҳимоячиси Милан клуби афсонасига айланди. “Интер” уни 1995 йилда сотиб олди ва “Банфилд”га 6,5 миллион евро тўлади. Хавер Италияда мустаҳкам ўрнашиб олди у 2014-йилда нафақага чиққунга қадар “Интер”да ўйнади ва Милан клуби либосида 858та ўйин ўтказди. 2009/2010 йилги мавсумда ҳам Занетти ажралмас футболчи эди.
Аргентиналик футболчи Чемпионлар лигасида 13 та ўйиннинг барчасини ўтказган ва ҳар сафар майдонга сардорлик боғичини тақиб чиққан.
Трактор лақабли футболчи 41 ёшида нафақага чиқди. Шундан сўнг Занеттига "Интер"да раҳбарлик лавозими берилди. 2014 йилнинг ёзида Хавер вице-президент бўлди ва ўшандан бери бу лавозимда.
Лусио, 7 миллион евро
Лусионинг "Интер"да қолиши Занетти ёки Сезарникидек узоқ эмас эди. 2009 йилнинг ёзида Италия клуби 31 ёшли ҳимоячи учун "Бавария"га 7 миллион евро тўлаган эди. Бразилиялик футболчи дарҳол таркибдан жой олди.
Марказий ҳимоячи 2012 йилгача “Интер” сафида ўйнаган. Лусио фаолиятини 42 ёшида якунлаган. Бразилиялик футболчи фаолиятини якунлагач, муносиб дам олди ва ўзини оиласига бағишлади.
Вальтер Самуэль, 16 миллион евро
Миланга ўтишдан олдин ҳимоячи "Рома" ва "Реал"да ўйнаган. "Интер" футболчини Мадрид клубидан ўзига тортди ва унинг учун 16 миллион евро тўлади. Вальтер 2014 йилгача "қора-кўклар" клубида қолди. У барча турнирларда 236та ўйин ўтказди. 2009/2010 йилги мавсумда у Чемпионлар лигасининг ҳар бир ўйинида майдонга тушди.
"Интер"ни тарк этгач, Самуэль Швейцария чемпионатига йўл олди ва у ерда "Базел" формасида ўйнади. Фаолиятининг охирида у мураббийлик фаолиятини бошлади. 2018 йилнинг ёзида у Аргентина терма жамоаси мураббийлар штабига қўшилди, тўрт йилдан кейин эса жаҳон чемпиони бўлди.
Майкон, 6,8 миллион евро
2004 йилда Майкон ватани Бразилияни тарк этиб, “Монако”га кўчиб ўтди. Орадан бир неча йил ўтиб "Интер" қанот ҳимоячиси учун 7 миллион евродан сал камроқ тўлади. Милан клубида Майкон дунёнинг энг кучли ўнг қанот ҳимоячисига айланди. Бразилиялик футболчи 2009/2010 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси ўйинларида мунтазам равишда майдонга тушди ва "Барселона"га қарши ўйинда (3:1) ғалаба голини киритди.
Ҳимоячи 2012 йилда "Интер"ни тарк этган, шундан сўнг "Манчестер Сити", "Рома", Бразилия клубларида тўп тепган. У фаолиятининг сўнгги йилларини жуда камтарона клубларда ўтказди.
Кристиан Киву, 16 миллион евро
"Интер" - руминиялик ҳимоячи фаолиятидаги сўнгги клуб. “Рома”га футболчи трансфери учун 16 миллион евро тўланган. Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган мавсумда Киву тўққизта ўйин ўтказган. У бош суягидан олган жароҳати сабаб 1/8 финалнинг иккала ўйинини (2:1, 1:0) ўтказиб юборишга мажбур бўлган. Операциядан кейин руминиялик махсус ҳимоя дубулғасида ўйнашга мажбур бўлди.
Киву ўз фаолиятини 2014 йилда якунлаган, кейин эса "Интер" таркибига қайтган. У 17 ёшгача ва 18 ёшгача тоифадаги футболчиларга устозлик қилган. 2021 йилнинг ёзида у ёшлар жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинланган.
Эстебан Камбиассо, эркин агент
"Интер" пул тўламаган рўйхатдаги биринчи футболчи. 2004 йилда Камбиассо эркин агент сифатида Милан клубига ўтди (бундан олдин у "Реал"да ўйнаган). 2009/2010 йилги мавсумда Чемпионлар лигасининг очилиш ўйинини "Барса" билан (0:0) захирада ўтказган ва шундан сўнг мунтазам равишда майдонга тушган. Плей-оффда “Интер”ни аргентиналиксиз тасаввур этиб бўлмасди. "Челси" билан 1/8 финалнинг биринчи ўйинида (2:1) ғалаба голини киритди.
Эстебан трансфердан 10 йил ўтиб "Интер"ни тарк этди. У ўз фаолиятини "Лестер" ва "Олимпиакос"да синаб кўрди. Ҳозирда Эстебан вақти-вақти билан Sky Sport Italia компаниясида эксперт сифатида ишлайди.
Уэсли Снейдер, 15 миллион евро
Снейдернинг сотиб олиниши "Интер" учун зафарли мавсум бошланиши олдидан муҳим воқеалардан биридир. Нидерландиялик футболчи "Реал"дан четлатилди ва 2010 йил футболчи учун фаолиятидаги энг омадлиси бўлди. Ахир, ўшанда Уесли нафақат "Интер" билан мумкин бўлган ҳамма нарсани ютибгина қолмай, балки 2010 йилги жаҳон чемпионати финалига ҳам чиқди. Чемпионлар лигасида Снейдер 11 ўйин ўтказди ва яхши статистикага эришди (тўртта гол, олтита голли узатма).
Снейдер 2014-йилда “Интер”ни тарк этган, шундан сўнг “Галатасарой”, “Нитса”да ўйнаган ва Қатарга йўл олган. Уесли 2019 йилда футболчилик фаолияти билан хайрлашганди. 2020 йилдан бошлаб “Утрехт”нинг ҳаваскорлар клубида стратегик маслаҳатчи лавозимини эгаллади.
Самуэль Этo'О, 20 млн евро
Ҳужумчи Златан Ибраҳимовични "Барселона"га олиб келиш бўйича келишувнинг бир қисми эди. Этo'О Чемпионлар лигасида барча 13та ўйинда майдонга тушди ва иккита гол урди.
Этo'О "Интер"да атиги икки йил қолди, шундан сўнг "Анжи"га йўл олди. Фаолиятининг охиригача “Челси”, “Эвертон”, “Сампдория” клубларида ҳам ўйнаган ва Туркияга сафар қилган. 2021 йил охирида Самуэль масъулиятли лавозимни эгаллади. У Камерун футбол федерацияси президенти этиб сайланди.
Диего Милито, 28 миллион евро
"Женоа" таркибида Диего ўзини кўрсатди, "Интер" скаутлари эса унинг ўйинига эътибор қаратишди. “Қора ва кўклар” 28 миллион евро тўлашди ва бу сармоя ўзини тўлиқ оқлади. Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида аргентиналик фақатгина Киевнинг “Динамо”сини ранжитди, аммо плей-оффда у анча сермаҳсул ўйнади. Диего "Челси", ЦСКА ва "Барселона"га гол урди ва финалда "Бавария"га дарвозасига икки гол урди. Бундан ташқари, ўша мавсумда Милито А Серияда 22 та ва Италия Кубогида иккита гол урди.
2014 йилда Диего “Интер”ни тарк этиб, ватанига қайтди ва у ерда “Расинг”да ўйнади. Орадан бир неча йил ўтиб аргентиналик ҳужумчи фаолиятини якунлади. Шундан сўнг у менежер сифатида қайта тайёрланди ва бир ярим йил “Расинг” спорт директори лавозимида ишлади.
Горан Пандев, эркин агент
Македониялик футболчи 2010 йилнинг дастлабки кунларида “Интер”га ўтган ва бир неча ой ўтиб бирданига учта совринни боши узра кўтарган эди. Пандевни "Интер" текинга олди, чунки у "Лацио"ни эркин агент сифатида тарк этди. Горан Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида олтита ўйин ўтказди, аммо гол ура олмади.
Чемпионлар лигасида ғалаба қозонганидан бир йил ўтиб Пандев “Интер”ни “Наполи”га алмаштирди. Аввалига Неаполда ижара асосида ўйнаган, кейин эса жанубликлар уни сотиб олишган. Нафақага чиқишидан бир йил аввал Пандев Шимолий Македония терма жамоаси билан Евро-2020да иштирок этганди.
Хулоса: “Интер” асосий таркиб учун 117,75 миллион евро сарфлаган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).